Ўзбекистон ва Покистон: минтақалараро мулоқотнинг акселераторлари

Ўзбекистон ва Покистон: минтақалараро мулоқотнинг акселераторлари

Замонавий халқаро муносабатлар тизимида “минтақа–минтақа” форматидаги ҳамкорлик тобора оммалашиб бормоқда. Хавфсизлик, барқарор иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий барқарорлик соҳаларидаги долзарб муаммолар нафақат давлатлар ва алоҳида минтақаларнинг фаол иштирокини, балки минтақалараро ўзаро ҳамкорликнинг ривожланишини ҳам талаб этмоқда. Бу каби формат халқаро майдонда янги тенденсияларни шакллантиришга ҳамда кўп босқичли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бундай ҳамкорликнинг ёрқин мисолларидан бири – Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги мулоқот бўлиб, у Евроосиё маконида тобора муҳим тенденсияга айланмоқда. 2021 йил июл ойида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Муаммолар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференсия мазкур жараённинг бошланғич нуқтасига айланиб, минтақалараро ҳамкорликка янги туртки берган эди. Жорий йил май ойига режалаштирилган Термиз мулоқоти эса бу жараёндаги янги босқич бўлиши кутилмоқда. Ушбу мулоқот доирасида Ўзбекистон ва Покистон алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, икки минтақа ўртасида яқинлашув ва ҳамкорликни йўлга қўйишда асосий акторлар сифатида намоён бўлиши кутилмоқда.

Нега айнан Ўзбекистон ва Покистон?

“Марказий – Жанубий Осиё” форматидаги минтақалараро ҳамкорлик дунёдаги кўплаб етакчи давлатлар томонидан катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Дастлаб ушбу ташаббус АҚШ томонидан минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш воситаси сифатида илгари сурилган эди. Бироқ 2021 йилда Америка қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, Вашингтоннинг мазкур форматни илгари суришдаги фаоллиги сезиларли даражада пасайди.

Бугунги кунда Хитой ва Россия мазкур ташаббусга нисбатан катта қизиқиш билдирмоқда. Уларнинг нуқтаи назаридан, ушбу формат Евроосиёда ўз таъсирини кенгайтириш учун самарали восита бўлиши мумкин. Шунга қарамай, уларнинг иштироки асосан сиёсий ва декларатив даражада бўлиб, аниқ молиявий мажбуриятлар ҳамда амалий лойиҳалар билан тўлдирилмаган.

Ҳиндистон ва Эрон эса ҳамкорлик ғоясини қўллаб-қувватлашса-да, ўз эътиборини денгиз йўлларига, хусусан, Чобаҳор ва Мумбай портларига қаратишмоқда. Улар бу йўналишларни Афғонистон орқали ўтадиган қуруқлик коридорларига нисбатан истиқболлироқ деб ҳисоблашади.

Шундай қилиб, “Марказий – Жанубий Осиё” форматидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишда энг катта қизиқиш ва фаолликни айнан Ўзбекистон ва Покистон намоён этмоқда. Ушбу давлатлар мазкур форматнинг асосий манфаатдор иштирокчиларига айланиб, иқтисодий ва транспорт лойиҳаларини аниқ инвестициялар ва институционал ташаббуслар билан ривожлантирмоқда. Келгусида айнан уларнинг фаол иштироки, сиёсий иродаси ва молиявий тайёрлиги минтақалараро ҳамкорликнинг суръати ва самарадорлигини белгилаб беради.

Геоиқтисодий манфаатлар устуворлиги

Ҳозирги босқичда Ўзбекистон ва Покистон ўз ташқи сиёсат стратегиясидаги эътиборни геосиёсий устуворликлардан геоиқтисодий манфаатлар сари бурмоқда. Ўзбекистон прагматик ва кўп векторли ташқи сиёсатни амалга оширмоқда ҳамда Евроосиё қитъасини қамраб олган йирик инфратузилмавий ва логистика лойиҳаларида фаол иштирок этишга интилмоқда. Мамлакат иштирок этаётган асосий ташаббуслар қаторида “Ўрта коридор”, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси, “Шимол – Жануб” халқаро транспорт коридори ҳамда Трансафғон йўлагини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Бу контекстда Жанубий Осиё минтақасига алоҳида аҳамият қаратилиб, Тошкент ушбу ҳудудни, жумладан Афғонистон ва Покистонни, истиқболли бозор сифатида кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, Афғонистон ва Покистон ҳудуди орқали денгиз портларига чиқиш имконияти Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга, чунки мамлакат қуруқликда жойлашган (ландлоcкед) давлат ҳисобланади. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш нафақат республика иқтисодиётини глобал қиймат занжирларига интеграция қилишга, балки уни Марказий Осиё ва Россия Федерацияси учун муҳим транзит марказига айлантиришга хизмат қилади.

Покистон ҳам ўз ташқи иқтисодий сиёсатини геоиқтисодий манфаатлар асосида шакллантирмоқда. Унинг асосий йўналишларидан бири – Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусида, хусусан, Хитой–Покистон иқтисодий коридори (CПЕC) доирасидаги иштирокидир. Шунингдек, Исломобод Россия Федерацияси билан ҳамкорликни, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида, чуқурлаштиришга интилмоқда. Россия бугунги кунда Покистонга асосий буғдой етказиб берувчилардан бирига айланган. Покистон Марказий Осиёни янги бозор ва Евроосиёнинг шимолига олиб борадиган транзит йўли сифатида кўрмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Покистон ташқи иқтисодий ёндашувларда ўзаро ўхшашлик намоён этмоқда. Иккала давлат ҳам ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, инфратузилма ва бозорларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Улар ўз иштирокини Евроосиё интеграциявий ва транзит лойиҳаларида кенгайтиришга қаратилган кўп векторли сиёсат юритмоқда ва бу ҳолат “Марказий – Жанубий Осиё” форматидаги ҳамкорликда уларнинг ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Афғонистон омили

Афғонистон масаласи Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бирини ташкил этади. Иккала давлат ҳам Афғонистоннинг қўшниси ва иқтисодий ҳамкори сифатида унинг ижтимоий-иқтисодий соҳасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда, гуманитар ёрдам кўрсатмоқда. Халқаро яккалланиш ва санкциялар босими шароитида қолган Афғонистон қўшни давлатлардан доимий ва тизимли қўллаб-қувватлашга муҳтож.

Талибон ҳаракати сўнгги уч йилдан буён ҳокимиятда бўлишига қарамай, ҳозиргача халқаро тан олишга эришмаган. Шунингдек, мамлакатнинг ташқи активлари ҳамон музлатилган ҳолатда қолмоқда. Шунга қарамасдан, мамлакатда тикланиш ва модернизация жараёнлари бошланган: гиёҳванд моддалар ва коррупсияга қарши кураш олиб борилмоқда, солиқ тизими жорий этилмоқда, малакали мутахассислар бошқарувга қайтарилмоқда ва таълим соҳасига эътибор қаратилмоқда.

Ушбу жараёнда Ўзбекистон ва Покистон Афғонистонда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватловчи фаол иштирокчилар сифатида намоён бўлмоқда. Бу борадаги энг муҳим инфратузилмавий ташаббуслардан бири – Трансафғон транспорт коридорини барпо этишдир. 2023 йилдан бошлаб Тошкентда мазкур йўналишни амалга оширишни мувофиқлаштирадиган лойиҳа офиси фаолият юритмоқда. Ушбу йўлак Ўзбекистон учун Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқиш имкониятини очади, Покистон эса Марказий Осиё бозорига йўл олади. Афғонистон эса ушбу лойиҳада муҳим транзит боғловчи бўғин сифатида иштирок этади.

Таълим ва инсон капитали ривожини таъминлаш ҳам устувор вазифалардан бири бўлиши лозим. Бу йўналишда аллақачон амалий қадамлар ташланмоқда: жумладан, Ўзбекистон Мозори-Шариф шаҳрида 1000 ўқувчига мўлжалланган мадраса қурмоқда. Бундай ташаббусларни янада кенгайтириш, жумладан, афғон талабалари учун стипендиялар ва таълим дастурларини жорий этиш зарур. Бу Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга ва минтақадаги халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Чақириқлар

Минтақа давлатлари ўртасида тарихий алоқаларни тиклаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга тўсқинлик қилувчи қатор муаммолар ҳануз сақланиб қолмоқда.

Биринчидан, халқ дипломатияси воситалари етарли даражада ривожланмаган. Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар асосан давлатлараро даражада чекланган бўлиб, қўшма таълим ва маданият соҳаларидаги ташаббуслар амалда йўқ. Хусусан, бу мамлакатлардан ҳеч бири қўшма университетларга эга эмас, бу эса академик ва ёшлар алмашинувини чеклаб қўяди. Шу туфайли, ёшлар ва талабалар учун қўшни давлатлар маданияти, тили ва жамиятдаги жараёнларни ўрганиш имкониятлари тор бўлиб қолмоқда. Шунингдек, ўзаро тушунишни илгари суришга қаратилган ахборот марказлари ташкил этилмагани журналистлар ва экспертлар ҳамжамияти ўртасидаги ҳамкорлик даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Иккинчидан, мамлакатлар ўртасидаги транспорт боғланишлар ҳануз етарли эмас. Авиақатновлар фақатгина чекланган рейслар билан ифодаланади, жумладан, Тошкент – Кобул ва Тошкент – Лаҳор йўналишлари. Минтақавий логистикани яхшилашга қаратилган Трансафғон транспорт коридори ҳозирча қурилиш босқичида. Ҳозирги кунда мамлакатлар ўртасидаги юк ташиш асосан автомобил йўллари орқали амалга оширилади, бу эса савдо ҳажми ва аҳоли ҳаракатчанлигини чеклайди.
Учинчидан, трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш билан боғлиқ масалалар ҳал этилмаган ҳолда қолмоқда. Покистон ва Афғонистон ўртасида Кунар дарёсининг сувларидан фойдаланиш бўйича қарама-қаршиликлар мавжуд. Афғонистон мазкур дарёда ГЕС қурмоқда. Афғонистоннинг қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларини ривожлантиришга интилишини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ўзбекистон ва Покистон халқаро экологик ва сув стандартларига риоя қилиш муҳимлигини алоҳида таъкидламоқда.

Тўртинчидан, радикализм ва экстремизм муаммоси ҳануз жиддий хавф сифатида сақланиб қолмоқда. Афғонистон ҳудудида ИШИД-Хуросон ва Техрик-е-Талибон Покистон (ТТП) каби экстремистик гуруҳларнинг мавжудлиги бутун минтақа хавфсизлиги учун таҳдид солмоқда ҳамда терроризмга қарши чораларни мувофиқлаштиришни талаб этмоқда. Бу борада Термиз мулоқоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) каби платформалар минтақавий хавфсизликни таъминлашда комплекс ёндашувни шакллантириш учун муҳим майдонча бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Хулоса ва тавсиялар

Халқаро жараёнлар ўзаро боғлиқлик ва динамикаси ошиб бораётган бугунги шароитда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу формат “минтақа – минтақа” тамойили асосидаги ҳамкорлик модели сифатида барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва ўзаро манфаатли интеграцияга хизмат қилувчи механизмга айланиши мумкин. Бироқ, ушбу имкониятларни тўлиқ рўёбга чиқариш учун минтақалараро алоқаларни институционаллаштириш зарур.

1. Бу йўналишда истиқболли майдончалардан бири сифатида Термиз мулоқотини кўрсатиш мумкин. У нафақат сиёсий, балки экспертлар даражасида ҳам муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун кўп босқичли платформа вазифасини бажариши мумкин. Форматга давлат органларидан ташқари, академик доиралар ва бизнес вакилларини жалб этиш мақсадга мувофиқ бўлиб, амалиётга йўналтирилган ечимларни ишлаб чиқишга ёрдам беради. Минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш мақсадида Термиз мулоқотига ўхшаш тарзда Пешовар ва Кобул мулоқотларини йўлга қўйиш таклифи долзарбдир. Бундай ташаббуслар мулоқотни марказлашмаган ҳолда ташкил этишга ва турли акторларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Шу орқали транспорт, энергетика, таълим ва хавфсизлик соҳаларида лойиҳаларни мувофиқлаштирадиган барқарор минтақалараро институтлар юзага келади.

2. Халқ дипломатияси, гуманитар алоқалар ва таълим алмашинувини ривожлантириш учун хорижий стипендия дастурларини кенгайтириш тавсия этилади. Айниқса, педагогика, муҳандислик, тиббиёт ва илмий тадқиқотлар каби устувор соҳаларда. Бу халқлар ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кадр салоҳиятини шакллантиради.

3. Яна бир муҳим ташаббус – Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиё Қўшма университетини ташкил этишдир. Университет ушбу икки минтақадан келган талабалар, ўқитувчилар ва тадқиқотчилар учун академик хабга айланади. У нафақат таълимий ҳамкорлик маркази, балки трансчегаравий илмий тадқиқотлар, инновацион лойиҳалар инкубатори сифатида барқарор ривожланишга ҳисса қўшиши мумкин.

4. Бундан ташқари, Лаҳор шаҳрида Жанубий ва Марказий Осиё халқлари музейини ташкил этиш маданий яқинлашув, тарихий меросни сақлаш ва минтақавий бирлик ғоясини тарғиб этишга хизмат қилади. Музей кўргазма, анжуман ва маданий дастурлар ўтказиш учун майдонча бўлиб, жамиятлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва қизиқишни ривожлантиради.

Хулоса қилиб айтганда, институционал механизмларни шакллантириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни барқарор минтақалараро шериклик моделига айлантиришнинг асосий шартларидир.

Исломхон Гафаров,
Катта илмий ходим, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори,
Афғонистон ва Жанубий Осиёни ўрганиш маркази,
Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар