ОКМК таркибида мис бойитиш фабрикаси қурилиши учун 712 млн миқдорида кредит жалб қилинди

ОКМК таркибида мис бойитиш фабрикаси қурилиши учун 712 млн миқдорида кредит жалб қилинди

18 ноябрь куни ОКМК раҳбарияти ва Россиянинг ВЭБ.РФ тараққиёт корпорацияси ўртасидаги онлайн учрашув чоғида Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги 3-мис бойитиш фабрикасини қурилишини молиялаштириш бўйича кредит шартномаси имзоланди, деб хабар берди комбинат матбуот хизмати.

Объект қурилишини молиялаштириш учун 712 млн евро (824,3 млн доллар) миқдоридаги кредит маблағлари ажратилади. Маблағлар лойиҳа доирасида Россия ускуналари ва хизматлари учун шунингдек, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ Ўзбекистондаги харажатларнинг бир қисмига йўналтирилади.

ОКМК рудани қайта ишлаш ҳажмини йилига 160 млн тоннага етказишни режалаштирмоқда. Бу эса 2028 йилга келиб, мис катоди ишлаб чиқаришни йилига 400 минг тоннага етказиш имконини беради. Шунингдек, ОКМК томонидан 2028 йилда йилига олтин ишлаб чиқариш 3 бараварга, кумуш ишлаб чиқариш 2 бараварга ортади.

«Россиянинг ВЭБ.РФ корпорацияси молиявий кўмаги асосида амалга оширилаётган 3-мис бойитиш фабрикасининг қурилиши Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳа ҳисобланади. Эътиборлиси, ушбу кредит комбинатга давлат кафолатисиз ва таъминотисиз имтиёзли шартлар асосида тақдим этилди. Мазкур лойиҳа комбинат тараққиётининг янги босқичга қадам қўйганини билдиради. Биз комбинат истиқболи йўлида Россия банклари ва корхоналари билан ҳамкорликни давом эттирамиз, — деди ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар