Олтин-валюта захиралари ва суверен бойлик фондлари: уларни бошқариш ва макроиқтисодий барқарорлик

Олтин-валюта захиралари ва суверен бойлик фондлари: уларни бошқариш ва макроиқтисодий барқарорлик

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқироз даврида олтин-валюта захиралари ва уларнинг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти, олтин-валюта захираларини бошқариш, шу жумладан суверен бойлик фондларидан самарали фойдаланиш бўйича таҳлилий тадқиқот ўтказилди. Олтин-валюта захираларини бошқариш бўйича халқаро амалиёт ҳамда халқаро захиралар етарлилиги ўлчовчи мезонлар ўрганилди. Коронавирус инқирози даврида Ўзбекистон олтин-валюта захираларидаги ўзгаришлар, уларнинг етарлилиги даражаси чуқур таҳлил этилди. Шу билан бирга, халқаро тажрибада суверен бойлик фондларининг (Sovereign Wealth Funds) ўрни, ушбу фондларни самарали бошқариш ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини бошқариш амалиётига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Суверен бойлик фондлари: мақсадлари, уларни бошқариш

Суверен бойлик фонди турли манбалардан шакллантириладиган давлат инвестиция фонди ҳисобланади. Одатда суверен бойлик фондларида жамғариладиган маблағлар табиий ресурслар экспортидан тушадиган (кутилганидан) ортиқча тушумлар, ташқи савдо профицити, бюджет профицити, валюта операциялари, хусусийлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳисобига шаклланади. Айрим мамлакатларда суверен бойлик фондларининг маълум бир қисми олтин-валюта захиралари таркибига киритилиши мумкин.

Дунё бўйлаб суверен бойлик фондларининг аксарияти табиий ресурсларни экспорт қилувчи мамлакатларга тегишли. Суверен бойлик фондлари мақсадларидан келиб чиқиб уларни турли гуруҳларга ажратиш мумкин:

1) Барқарорлаштириш фондлари;

2) Жамғарма ёки келажак авлод фондлари;

3) Давлат пенсия захира фондлари;

4) Захира инвестиция фондлари;

5) Стратегик ривожлантириш миллий бойлик фондлари.

Умуман олганда, суверен бойлик фондлари асосан уч хил вазифани бажаради: жамғариш, эҳтиёткорлик, “буфер” вазифалари (Жаҳон банки, 2014). Масалан, келажак авлод фондлари қайта тикланмайдиган табиий ресурсларнинг бир кун келиб тугашини ҳисобга олиб, узоқ муддатли мақсадларни, шу жумладан жамғармаларни авлодлараро тенг тақсимланишини назарда тутади.

1-жадвал. Суверен бойлик фондларининг вазифалари

Вазифалар

Инвестиция мақсадлари

Стратегик активларни тақсимлаш

Жамғариш

Авлодлараро тенглик, миллий жамғарма, узоқ муддатли муайян мажбуриятларни ёки шартли мажбуриятларни (пенсия) тўлаш

Узоқ муддатли инвестиция горизонти, ўртача ва юқори рискли активлар билан диверсификация қилиш, қисқа муддатли истиқболда паст ликвидлилик талаби

Эҳтиёткорлик

Қисқа ва узоқ муддатли истиқболда ресурслар экспортидан тушумлар ўзгарувчанлиги билан тўқнаш келинганда харажатларни барқарорлаштириш

Ликвидлик, хавфсизлик (капитални сақлаш), қисқа ва ўрта муддатли инвестиция горизонти

“Буфер”

Белгиланган маблағларни ассимиляция қилиш қобилиятининг чекланишига мос равишда ўзлаштиришни амалга ошириш учун ушлаб туриш

Хавфсизлик (капитални сақлаш), ликвидлик, қисқа ва ўрта муддатли инвестиция горизонти

Манба: Жаҳон банки, 2014

Иқтисодиёти нефть экпортига боғлиқ давлатларда (масалан, Саудия Арабистони, БАА, Қувайт) суверен бойлик фондлари жаҳон бозорида нефть хом-ашёси нархи ўзгарувчанлиги таъсирини юмшатиш учун эҳтиёткорлик вазифасини бажаради. Шунингдек, иқтисодий инқирозлар даврида суверен бойлик фондлари ички ва ташқи шокларга “буфер” бўлиб хизмат қилади.

Одатда, суверен бойлик фондлари бўйича таҳлил ўтказишдаги энг мураккаб жараён бу маълумотларни тўплаш ҳисобланади. Чунки кўплаб суверен бойлик фондлари ўзининг активлари ҳажми, инвестиция сиёсати ва корпоратив бошқарув амалиёти тўғрисидаги маълумотларни умуман очиқламайди.

Суверен бойлик фонди институтининг топ-88 энг йирик суверен бойлик фондлари рейтингига кўра, ҳозирги кунда Норвегия давлат пенсия фонди Глобал (активлари – 1,1 трлн. АҚШ долл.), Хитой инвестиция корпорацияси (941 млрд. АҚШ дол.), Абу Даби инвестиция бошқармаси (580 млрд. АҚШ долл.), Қувайт инвестиция бошқармаси (534 млрд. АҚШ долл.) ва ГонгКонг монетар бошқарма инвестиция портфели (528 млрд. АҚШ долл.) дунёнинг энг йирик 5 та суверен бойлик фондлари ҳисобланади. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси эса қарийб 20 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги активлари билан мазкур рейтингда 35-ўринни эгаллаган.

Бундай катта миқдордаги активлари мавжуд фондларни бошқариш мураккаб жараён ҳисобланади. Шу боис, суверен бойлик фондларига эга давлатлар қуйидаги каби саволларга ечим излашга ҳаракат қилишади: Қандай қилиб суверен бойлик фондлари активларидан самарали фойдаланиш мумкин? Жамғармаларни қандай инвестиция қилиш лозим? Ўзгарувчан ресурслар бозорининг салбий таъсирларини юмшатиш учун эҳтиёт чораси сифатида қанча миқдорда захираларни ликвид активларда ушлаб туриш керак?

Одатда, суверен бойлик фондларнинг кўпчилиги жамғарилган маблағларини фақатгина ташқи активларга, айниқса, йирик бозорларда сотиладиган қимматли қоғозларга инвестиция қилиб келади. Шундай бўлишига қарамасдан, 2007-2009 йиллардаги глобал молиявий-иқтисодий инқироздан кейин ривожланган давлатларда фоиз ставкаларининг тушиб кетиши ҳамда ривожланаётган мамлакатларда инфраструктурани молиялаштириш учун маблағларнинг етишмаслиги баъзи давлатларни суверен бойлик фондлари маблағларини ички инвестицияларга йўналтиришга, хусусан инфраструктурани молиялаштиришга ундамоқда (Жаҳон банки, 2014).

Юқорида келтирилган омилларни инобатга олиб, баъзи давлатларнинг суверен бойлик фондларидан самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш тажрибаларига назар солиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Норвегиянинг давлат пенсия фонди Глобал. Норвегия давлат пенсия фонди Глобал (GPFG) ёки Норвегия нефть фонди 1990 йилда Норвегия нефть секторининг ортиқча даромадларини инвестиция қилиш мақсадида ташкил этилган суверен бойлик фонди ҳисобланади. Ушбу фонд ҳозирда дунёнинг энг катта суверен бойлик фонди бўлиб келмоқда.

Норвегия давлат пенсия фонди тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Норвегия парламенти (Storting) Молия вазирлигини GPFGни бошқариш учун жавобгар этиб тайинлаган. GPFG операцион бошқаруви Norges Bank (Норвегия марказий банки) томонидан амалга оширилади.

Нефть секторидан келадиган давлатнинг барча даромадлари GPFGга ўтказилади. Норвегия ҳукумати нефть солиғи ва Equinor (йирик энергия компанияси)дан дивидендлар ҳисобига миллий валютада, нефть фаолиятидан хорижий валютада даромад олади. Бундан ташқари, ҳукумат GPFGдан фоизлар ва дивидендлар шаклида катта даромад олади. GPFGдаги маблағлар фақат хорижий валютадаги воситаларга инвестиция қилинганлиги сабабли даромадлар ҳам чет эл валютасида олинади. “Бюджет қоидаси”га мувофиқ, ушбу тушумлар GPFGда сақланади. GPFGдан маблағлар нефтдан ташқари бюджет камомадини молиялаштириш учун олиниши мумкин.

GPFGнинг инвестиция мақсади хавфнинг мақбул даражасини ҳисобга олган ҳолда максимал даромад олишга эришиш ҳисобланади. Молия вазирлиги мазкур фонд учун инвестиция стратегияларини белгилаб беради. GPFG активлари Норвегия ташқарисида инвестиция қилинади. GPFGнинг Ослодаги бош офисидан ташқари Лондон, Нью-Йорк, Шанхай ва Сингапурда офислари мавжуд.

Нефть ва газ қазиб олишдан тушган даромадлар GPFGга ўтказилсада, ушбу депозитлар ҳисобига жамғарилган маблағлар фонд маблағларининг ярмидан камроғини ташкил этади. Мазкур фонднинг ҳозиргача шаклланган маблағларининг катта қисми акцияларга, доимий даромадларга ва кўчмас мулкка инвестиция киритиш орқали олинган. GPFG дунёнинг 74 мамлакатидаги 9000 дан ортиқ компанияларда акцияларга эга. Масалан, 2019 йил 31 декабрь ҳолатига ушбу фонд Apple Inc.нинг 116 967 млн. Норвегия кронери (13,3 млрд. АҚШ долл.), Microsoft Corp.нинг 104 640 млн. кронер (11,9 млрд. АҚШ долл.) миқдорида акцияларига эгалик қилган (Norges Bank инвестиция бошқармаси, 2020).

Бундан ташқари, GPFG Европа, АҚШ ва Осиёдаги глобал шаҳарларда юзлаб юқори сифатли кўчмас мулкларга инвестиция киритган ва ушбу активларни бошқаришдан катта миқдорда даромад олади. Масалан, мазкур фонд 2011 йилда Лондоннинг Регент шаҳридаги The Crown Estate кўчмас мулкининг 25 фоизини сотиб олган.

Шунингдек, GPFG томонидан кўплаб мамлакатлар ва компанияларга берилган кредитлар мазкур фондга барқарор даромадлар оқимини таъминлайди. Фонд томонидан барқарор даромадларга йўналтириладиган инвестицияларининг 70 фоизи давлат облигацияларига, 30 фоизи корпоратив облигацияларга тикилади. Давлат облигацияларига инвестициялар мамлакатнинг иқтисодий кўламига қараб тақсимланади.

Қозоғистон миллий фонди. Қозоғистон миллий фонди (ҚМФ) 2000 йилда ташкил этилган. ҚМФ ҳукуматнинг жамланма бюджетига киритилган ва асосан иккита функцияни бажаради: 1) барқарорлаштириш функцияси – иқтисодий цикллар бўйича бюджет харажатларини барқарорлаштириш ва нефть тушумлари ўзгарувчанлигини камайтириш; 2) жамғариш функцияси – нефть тушумларини авлодлар ўртасида тенг тақсимлаш. Шунинг учун, ҚМФ активлари барқарорлаштириш ва жамғарма портфелларига бўлинган. Барқарорлаштириш портфели (активларнинг 25 фоизи) асосан юқори ликвидли пул бозори воситаларига, жамғарма портфели (85 фоизи) эса одатда барқарор даромад воситалари (fixed-income instruments), шунингдек акцияларга йўналтирилади.

ҚМФ жамғарилган маблағлар асосан нефть-газ секторидан олинадиган ортиқча солиқ тушумлари, хусусийлаштиришдан тушган маблағлар, давлат томонидан қишлоқ хўжалиги ерларини сотишдан тушган тушумлар ҳамда ҚМФ активларини бошқаришдан олинган инвестиция даромадлари ҳисобига шакллантирилади. 2020 йил 1 август ҳолатига ҚМФ активлари йил бошига нисбатан 5,7 фоизга (3,5 млрд. АҚШ долларга) камайиб, 58,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

ҚМФдан мақсадли трансфертлар фақат президент қарори билан, асосан инқироз даврида инқирозга қарши дастурларни молиялаштириш учун ажратилиши мумкин. ҚМФ активларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича бюджет қоидалари ишлаб чиқилган. Бюджет қоидаларига мувофиқ, ҚМФнинг минимум баланси кутилаётган ЯИМнинг 30 фоизи миқдорида бўлиши лозим. ҚМФдан мақсадли ўтказмалар 2020 йилдан (8 млрд. АҚШ доллардан) 6 млрд. АҚШ доллари эквивалентига камайтирилди. Лекин, жорий йил апрель ойида ҳукумат COVID-19 пандемияси ва жаҳон бозорида нефть нархининг тушиб кетиши натижасида бюджет дефицитининг кутилганидан ошиб кетиши сабабли ҚМФдан қўшимча 4,7 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағларни жалб қилишга қарор қилди.

Шунингдек, Қозоғистон ҳукумати томонидан мамлакатнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида давлат ташқи қарзи ва квази-давлат сектори (давлат корхоналари) ташқи қарзларини бошқариш сиёсати ҚМФ маблағларидан фойдаланиш сиёсати билан узвий боғлиқ бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган. Бунда, давлат ташқи қарзи ва давлат корхоналари ташқи қарзи ҚМФ активлари миқдоридан ошиб кетмаслиги лозим.

Қозоғистон миллий банки (ҚМБ) ҚМФ активларини инвестиция қилиш стратегиясини амалга ошириш учун жавобгар ҳисобланади. ҚМБ активларининг маълум қисмини бошқариш учун активларни бошқариш хусусий компанияларини ёллайди. Активларни бошқариш хусусий компанияларини активларни бошқаришдан олинган фоиз даромадлари бўйича мукофотлайди (Осиё тараққиёт банки, 2020).

Илгари ҚМФ активларининг кичик бир қисми ички бозорга давлатнинг ривожлантириш институтлари томонидан чиқарилган облигацияларга инвестиция қилинган бўлса, 2016 йилдан бошлаб ҚМФнинг ҳукумат, давлат ташкилотлари ёки хусусий сектор томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга инвестиция киритиши тақиқланди.

ҚМФ маблағларининг катта қисми (қарийб 70 фоизи) одатда облигацияларга, асосан юқори рейтингга эга давлат облигацияларига, 15 фоизга яқини акцияларга ва қолган қисми пул бозори инструментларига тикилади. Жамғарма портфелининг узоқ муддатли даромадлигини ошириш мақсадида уларнинг 60 фоизи облигацияларга, 30 фоизи акцияларга, 5 фоизгача бўлган қисми бошқа молиявий инструментларга ва 5 фоизгача олтинга инвестиция қилиниши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон суверен бойлик фонди – Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎзТТЖ) 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган ва Ўзбекистон Республикасининг суверен бойлик фонди ҳисобланади. ЎзТТЖ фаолиятининг асосий мақсади иқтисодиётнинг етакчи, хусусан, базавий тармоқларини модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта қуроллантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширилишини таъминлаш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга эришиш ҳамда самарали таркибий ва инвестициявий сиёсатни амалга оширишдан иборат.

ЎзТТЖ маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилар этиб белгиланган:

- стратегик ресурсларга белгиланган чегара нархдан жаҳон нархининг ошиши натижасида тушадиган маблағлар;

- давлат мулкини хорижий инвесторларга чет эл валютасига сотишда Давлат бюджети даромадларини шакллантиришда ҳисобга олинган ҳажмлардан ортиқча тушадиган маблағлар;

- Жамғарма активларини бошқаришдан, шу жумладан Жамғарма маблағларининг бўш қолдиқларини жойлаштиришдан келадиган даромадлар ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар.

“Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш принциплари тўғрисидаги низом”га асосан ЎзТТЖ жами активларининг камида 40 фоизи Марказий банкка ишончли бошқарув учун белгиланган тартибда ўтказилади. Марказий банк томонидан олтин-валюта захираларини бошқаришда ЎзТТЖ томонидан ишончли бошқарувга топширилган бўш маблағлари ҳам ҳисобга олинади. Бунда, жамғарма маблағлари юқори ликвидли, ишончли хорижий молия воситаларига жойлаштирилади. 2016 йил 31 декабрь ҳолатига ишончли бошқарувга берилган бўш пул маблағлари ҳажми 43,1 трлн. сўм эквивалентига тенг бўлган бўлса, уларни инвестиция қилишдан олинган даромадлар 61 млрд. сўм (даромадлилик – 0,14 фоиз) эквивалентини ташкил этди (ЎзТТЖ, 2018).

2018 йил январь ойидан 2019 йил июнь ойигача бўлган муддатда Марказий банкнинг ЎзТТЖ олдидаги мажбуриятлари ҳажми 12,4 млрд. АҚШ долларидан 10,8 млрд. АҚШ долларига камайгандан сўнг, 11 млрд. АҚШ доллари атрофида мувозанатга келди (6-расм).

6-расм. Марказий банкнинг Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси олдидаги мажбуриятлари

Манба: Марказий банк маълумотлари асосида ҳисоб-китоблар

ЎзТТЖнинг Марказий банкка ишончли бошқарувга топширилган маблағларидан ташқари бошқа маблағлари узоқ муддатли инвестициялар ва кредитларга йўналтирилади. ЎзТТЖдан кредитлар бериш ва кредит линияларини очиш, шунингдек кредитлари таркибини ўзгартириш фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида амалга оширилади.

ЎзТТЖ томонидан очиқланган маълумотларга кўра, 2017 йил 31 декабрь ҳолатига жамғарма томонидан капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 2016 йилга нисбатан 11,8 баробарга (валюта либерализацияси таъсирини ҳисобга олган ҳолда) ёки 543 млрд. сўмдан 6,4 трлн. сўмга кўпайди (2-жадвал). Хусусан, ЎзТТЖнинг Асака банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Агробанк, Ипотека банк, Турон банк ҳамда 2017 йилда янги ташкил этилган Ўзагроэкспортбанк устав капиталидаги улуши 60 фоиздан ошди. Чет капитали иштирокидаги компаниялар капиталига киритилган инвестициялар ҳажми 450,6 млрд. сўмга етди.

2-жадвал. ЎзТТЖ узоқ муддатли инвестициялари

минг сўм

Узоқ муддатли инвестициялар

Эгалик ҳуқуқи (%)

2017 йил 31 декабрь

2016 йил 31 декабрь

Асака банк

69.2%

1 453 121 400

66 724 800

Ўз Саноат қурилиш банк

63.8%

921 904 121

335 779 296

Агробанк

66.7%

890 106 416

22 192 000

Халқ банк

52.9%

552 500 000

-

Ипотека банк

60.9%

510 000 000

-

Турон банк

66.0%

177 978 950

-

Алоқабанк

51.2%

121 110 000

-

Ўзагроэкспортбанк

75.0%

26 546 025

-

Ўзшаҳар Қурилиш Инвест МЧЖ

61.0%

610 000

-

Жами капитал қўйилмалар

4 653 876 911

424 696 096

Қишлоқ қурилиш банк

41.3%

443 125 273

42 333 750

Тошкент Металлургия заводи

49.9%

435 051 868

-

Микрокредитбанк

40.9%

242 586 324

-

Ўзмиллий банк

0.0%

200 476 410

-

Қишлоқ қурилиш инвест

20.7%

829 600

-

Жамиятлар капиталига инвестициялар

1 322 069 475

43 163 350

Ўзбек-Уммон инвестиция компанияси МЧЖ

25.0%

444 463 237

72 708 300

“Uzomankapital” МЧЖ

25.0%

6 090 053

2 423 610

Чет эл капитали иштирокидаги компанияларга жами капитал қўйилмалари

450 553 290

75 131 910

Жами узоқ муддатли инвестициялар

6 426 499 676

542 991 356

Манба: ЎзТТЖ

2017 йилда узоқ муддатли инвестициялардан олинган дивидендлар 42,1 млрд. сўмга етди. Бунда, узоқ муддатли инвестицияларнинг даромадлилиги 0,7 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, давлат томонидан тасдиқланган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида ЎзТТЖ томонидан давлат улуши мавжуд банкларга узоқ муддатли кредитлар ажратилган. 2017 йил 31 декабрь ҳолатига мазкур кредитлар ҳажми 38,3 трлн. сўмга етди (3-жадвал). Ушбу кредитлардан олинган фоиз даромадлари эса 592,2 млрд. сўмни (даромадлилик – 1,5 фоиз) ташкил этди.

3-жадвал. ЎзТТЖнинг узоқ муддатли кредитлари

минг сўм

Узоқ муддатли кредитлар

2017 йил 31 декабрь

2016 йил 31 декабрь

Ўзмиллий банк

13 316 660 894

4 292 738 583

Ўз Саноат қурилиш банк

11 218 455 712

4 496 618 261

Ипотека банк

3 687 041 618

967 221 720

Асака банк

10 037 819 938

2 345 577 428

Агробанк

34 866 464

-

Жами узоқ муддатли кредитлар

38 294 844 626

12 102 155 992

Манба: ЎзТТЖ

Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиқиб, ЎзТТЖ маблағларидан янада самарали фойдаланиш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

- давлат улуши мавжуд банклар устав капиталига киритилган инвестициялардан олинаётган дивидендларнинг жуда камлигини ҳисобга олиб, банк тизимини ислоҳ қилиш, хусусан хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда банк капиталидан қайтган ЎзТТЖ маблағларини истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтириш;

- давлат дастурлари доирасида ЎзТТЖ маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган (қўшма молиялаштирилган) лойиҳалар самарадорлигини экс-пост (ex post) таҳлил қилиш;

- Ўзбекистоннинг узоқ муддатли мақсадларидан келиб чиқиб, ЎзТТЖни негизида Келажак авлод фонди, Инфратузилма фонди ҳамда Барқарорлаштириш фондини ташкил этиш; бунда,

1) Келажак авлод фондининг мақсади – вақт ўтиши билан мамлакатдаги қайта тикланмайдиган табиий ресурслар захираларининг камайиб боришини ҳисобга олган ҳолда, мазкур фондга йўналтирилган маблағлар қийматини сақлаб қолиш ҳамда инвестиция рискларини бошқариш ва инвестицияларни диверсификация қилиш орқали активлардан максимал даражада даромад олишни кўзлаш;

2) Инфратузилма фондининг мақсади – Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиши таъминлаш ҳамда иқтисодиётни диверсификация қилиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида инфраструктурани ривожлантиришга инвестициялар киритиш;

3) Барқарорлаштириш фонди мақсади – қисқа муддатли макроиқтисодий беқарорликка қарши “буфер” вазифасини ўташ этиб белгилашни назарда тутиш.

Хулоса

Мамлакатларнинг халқаро захира активларини сақлаб туриш даражаси бошқа макроиқтисодий омиллар билан бир қаторда уларнинг ташқи хатарларга чидамлилиги ва макроиқтисодий барқарорлигини белгилаб беради. Шунинг учун, марказий банклар инқироз даврида ички ва ташқи шоклар иқтисодиётга зарба берган пайтда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун етарли даражада “хавфсизлик ёстиқчаси”ни яратиш мақсадида мақбул даражада халқаро захира активларини ушлаб туриши лозим.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олтин-валюта захиралари ҳажми сезиларли даражада ошди. Халқаро меъёрлар бўйича мамлакатимиз халқаро захираларининг етарли даражаси иқтисодиётимизнинг ташқи шокларга мослашувчанлигини ошириб, макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга ёрдам бермоқда.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари етарлилиги бўйича юқори кўрсаткичларни таъминлаб келмоқда. Сўнгги йилларда олтин-валюта захиралари тўғрисидаги умумий маълумотлар очиқланди. Келгусида Марказий банк томонидан ХВЖнинг Валюта захираларини бошқариш бўйича қўлланмасига мувофиқ, захираларни бошқариш фаолияти ва натижалари тўғрисида шарҳларни эълон қилиб борилиши олтин-валюта захираларини бошқариш шаффофлигини янада оширишга хизмат қилади.

Хорижий мамлакатлар тажрибаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон суверен бойлик фонди ҳисобланган Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси активларини бошқариш олтин-валюта захираларини бошқаришдан алоҳида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

ЎзТТЖнинг 14 йиллик фаолиятини чуқур таҳлил қилган ҳолда, мазкур жамғарма фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, хусусан жамғарма негизида Келажак авлод фонди, Инфратузилма фонди ҳамда Барқарорлаштириш фондини ташкил этиш лозим.

Халилуллоҳ Ҳамидов

Етакчи илмий ходим

Ферузбек Давлетов

Етакчи илмий ходим

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар