2019 йил 12 декабрь куни Халқаро пресс-клуб сессиясида “Ўзбекистонда сувга муносабатнинг янги даври: тежамкорлик, инновацион технологиялар ва муҳим вазифалар таҳлили” мавзуида мулоқот бўлиб ўтади. Унда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишга масъул вазирлик, қўмита ва агентликлар, тижорат банклари раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, агрокластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, сув тежовчи технологияларни лойиҳаловчи, қурувчи пудрат ташкилотлари мутахассислари иштирок этади.
2019 йилда мамлакатимизда 33,8 минг гектарда томчилатиб суғориш, 1,1 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 2,2 минг гектарда пульсар суғориш, жами 36,6 минг гектарда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий қилинди. Биргина пахтачилик соҳасида 12 минг гектар майдонда 193 млрд. сўмлик томчилатиб суғориш технологияси қўлланилди. Бунда давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 27 декабрда қабул қилинган “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини кенг жорий қилиш учун қулай шароит яратиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қарорга асосан, мамлакатимиз тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этганларга давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш механизми йўлга қўйилди.
Бу йилги мавсумда пахта майдонларига томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатган агрокластер ва фермер хўжаликларига гектарига 8 млн. сўмдан жами 84,6 млрд. сўм субсидия ҳамда тижорат банкларидан олинган 88,3 млрд. сўмлик кредитлар фоиз ставкасининг 10 фоизини қоплаш учун 3,6 млрд. сўм тақдим этилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш натижасида гектарига ўртача:
- сув сарфи 40- 50 % га тежалди;
- ёнилғи 60 % га иқтисод қилинди;
- минерал ўғитлар самарадорлиги 30 % га ортди;
- меҳнат ресурслари, иш ҳақига харажатлар тежалди;
- ғўзанинг биологик пишиш муддати 12-15 кунга тезлашди;
- ҳосилдорлик 20-30 центнерга ортди.
Шу пайтга қадар мамлакатимизда фақат пахтачилик, узумчилик ва боғдорчилик соҳасида томчилатиб суғориш технологияларини жорий этганларга давлат субсидиялари бўлиб, ғалла, сабзавот, полиз ва озуқабоп экин етиштирувчиларига бундай имтиёз кўзда тутилмаган эди. Барча турдаги сув тежовчи технологиялардан фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш, бу борада сўнгги бир йилда амалга оширилган ишларни изчил давом эттириш мақсадида 2019 йил 25 октябрь куни Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга биноан, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидия миқдори қишлоқ хўжалиги экин тури, суғориш технологияси ва ернинг бонитет баллидан келиб чиқиб ҳисобланади. Келгуси йилдан томчилатиб суғориш тизимини жорий этганлик учун гектарига 8 млн. сўм, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун 4 млн. сўм, дискретли (пульсар) суғориш учун 1 млн. сўм давлат субсидияси берилади.
Яратилган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, 2020 йилда республикамизда 38 минг гектарда томчилатиб суғориш, 1,8 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 4 минг гектарда дискретли (пульсар) суғориш, жами 43,8 минг гектарда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш мўлжалланмоқда.
Изоҳ қолдириш