Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ички бозорлардаги нархларни доимий равишда мониторинг қилиб бормоқда.
Хусусан, 2021 йил 17-24 ноябргача бўлган даврда Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришининг таҳлилини вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар кесимида таҳлил қилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг тезкор маълумотларига кўра, кўриб чиқилаётган даврда республика бўйича бир килограмм суякли мол гўштининг ўртача нархи 24 ноябрь ҳолатига 0,1 фоизга пасайиб, 62 086 сўмни ташкил қилди. Ўртача нархлар даражаси Қорақалпоғистон Республикасида бир килограмм учун 48 750 сўмдан Тошкент вилоятида 72 000 сўмгача бўлган диапазонда ривожланган.
Суякли мол гўшти нархларининг пасайиши ички бозорда вазиятнинг барқарорлашувидан далолат беради.
Мол гўшти нархининг пасайиши Сирдарё (-0,7%), Тошкент (-0,7%), Хоразм (-0,6%) Қашқадарё (-0,4%), Самарқанд (-0,1%), Бухоро (-0,1%) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (-0,1%) кузатилди.
Вилоятлар кесимида Навоий, Сурхондарё, Наманган вилоятларида суякли мол гўшти нархи ўтган ҳафтага нисбатан ўзгармади.
Тошкент шаҳрида (0,5 %), шунингдек, Фарғона (+ 0,3 %) ва Андижон (+ 0,1 %) вилоятларида суякли мол гўшти нархи бироз ошди.
Туманлар кесимида бир килограмм суякли мол гўшти нархининг юқорилиги бўйича Янгийўл (72 000 сўм/кг), Хива (71 000 сўм/кг), Урганч (70 500 сўм/кг), Пастдарғом (70 000 сўм/кг) ва Оҳангарон (70 000 сўм/кг) туманлари топ 5 таликдан ўрин олди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида кўриб чиқилаётган даврда республика бўйича гуручнинг ўртача нархи 0,2% га пасайди ва 24 ноябр ҳолатига бир килограмм гуруч 9 892 сўмни ташкил этди. Ўртача нархлар даражаси Қорақалпоғистон Республикасида 4 938 сўмдан Фарғона вилоятида 12 750 сўмгача бўлган диапазонда ривожланган.
Гуруч нархининг пасайиши (килограмм учун) 7 та вилоятда кузатилди. Нархларнинг пасайиши Сурхондарё (0,5%), Хоразм (1,1%), Сирдарё (0,4%), Тошкент (0,1%), Қашқадарё (0,1%) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (1,0%) ва Тошкент шаҳрида (1,2%) қайд этилди.
Туманлар кесимида бир килограмм гуруч нархи юқорилиги бўйича Ёзёвон (12 750 сўм/кг), Тошлоқ (12 727 сўм/кг), Янгийўл (12 667 сўм/кг), Чиноз (12 625 сўм/кг), Юқоричирчиқ (12 500 сўм/кг) туманлари топ 5 таликдан ўрин олди.
Қуйида таҳлил қилинаётган даврда тухум (ўн донаси), сут, картошка, кунгабоқар ёғи, буғдой уни ва шакар нархининг ўзгариши келтирилган.
Жорий йилнинг 17-24 ноябрь кунлари республика бўйича юқоридаги барча маҳсулотларда ўртача нархларнинг ошиши кузатилди: сут (0,5% ёки бир литри 6 373 сўм), тухум (0,2% ёки ўн донаси 11 115 сўм), картошка (0,6% ёки бир кг 4 730 сўм), кунгабоқар ёғи (0,1% ёки бир литри 19 508 сўм), буғдой уни (0,3% ёки бир кг 5 011) ва шакар (0,8% ёки бир кг 8 988 сўм).
Ҳудудлар кесимида нархларнинг энг юқори ўсиши қуйидаги маҳсулотлар учун қайд этилди:
- тухум ўн донаси Бухоро (1,4%), Жиззах (1,0%), Самарқанд (2,1%) вилоятларида;
- сут Бухоро (3,7%), Жиззах (0,5%), Тошкент (0,3%), Хоразм (0,6%) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси (0,6%) ва Тошкент шаҳрида (0,7%);
- шакар Самарқанд (1,4%), Бухоро (3,5%), Қашқадарё (1,0%) вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳри (0,8%) ва Қорақалпоғистон Республикасида (1,1%);
- кунгабоқар ёғи Қашқадарё (0,2%), Андижон (0,1%), Хоразм (0,1%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (1,3%);
- ун Бухоро (1,5%), Жиззах (1,0%), Хоразм (0,5%), Сирдарё (0,6%), Самарқанд (0,5%) вилоятларида;
- картошка Самарқанд (3,1%), Жиззах (2,8%), Бухоро (2,9%), Андижон (1,1%) вилоятларида.
Ўзбекистонда кўриб чиқилаётган даврда асосий истеъмол товарлари нархлари муҳити картошка нархидан ташқари нисбатан паст ўзгарувчанлик билан тавсифланади. Ўтган ҳафтага нисбатан мол гўшти (суякли) ва гуруч нархи бироз пасайди, кунгабоқар ёғи, сут, буғдой уни, шакар ва тухум нархларининг ўсиш динамикаси сезиларли даражада секинлашди.
Малика Жуманиёзова, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш