Ушбу тадқиқот Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 1100 нафардан ортиқ банк хизматларидан фойдаланувчиларни қамраб олди. Таҳлил натижалари банк мижозларининг кредитлаш ва депозит хизматларидан тортиб рақамли воситалар ва маслаҳат ишларига бўлган турли йўналишлардаги хизматларга нисбатан муносабатини акс эттиради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон банк сектори барқарор ўсиш ва инвестицияларни фаол жалб этишни намоён этмоқда. Сўнгги 5 йил давомида банкларнинг умумий капитали икки баробарга ошган, кредит портфели эса 2,3 баробарга кўпайган. Йиллик ажратиладиган кредитлар ҳажми қарийб икки баробар ўсган.
Айниқса, банкларнинг ҳудудлардаги фаолиятини кенгайтириш ва аҳоли учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилдан бошлаб банклар туман филиалларида маҳаллалар билан ишлаш бўйича махсус бўлимларни ташкил этишни бошлади. Мазкур тизим “Миллий банк” томонидан 967 та, “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 727 та маҳаллани қамраб олади.
Тадқиқот натижалари аҳолининг банк пластик карталари билан кенг қамровли таъминланганлигини кўрсатмоқда: сўров иштирокчиларининг 94%и камида битта фаол банк картага эга эканлигини билдирди. Карталарнинг банклар бўйича тақсимоти шуни кўрсатадики, мижозлар кўпинча бир вақтнинг ўзида бир нечта банкнинг карталаридан фойдаланишни афзал кўришмоқда.
Айрим тоифалар, жумладан, ўзини ўзи банд қилганлар ва давлат корхоналари ходимлари бўйича “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозларининг улуши бошқа банклар кўрсаткичларидан юқори. Масалан, ушбу банк мижозларининг 25,4%и хусусий секторда фаолият юритади.
Таҳлил шуни кўрсатдики, ушбу банк хизмат кўрсатиш сифатининг асосий кўрсаткичлари бўйича умумий банк сектори фонида ўзининг барқарор позицияни сақлаб келмоқда. Хусусан, “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозларининг 84%и хизмат кўрсатиш муддатларига риоя этилишини ижобий баҳолаган бўлса, бу кўрсаткич умумий банк сектори бўйича қарийб 80%ни ташкил этади. Банк хизматлари соҳасида мижозларнинг 82,4%и муаммолар тез ва самарали ҳал этилаётганини ижобий баҳолаган.
Депозит хизматлари бўйича қамров даражаси респондентларнинг умумий сонининг 20%ини ташкил этади, банклар ўртасидаги фарқлар аниқ эмас.
Тижорат банкларида депозити бор респондентларнинг 64%и ўзларининг иш ҳақи пластик картасига хизмат кўрсатадиган банкда омонот очганликларини билдиришган.
Депозит хизматларидан умумий қониқиш даражаси тахминан 90%ни ташкил қилади. Мижозларнинг кўпчилиги кўрсатилаётган хизматдан мамнун. Фақатгина 4% респондент хизмат кўрсатиш сифатидан тўлиқ қониқмаслигини, 1%и эса банкни ўзгартириш ниятида эканлигини билдирган.
Кредитлар бўйича сўровда қатнашган респондентларнинг 51% жорий кредит мажбуриятларига эга. Шу билан бирга, қарз олувчиларнинг 55%и иш ҳақи картасига хизмат кўрсатадиган банкдан кредит олган. Кредит олганларнинг 77%дан ортиғи ўз банкидаги шартлар ва хизматлардан тўлиқ мамнунлигини билдирган бўлса, бошқа банклар мижозлари орасида ҳам бу кўрсаткич 82%дан ортиқни ташкил этади.
Аксарият респондентлар банк хизматларини янада яхшилаш зарурлигини қайд этишган. Энг катта эътибор кредит сегментига қаратилмоқда, буни иштирокчиларнинг 38%и қайд этган. Тўлов хизматлари муҳимлиги бўйича иккинчи ўринни эгаллади, бу респондентларнинг 25%и томонидан қайд этилган. Кейинги ўринларда пул ўтказмалари (11%), депозитлар (9%) ва валюта операциялари (9%) қайд этилган. Бу йўналишлар камроқ муаммоли деб ҳисобланишига қарамай, улар ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.
Банк хизматларини танлаш омиллари
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 63%и хизмат кўрсатувчи банк ўзлари яшайдиган ҳудудда жойлашганлигини таъкидлади, бу эса аҳолига банк хизматлари кўрсатишнинг анча юқори даражада маҳаллийлаштирилганидан далолат беради.
Респондентларнинг 32%и банк танлашда хизмат кўрсатиш сифатига эътибор беришади. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 28%и банк танлашда яқинлари ва танишларининг тавсиялари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлганини таъкидлашган, бу тавсиялар муҳим рол ўйнашини кўрсатади. Хизматларнинг осон ва қулай бўлиши тадқиқотда қатнашганлардан 21%и учун банк танлашда асосий омил сифатида қайд этилган. Шу билан бирга, 14% респондентлар учун банкнинг ишончлилиги ва тезкорлиги бир хил муҳим ҳисобланган.
Банк брендларини танлашда асосий манба сифатида кўпчилик, яъни 70% респондентлар дўстларнинг тавсияларига таянишган. “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозлари орасида бу кўрсаткич янада юқори, яъни 73%ни ташкил қилади. Расмий рақамли манбалар, жумладан, интернет сайтлари орқали маълумот олувчилар сони аҳамияти жиҳатидан иккинчи даражали восита сифатида баҳоланган бўлиб, сўров иштирокчиларининг 14%и томонидан қайд этилган.
Тадқиқот натижалари кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк” мобил иловаси (SQB Mobile) мижозлар томонидан юқори баҳоланган. Банк мижозлари орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 62%и бу иловани “жуда қулай” деб баҳолаган. Бошқа банкларда бу кўрсаткич сезиларли даражада паст бўлиб, атиги 24%ни ташкил этади.
Нақд пулнинг роли ва рақамлаштириш имкониятлари. Таҳлил натижаларига кўра, респондентларнинг 27%и фақат нақд пулдан фойдаланади, яна 32%и нақд ва нақдсиз тўлов усулларидан фойдаланиши билдиришган. Нақд пулдан фойдаланиш сабаблари орасида респондентларнинг 40%и даромадларини нақд кўринишда олишини, 35%и масофавий хизматларга ишончсизликни, 12%и эса қоғоз чек зарурлигини асосий омил сифатида кўрсатган.
Натижалар аҳолининг асосий банк хизматларидан қониқиш даражаси юқори эканлигини кўрсатади. Кредитлаш ва депозит амалиётлари бўйича респондентларнинг қарийб 80%и ижобий фикр билдиришган ва ярмидан кўпроғи хизматлар сифатини "жуда яхши" деб баҳолаган. Шу билан бирга, хизматлардан норози бўлганлар улуши тахминан 16%ни ташкил этди. Депозит маҳсулотлари бўйича респондентларнинг 80%и кўрсатилган хизматдан мамнунлигини билдирган, шулардан 60%и хизмат сифатига юқори баҳо берган. Танқидий фикрлар даражаси 15%ни ташкил этди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” мижозлари ўртасида депозит хизматларидан қониқиш даражаси 85%ни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич банклар ўртасида ўртача даражадан юқори. Шу билан бирга, норозилик билдирганлар улуши нисбатан паст — 13% ни ташкил этди.
Респондентлар шунингдек, тўловлар, валюта операциялари ва пул ўтказмалари бўйича хизматларни мос равишда 81%, 66% ва 78% даражасида юқори баҳоладилар. Шу билан бирга, ҳар бир йўналиш бўйича салбий фикр билдирганлар улуши 14%дан ошмаган. Шу фонда “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозлари ўртасида асосий хизмат йўналишлар бўйича қониқиш кўрсаткичлари умумий бозор кўрсаткичларидан (83%, 67% 79%) юқори эканлиги қайд этилган. Бу ҳолат банкнинг операцион модели самарадорлиги ҳамда хизмат сифатига бўлган ижобий муносабатни акс эттиради.
Респондентларнинг 52%и банклар томонидан кўрсатилган хизматлар учун олинадиган комиссия тўловларини адолатли деб ҳисоблайди. Яна 28% респондент бу фикрга қисман қўшилишган, 12%и тўлиқ рози эмасликларини билдириб, банк комиссия тўловларини асоссиз деб ҳисоблашган.
Таклиф этилаётган хизматлар хилма-хиллигига оид саволга респондентларнинг 55%и банклар кенг кўламли хизмат турларини таклиф қилишига тўлиқ қўшилишини, яна 27%и бу фикрга қисман қўшилишини билдиришган. Шу билан бирга, респондентларнинг 9%и банк хизматларини танлаш чекланган деб ҳисоблайди.
Ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистон банк тизимидаги ўзгаришлар фонида мижозларнинг банк хизматларидан қониқиш даражаси барқарор ўсиб бормоқда. Аксарият респондентлар тижорат банклари фаолиятининг кредитлаш, депозит маҳсулотлари, тўлов ва валюта операциялари каби асосий йўналишларини ижобий баҳоламоқда. Шу билан бирга, рақамлаштириш, депозит маҳсулотларини қамровини кенгайтириш ва хизмат шартларининг шаффофлигини таъминлаш бўйича айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Мақолани «Иқтисодий шарҳ» журналининг 6-сонида тўлиқ ўқишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш