Дарон Ажемоглу, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсон иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Мукофот ижтимоий институтларининг шаклланиши ва уларнинг турли мамлакатлар фаровонлигига ўтказган таъсири бўйича олиб борган тадқиқотлари учун берилди.
Асосий номинациялардан фарқли равишда ушбу мукофотни Альфред Нобель хотирасига атаб Швеция миллий банки таъсис этган.
Эндиликда Нобель-2024 ҳафтасини ёпиқ деб эълон қилиш мумкин. Лауреатларни тақдирлаш маросими 10 декабрь куни — Альфред Нобельнинг вафот этган санасида ўтказилади.
Мукофотнинг пул эквиваленти — 11 миллион швед крони, жорий курс бўйича 1 миллион АҚШ долларидан сал кўпроқни ташкил қилади. Пул мукофотидан ташқари, Швеция қироли совриндорларга медал ва дипломларни топширади.
Ушбу олимларнинг асосий ғояси – иқтисодий ривожланиш, бойроқ бўлиш сиёсий институтларга боғлиқ. Улар ривожланишнинг бошқа факторлари – география, маданият, жамиятдаги нормаларнинг аҳамияти ва ролини иккиламчи ўринда кўрган ҳолда иқтисодий ривожланиш асосан мамлакатда шаклланган институтлар билан боғлиқлигини исботлашга уринган.
Улар фандаги яна бир муҳим "иқтисодий ўсишга ҳамоҳанг институтлар қаердан ёки қандай шаклланади" деган савол устида ҳам бош қотиради.
Ушбу савол устида улар иқтисодий ривожланиш фанида янги эмпирик ва назарий услублар яратишади. Мисол учун, улар колониял ўтмишни узоқ муддатли ўсишга, фаровонлликка қандай таъсир кўрсатишини баҳолашган.
Асосий илмий ишларида ушбу олимлар иддао қиладики, колониялар бўйича амалга оширилган стратегиялар шаклланган институтлар сифатига ва бу ўз навбатида иқтисодий кўрсаткичларга сурункали таъсир кўрсатиб келган ва келади.
Машҳур илмий ишларидан бирида (“settler mortality”) хулоса қилишадики, Европаликлар босиб олган ҳудудларининг қай бирида ўлим коэффициенти (маълум бир табиий шарт-шароитлар туфайли) юқори бўлса, шу ерда экстрактив (ёмонроқ) институтларни яратишган. Ва аксинча, ўлим даражаси паст ҳудудларда “Европача” институтларни раво кўришган.
Яна бир илмий ишларида (“reversal of fortune”) кўрсатишадики,босиб олинган пайтда бой бўлган ҳудудлар бугунги кунда нисбатан камбағалроқ. Нима учун? Сабаби босқинчилар бошидан аввал ресурсларни тортиб олиш учун ёмонроқ институтларни яратишади.
Назарий жиҳатдан ҳам иқтисод фанида янгилик қилишган. Иқтисодиёт фани моделларга асосланади ва яхши олимларни формал моделларсиз тасаввур қилиш қийин. Улар фанда биринчилардан бўлиб нима учун иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи институтлар шаклланиши ёки шаклланмаслигини моделлаштирган.
Назарияларидаги асосий гипотеза шундайки, самарасиз институтлар элита ва халқ ўртасидаги “ваъдалашув муаммоси” (commitment problems) туфайли сақланиб қолади. Оддийроқ айтганда элита жамият ва фуқаролар учун манфаатли сиёсатни амалга оширишни ваъда беради, амалда бу содир бўлмайди. Ўзгаришларга жамият ишончи йўқолади. Бир-бирига нисбатан мазкур ишончсизлик жамиятда самарасиз институтларни йўқотиб, ўрнига яхшироқ институтларни яратишга ҳалақит қилади.
Нобел ҳудди Банержи, Дуфло кейси каби улар ҳамма нарсада ҳақлиги учун берилмаган. Бу мукофотни кўпроқ академияда биринчилардан бўлиб юқоридагидек муҳим саволлар қўйиш ва шу саволга жаво бериш учун қандай инструментлар яратилганлиги учун деб тушуниш тўғрироқ бўлади.
Улар илмий ишлари орқали макро саволларга “квази экспериментлар” орқали жавоб қидириш, институтларнинг иқтисодий ривожланишдаги аҳамиятини диққат марказга чиқариш ва институтлар ўзгаришини моделлаштиришга катта ҳисса қўшган.
Мазкур ишлар, гарчи уларнинг эмпирик хулосалари бўйича баҳслар давом этаётган бўлсада, Нобелга лойиқ деб кўрилган.
Маълумот учун, Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон “Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари” китоби муаллифи ҳисобланади.
- 2023 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти америкалик Клаудия Голдинга “меҳнат бозорида аёлларнинг роли ҳақида олиб борган тадқиқотлари учун” берилганди.
- 2022 йилда эса Бен Бернанке, Дуглас Диамонд ва Филипп Дюбвиг “молиявий инқирозлар ва банк иши бўйича тадқиқотлари учун” тақдирланган.
2024 йилги Нобель совриндорлари
11 октябрь куни тинчлик бўйича Нобель “ядровий қуролдан холи дунёга эришишдаги саъй-ҳаракатлари” учун Япониянинг атом бомбасидан омон қолганларни бирлаштирган Ниҳон Ҳиданкё ташкилотига берилди.
10 октябрь куни адабиёт бўйича Нобель мукофотини “тарихий жароҳатлар ва инсон ҳаётининг нозиклигини акс эттирувчи кучли насрий шеърият” учун жанубий кореялик ёзувчи Хан Канга олганди.
9 октябрь куни кимё бўйича Нобель мукофоти “,Оқсилни ҳисоблаш дизайни учун” америкалик Девид Бекер ва “Оқсил тузилиши прогнози учун” британиялик Демис Ҳассабис ва Жон Жумперга берилганди. Бейкер бутунлай янги турдаги оқсилларни яратган. Британиялик олимлар эса 50 йилдан бери ҳал этилмаган муаммони — оқсилларнинг мураккаб тузилишини олдиндан башорат қилиш учун AlphaFold2 номли сунъий интеллект моделини яратган.
8 октябрь куни физика бўйича Нобель мукофоти “сунъий нейрон тармоқлари ёрдамида машинавий ўрганишни таъминлайдиган фундаментал кашфиётлар ва ихтиролар учун” Жон Ҳопфилд ва Жеффри Ҳинтонга берилган.
7 октябрь куни тиббиёт бўйича Нобель мукофоти “микроРНК молекулаларини кашф этгани ҳамда унинг транскрипсиядан кейинги ген бошқарувида тутган ўрни учун” Виктор Амброс ва Гарий Рувкунга берилган.
Изоҳ қолдириш