Таҳлил натижаларига кўра, 2023 йилда Наманган вилоятининг ташқи савдо айланмаси ҳажми $1 380 млн.ни ташкил этган. Хусусан, экспорт хажми $558 млн. (товарлар - $539 млн. , хизматлар - $19 млн.) ва импорт хажми $822 млн. (товарлар - $791 млн. , хизматлар - $31 млн.) ни ташкил қилган. Вилоятнинг умумий ташқи савдо айланмаси (ТСА) ҳажми 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 7,8% (хусусан, экспорт – -4,4% (камайган), импорт – +18,2% (кўпайган))га ўсган. Ташқи савдо балансида $263 млн. манфий салдо қайд этилган.
2023 йилда Наманган вилояти дунёнинг 81 та мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга оширган. 2023 йил январь-декабрь ойларида МДҲ давлатлари билан товар ва хизматлар айланмаси ҳажми $690 млн.ни (50%) ва дунёнинг бошқа давлатлари билан $600 млн.ни (50%) ташкил қилган.
Мамлакатлар кесимида қаралганда, вилоят экспортида юқори улуш Россия ($341 млн.), Хитой ($47 млн.), Қирғизистон ($36 млн.), Қозоғистон ($34 млн.) ва Туркия ($16 млн.) давлатлари ҳиссасига тўғри келган бўлса, юқори импорт улуши Хитой ($269 млн.), Россия ($112 млн.), Қозоғистон ($65 млн.) ва Туркия ($63 млн.) давлатлари ҳиссасига тўғри келган.
Вилоят ҳудудлари кесимида экспорт ҳажми бўйича Наманган шаҳри ($197 млн.), Тўрақўрғон ($127 млн.) ва Косонсой ($69 млн.) вилоятда юқори натижаларни кўрсатган. Маҳсулот импортида Наманган шаҳри ($417 млн.), Тўрақўрғон ($62 млн.) ва Норин ($59 млн.) туманлари юқори импорт кўрсаткичларини қайд этган.
Экспортга йўналтирилган махсулотларнинг асосий таркибини (қимматбахо металлардан ташқари) саноат махсулотлари (49,6%), турли ҳил тайёр махсулотлар (24,4%), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (15,5%) ташкил этган. Шунингдек, 2023 йилда вилоятда қиймати $309 млн.ни ташкил этувчи 351 турдаги тўқимачилик махсулотлари дунёнинг 42 та давлатига экспорт қилинган (умумий экспортнинг 55,3%).
Машиналар ва транспорт асбоб ускуналари (30,6%), саноат товарлари (23,9%), озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлар (18,6%) импортнинг асосий қисмини ташкил қилган. Жумладан, импорт таркибида машиналар ва транспорт асбоб ускуналар ҳажми $251млн.ни ташкил этиб, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 12,6 га кўпайган.
Баҳодир Холмирзаев
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш