Ўзбекистон ерёнғоқлари илк марта Хитойга экспорт қилинди

Ўзбекистон ерёнғоқлари илк марта Хитойга экспорт қилинди

Жорий йил май ойидан «Global Export Company» масъулияти чекланган жамияти Хитой бозорига Ўзбекистонда етиштирилган ерёнғоқни экспорт қилишни бошлади. Хитойга 1 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг шартнома доирасида маҳсулот етказиб берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Маълумот тариқасида айтиш керак, Хитой Халқ Республикаси жаҳондаги ерёнғоқ етиштирадиган нафақат йирик ишлаб чиқарувчи, балки йирик истеъмолчи ҳам ҳисобланади. Масалан, 2019 йилда Хитойнинг тозаланган ерёнғоқ импорти ҳажми 405 минг тоннани ташкил этди. Бу 285 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг. Африка қитъасидаги Сенегал, Эфиопия, Судан, шунингдек, Ҳиндистон ва Америка Қўшма Штатлари ушбу маҳсулотни етказиб берган асосий мамлакатлар бўлди. Энди эса Хитойга ерёнғоқ етказиб берадиган экспортчи давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам жой олди.

Таъкидлаш жоиз, 2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси кўмагида Ўздавкарантин билан ХХР Бош божхона бошқармаси ўртасида Хитойга ўзбек ерёнғоғи экспорт қилинишига қўйиладиган фитосанитар талаблар тўғрисидаги протокол имзоланган эди.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, Пекиндаги элчихонамизнинг фаол иштирокида Хитойга етказиб бериладиган мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турларини янада кўпайтириш бўйича мажмуавий ишлар ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Буларнинг натижаси ўлароқ, Хитой бозорига 14 турдаги маҳсулотлар экспортини кўзда тутадиган фитосанитария талаблари бўйича идоралараро протоколлар имзоланди. Улар орасида гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, кунжут, майиз, қуритилган ўрик, ёнғоқ, аччиқ ва ширин ўрик данаги, асал ва бошқа маҳсулотлар мавжуд.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар