Ўзбекистон энергетика трансформацияси: бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиш

Ўзбекистон энергетика трансформацияси: бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиш

2017 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда электр энергия соҳасининг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан, 8 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг 90 тадан ортиқ ҳужжатлари қабул қилинди.

2016-2024 йилларда мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 38%га ошиб, 2016 йилдаги 59 млрд кВт/соатдан 2024 йилда 81,5 миллиард кВт/соатга етди.

Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келувчи электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 18%га ошиб, 2200 кВт/соатга етди. Охирги етти йилда ўтган 25 йилдаги энергия ҳажмидан 3 баробар кўп –11 минг МВт янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.

Иқтисодиётнинг жадал суръатларда ўсиб бораётганига қарамай, мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки хизмат учун камроқ энергия сарфлашга эришилди. Хусусан, 2017 йилдан 2024 йилгача мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 55%га ошган бўлса, ушбу даврда бир бирлик ишлаб чиқариш учун энергия сарфи 7,4%га камайди. Бошқача айтганда, иқтисодиёт камроқ энергия харажатлари билан ишлай бошлади – саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги ресурслардан янада оқилона фойдаланишга ўтди.

Бундай динамика иқтисодиётнинг янада самарали ишлаётганини кўрсатмоқда, яъни ҳар бир қўшилган қиймат учун камроқ энергия сарфлаб, кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилиб, бир миллион сўм ЯИМ учун электр энергия сарфи 56,8 кВт/соатга тушди.

Шунингдек, 54,8 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 17,2 мингта трансформатор станциялари модернизация қилинди. Натижада, мамлакатимиз бўйича 8 мингдан ортиқ маҳалланинг электр таъминоти яхшиланди. Таққослаш учун, 1991 йилдан 2016 йилгача атиги 9,3 минг км электр узатиш тармоқлари ва 4,8 мингта трансформатор янгиланган.

Қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йил якунига қадар Ўзбекистоннинг 10 та вилоятда умумий қуввати 4,1 минг МВт бўлган 14 та қуёш ва 3 та шамол электр станцияси ишга туширилди. 2024 йилда ишлаб чиқарилган “яшил” электр энергияси ҳажми 4,9 миллиард кВт/соатни ташкил этди.

Тарифларни эркинлаштириш орқали энергия ресурслардан оқилона фойдаланиш ва самарадорлигини ошириш

Ўсиб бораётган талабни ҳисобга олган ҳолда барқарор бозор механизмларини яратиш ва инвестицияларни жалб этишга қаратилган тарифларнинг эркинлаштирилиши энергетика соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг давоми бўлди.

Шу муносабат билан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2024 йил май ойида жорий этилган ижтимоий истеъмол нормасига асосланган янги тариф сиёсатининг уй хўжаликларининг энергия истеъмолига таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказилди.

Тадқиқотда республиканинг барча ҳудудларидан 3516 та уй хўжаликлари иштирок этди. Шунингдек, 3,5 миллион табиий газ ва 8 миллион электр энергияси абонентларининг истеъмол маълумотлари таҳлил қилинди. Бу эса, энергия истеъмоли таркиби ва тарифлар ўзгаришига аҳолининг муносабатини тушуниш имконини беради.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, 2024 йил май ойида жорий этилган ижтимоий нормага асосланган янги тарифлар натижасида аҳолининг энергия истеъмолида иқтисод қилиш сезиларли ўзгарган. Хусусан, май-декабрь ойларида электр энергияси истеъмоли 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 млрд кВт*соатга (-10,6%) қисқарган.

Илгари ойига 10 минг кВт/соатдан ортиқ электр энергияси истеъмол қилган уй хўжаликлари сони айниқса сезиларли даражада камайди. Хусусан, 2023 йилда бундай уй хўжаликларининг сони 80 мингга яқин бўлган бўлса, 2024 йилда бундай истеъмолчилар сони 15 мингтага тушган.

Эътиборли томони, аксарият аҳоли одатдаги меъёрлар доирасида энергия истеъмолидан фойдаланишни давом эттирди. Ойига 200 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилган абонентлар улуши 2023 йилда 71%ни ва 2024 йилда 72%ни ташкил этиб, барқарорлигича қолди.

Табиий газ истеъмолида ҳам шундай тенденция кузатилди, 2024 йилда абонентларнинг 58%и 500 куб метргача табиий газ ишлатган бўлса, 2023 йилда 54%ни ташкил этган. Шундай қилиб, тарифларнинг ошиши асосий истеъмол ҳажмининг кескин ўзгаришига олиб келмади.

Электр энергия истеъмолида энг сезиларли пасайиш дастлабки истеъмоли нисбатан юқори бўлган ҳудудларда, масалан, Самарқанд, Тошкент, Андижон ва Наманган вилоятларида кузатилди. Юқори истеъмол даражаси (ойига 10 000 кВт/соатдан ортиқ) бўлган уй хўжаликлари сонининг сезиларли даражада камайиши энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланишга ўтишдан далолат беради.

Шу билан бир қаторда энергия таъминоти сифати ҳам яхшиланмоқда. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг деярли ярми электр энергияси билан таъминлаш, шунингдек, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасидаги ижобий ўзгаришларни қайд этди.

Уй хўжаликларининг 47%, хусусан, Сурхондарё (78%), Сирдарё (70%) ва Наманган (67%) вилоятларида электр энергияси таъминоти яхшилангани қайд этилди.

Респондентларнинг 39%ида табиий газ таъминоти яхшиланди, энг юқори кўрсаткичлар Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида (ҳар бири 68%) ҳамда Жиззах вилоятида (60%) қайд этилди.

Аҳолининг 45%ини, хусусан, Сирдарё (73%), Сурхондарё (62%) ва Наманган (59%) вилоятларида суюлтирилган газ билан таъминлаш яхшиланди. Шундай қилиб, давом этаётган ислоҳотлар натижасида асосий энергия хизматларидан фойдаланиш яхшиланганлигини кўрсатади.

Ижобий ўзгаришлардан яна бири уй хўжаликларида маиший даражада энергия тежаш чораларини кенг жорий этиш бўлди. Респондентларнинг 90%дан ортиғи энергия харажатларини камайтириш учун камида битта чора-тадбир амалга оширилганлигини маълум қилди.

Энг кенг тарқалган амалиёт LED-ёритиш мосламаларини ўрнатиш бўлиб, уй хўжаликларининг 87%и светодиодли ёритишга ўтган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Тошкент вилоятлари каби айрим ҳудудларда бундай оилалар сони 90%дан ошди.

Уй хўжаликларининг 44%и, айниқса, Қашқадарё (84%), Бухоро (69%) ва Хоразм (54%) вилоятларида пластик дераза ва эшикларни ўрнатиш орқали энергия самарадорлигини яхшилаган.

31% уй хўжаликлари энергия тежамкор маиший техника сотиб олган, бундай қарорларнинг энг катта улуши Жиззах (60%), Навоий (59%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон (54%) Республикасида кузатилди.

Бундан ташқари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга қизиқиш ортиб бормоқда.

Республикадаги 64 минг уй хўжаликларида умумий қуввати 223,4 МВт/соат бўлган қуёш панеллари ўрнатилган. Йиллик ишлаб чиқариш қарийб 313 млн кВт/соатни ташкил этади, бу орқали 104 млн куб метр табиий газ тежалди.

Қуёш панелларини ўрнатган уй-хўжаликларининг ярмидан кўпи эришилган натижалардан мамнун эканликларини, келгусида мазкур қурилмалар сонини кўпайтиришга қизиқиш билдиришган. Таҳлил шуни кўрсатадики, республикада 1,9 млн уй хўжаликларида қуёш панелларини ўрнатишга талаб мавжуд, бу эса умумий қиймати 2,3 млрд доллардан ортиқ бўлган қуёш панеллари бўйича ички бозорни шакллантириш истиқболлари кўрсатади.

Шу билан бирга, хонадонларда самарадорлиги паст бўлган газ котеллари ва қўлбола печка орқали юқори энергия истеъмоли сақланиб қолмоқда, бу уй-жой инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий технологияларга ўтишни рағбатлантириш зарурлигини кўрсатади.

Энергия самарадорлигини ошириш: иқтисодий фойда ва атроф-муҳитга таъсири

Мамлакатимизда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш соҳасида инвестиция салоҳияти шакллантирилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатдаги кўп хонадонли уй-жой ташқи деворларни изоляциялаш, иситиш тизимларини алмаштириш, эшик ва деразаларни алмаштириш натижасида йилига 60 миллион доллардан ортиқ маблағни тежаш мумкин.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларга кўра, ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, соғлиқни сақлаш муассасалари, мактабгача таълим муассасалари ва давлат мактабларида ҳам шундай салоҳият мавжуд бўлиб, энергия самарадорлигини оширишга қаратилган мақсадли инвестициялар киритилиши орқали энергия истеъмолини 20-50%га тежаш имконини беради ва истеъмолни йилига 7,1 млрд кВт/соатгача қисқартириш мумкин.

Иқтисодий фойдадан ташқари, бу чора-тадбирлар ҳар йили атмосферага чиқариладиган СО₂ ҳажмини ўртача 780 минг тоннага қисқаришига ёрдам беради. Мамлакатда углерод бирликлари савдоси бозори шаклланмоқда ва биз ортиқча квоталарни бошқа давлатларга муваффақиятли равишда сотяпмиз. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш савдо ҳажмини янада оширишга имкон беради, бу эса йилига 50 миллион долларгача даромад келтириши мумкин.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тел: (78) 150 02 02 (417)
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар