ОКМК “Ёшлик I” конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида янги темир йўл объекти қурилишини якунлади

ОКМК “Ёшлик I” конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида янги темир йўл объекти қурилишини якунлади

Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан амалга оширилаётган, мегалойиҳа дея, эътироф этилаётган “Ёшлик I” конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси доирасида кон фаолияти учун зарур бўлган янги инфратузилма объектларини қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Бугун, 9 сентябрь куни лойиҳа доирасида қурилган “Развязка – Ёшлик” станцияларини боғловчи икки изли темир йўл объекти фойдаланишга топширилди.

Мазкур иншоот топширилиши натижасида “Қалмоққир” конида ишлар ҳажмини туширмаган ҳолда “Ёшлик I” конининг марказий қисмида кон-капитал ишларини ривожлантириш бўйича фронт очилади ва кон горизонтларини кенгайтириш имкони яратилади.

Лойиҳага мувофиқ 7,4 километр электрлаштирилган темир йўллар, 9 комплект стрелкали ўтказгичлар қурилди. Янги марказлаштирилган микропроцессор ва поезд ғилдираклари ўқларини электрон ҳисоблаш тизими (МПЦ И ЭССО) ускуналари ўрнатилди. Объект қурилишига жами 51,2 млрд сўмлик маблағ сарфланди.

Ушбу объектнинг яна бир муҳим жиҳати, “Қалмоққир” конининг устки қатлам жинсларини ташланмалар захира конига ташиш масофаси - 2,9 кмга қисқаради.

Бундан ташқари, қўшимча равишда йилига 1 млн 200 минг метр куб (“Қалмоққир” конидан 500 минг метр куб. “Ёшлик I” конидан 700 минг метр куб) устки қатлам жинсини ташишга имкон яратади.

Амалдаги ташиш схемаси билан таққослаганда йилига 12,8 млрд сўм маблағ тежалади. Автомобиль транспорти орқали ташишга қараганда тахминий тежамкорлик йилига 153 млрд сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Объектнинг тантанали очилиш маросимида ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов “Развязка – Ёшлик” станцияларини боғловчи икки изли темир йўлларнинг фойдаланишга топширилиши “Ёшлик I” конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳасини амалга оширилишининг муҳим босқичи эканини таъкидлади.

Тадбирда объект қурилишида жонбозлик кўрсатган Саноат термийўл транспорт бошқармаси, “Олмалиқметаллургқурилиш” трести, “Қалмоққир” кон бошқармаси ҳамда “Ёшлик I” кони дирекциясининг бир гуруҳ ишчи-ходимлари турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Маълумот учун: “Ёшлик” кони ўзлаштириш лойиҳаси икки босқичда амалга оширилмоқда:

• I босқич – 2021-2025 йилларда 290 минг тонна мис катоди, 38 тонна олтин ва 203 тонна кумуш;
• II босқич – 2024-2028 йилларда 400 минг тонна мис катоди, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш металлари ишлаб чиқаришга эришилади.

Энг муҳими 6 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

ОКМК Ахборот хизмати


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар