"ОТP Bank Group" ўзбек тижорат банкларидан бирини хусусийлаштириш орқали Ўзбекистонга кириб келиши мумкин

Жорий йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Венгрия Савдо-саноат палатаси (CCП) президенти Лазло Парраг ва “OTP Bank Group” банки раиси ва ижрочи директори Шандор Чаньи билан учрашувлар ўтказди.

Л.Парраг билан бўлиб ўтган мулоқотда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида чорвачилик, қишлоқ хўжалиги, кимё, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати каби истиқболли соҳаларда муваффақиятли шериклик учун шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларнинг устувор йўналишларини аниқлаш имконини берди. Иккала томон умумий баҳосига кўра, хусусий компаниялар билан биргаликда амалга ошириш учун етарли салоҳият ва истиқболларга эга бўлган бир қатор аниқ лойиҳа таклифлари белгиланди. Ўзбекистонлик ва венгриялик тадбиркорлар ҳамда сармоядорлар орасидан бўлажак ҳамкорларни жалб этиш бўйича биргаликда иш олиб бориш юзасидан келишувга эришилди.

Томонлар ўзаро савдо миссияларини ташкил этиш, икки мамлакат бозорларида харидоргир бўлган маҳсулотлар рўйхатини ўзаро алмашиш ҳамда Ўзбекистон ва Венгрия тадбиркорларини ҳар икки мамлакатда ўтказилаётган саноат кўргазмалари ва ярмаркаларида фаол иштирок этишга чорлаш орқали товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш долзарблиги тўғрисида битта якдил фикрга келдилар. Ўзбекистон – Венгрия бизнес-форумини ўтказиш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини атрофлича муҳокама қилиш учун Венгрия ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Ш.Чаньи билан бўлиб ўтган учрашув давомида банк-молия соҳасидаги Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Венгрия томони Ўзбекистон молия бозори ривожланишининг ижобий тенденциялари ва бу борада хорижий инвесторларни жалб қилиш учун очилаётган қўшимча имкониятларни эътироф этди. Ўзбекистон томони банк соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, валюта бозорини либераллаштириш, давлат улушига эга бўлган ўзбек тижорат банкларини хусусийлаштириш, шунингдек, банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот тақдим этди.

Шу нуқтаи назардан, "ОТP Bank Group"нинг Ўзбекистон банк хизматлари бозорига ўзбек тижорат банкларидан бирини хусусийлаштириш орқали кириб келиш истиқболлари ҳамда ушбу йўналишдаги икки томонлама алоқалар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ушбу ташаббусни амалга ошириш юзасидан навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар