Нақд пул муомаласини қисқартириш чоралари белгиланмоқда

Нақд пул муомаласини қисқартириш чоралари белгиланмоқда

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Қўчқоров, Марказий банк Раиси М.Нурмуратов ҳамда Молия вазири Т.Ишметов томонидан бугун, 13 апрель куни имзоланган қўшма хатда тегишли идора ва ташкилотлар ва тижорат банклари бажариши лозим бўлган қатор вазифалар белгиланган, деб хабар бермоқда Bankers.uz канали.

Тижорат банклари:

  • мижозларга масофадан туриб банк хизматлари кўрсатишни кенгайтириш;
  • барча турдаги корхона ва ташкилотлар, шу жумладан бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик иш ҳақларини тўлиқ банк карталари орқали тўланишини ташкил этиш;
  • банкоматларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда уларни, жумладан деҳқон бозорлари ҳудудларидаги банкоматларни доимий равишда накд пуллар билан тўлдириб бориш чораларни кўриш.

Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари:

  • ишчи-ходимларига банк карталари очилган Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия тизимидаги ташкилотларнинг иш ҳақи тўловларини тўлиқ банк карталари орқали тўлаш чораларини кўриш.

Халқ банки ва Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси:

  • пенсия тўловларини устувор равишда банк карталари орқали тўлаш, буни энг аввало жорий йил май ойидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида тўлиқ жорий этиш;
  • кейинги ойлардан бошлаб барча ҳудудларда пенсия тўловларини устувор равишда банк карталари орқали тўланишини таъминлаш;
  • Халқ банки томонидан Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимларидан тегишли маълумотларни олган ҳолда, пенсионерларга банк карталарини очиш;
  • банк ходимлари томонидан навбатдаги пенсия тўловларини тарқатиш жараёнида пенсионерларга банк карталарини барча санитар талабларга риоя қилган ҳолда, уларнинг яшаш манзиллари бўйича етказиб бериш;
  • карта эгасининг хоҳишига кўра, картадаги маблағларни нақдлаштириб бериш;
  • босқичма-босқич барча маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари олдида банкноматларни жойлаштириш ишларини ташкил этиш;

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бюджетдан маблағ олувчи бошқа барча вазирликлар (шу жумладан, улар тизимидаги корхона ва ташкилотлар) ҳамда Молия вазирлиги Ғазначилиги:

  • барча бюджет тизими корхона ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи тўловларини тўлиқ банк карталарига ўтказиш орқали тўлашни ташкил этиш;
  • банк картаси очилмаган ходимларга 10 кун муддат ичида тўлиқ банк карталарини очиб берилишини таъминлаш, бунда, янги очилган банк карталари банклар томонидан тегишли корхона ва ташкилотларга барча санитар талабларга риоя килган ҳолда етказиб берилишини таъминлаш;

Давлат Солиқ қўмитаси ва унинг жойлардаги бўлинмаларига:

  • савдо нуқталарини барча турдаги (“Узкард” ва “Ҳумо”) тўлов терминаллари билан таъминланганлигини ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини қаттиқ назоратга олиш вазифаси юклатилади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар