Оролбўйида деярли 400 та масала жойида ҳал этилди

Оролбўйида деярли 400 та масала жойида ҳал этилди

Ҳал бўлаётган ҳар бир масала ортида эса камида бир оила, ўнлаб инсонлар ҳаётидаги розилик мужассам. “Ишлаб, даромад топаман, ўз ҳаётимни ўзим ўзгартираман”, деган мурожаатчиларнинг масаласини ҳал қилишга ҳам бу қабулларда устувор аҳамият қаратилди. Дейлик, нукуслик тадбиркор Қияс Ҳабибуллаев биогомус етиштириш билан шуғулланади ва бу Оролбўйида нисбатан янги ишбилармонлик йўналишларидан биридир. Фаолиятини кенгайтириш масаласида ёрдам сўраган тадбиркорга ер участкасини аукционга чиқариш, ҳужжатларни расмийлаштириш масаласида амалий кўмак кўрсатилди.

Мулоқотлар жараёнида иш масаласида мурожаат қилган 13 нафар инсон доимий иш билан таъминланган бўлса, ўз уйида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, даромад топиш истагини билдирган 235 нафар мурожаатчига пишириқ пишириш печлари ва тикув машиналари берилди. Уларнинг аксарияти эса “темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган хотин-қизлардир. Бу эса биргина шу қабулнинг ўзида қарийб 250 нафар инсон ўз иши, даромад манбаига эга бўлди, деганидир.

Бу галги қабуллар натижасида “Инсон қадри учун” ғоясининг амалий рўёби нукуслик Наргиза Қайпназарова оиласига ҳам янги ҳаёт олиб кирди. Аёлнинг ўзи 2-гуруҳ ногирони, неча йилдан бери ижарама-ижара кун кечириб, икки фарзандини ёлғиз ўзи улғайтирмоқда. Бугунги оммавий қабулга нажот истаб келган Наргиза опанинг масаласи шу ерда ўрганилиб, уларга Нукус шаҳридаги ижтимоий уйлардан турар-жой ажратиб беришга қарор қилинди.

Нукус шаҳри “Жипек жоли” маҳалласида яшовчи Ринат Файзуллаев эса бу йил Нукус шаҳридаги юридик техникумга ўқишга кирди. Унинг орзуси таълим олиб, ҳуқуқшунос бўлиш, аммо контракт пулини тўлашга имкони йўқ. Айни масалада қабулга ёрдам сўраб келган Ринатнинг ҳам бу масаласи шу ерда ҳал қилиниб, унинг шартнома пуллари тўлаб бериладиган бўлди.

Ёки Нукуснинг “Теле орай” маҳалласида яшовчи Алмурат Жумамуратовнинг шу мазмундаги мурожаати асосида икки нафар талаба фарзандининг контракт пуллари маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплаб бериладиган бўлди. Умуман, шу куни қабулда жами ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 7 нафар талаба фарзандларига шу йўналишда ёрдам қўллари чўзилди.

Қабуллар давомида нафақат олий таълим олиш учун контракт пулларини тўлаб бериш, балки уй-жойини таъмирлаш, соғлиғини тиклаш, даволаниш учун имкон тополмаётган жами 92 нафар мурожаатчига амалий кўмак берилди. Айтайлик, нукуслик Амангелди Боранбаевнинг юрагида жарроҳлик амалиётини ўтказиш, Назира Алимбетованинг эса фарзандини даволатиш учун моддий ёрдам кўрсатилди.

Мухтасар айтганда, Президентимиз топшириғи асосида Оролбўйида ҳар бир соҳа бўйича ҳудудий масъуллар бир жойда жам бўлиб, ҳар бир мурожаатни синчиклаб кўриб чиқиб, уларга ечим топаётгани халқ билан мулоқот тизимини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Нукус шаҳрида ташкил қилинган оммавий қабулда ҳам 586 нафар мурожаатчининг 616 та масаласи кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 382 таси жойида ҳал қилинди, қолган масалаларни ўрганиш-у ечим топиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Халқ қабулхонаси назоратига олинди. Қорақалпоғистондаги секторлар раҳбарларининг бу каби очиқ-жонли мулоқотлари Оролбўйининг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил қилинмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар