Молия вазирлиги Давлат ички ва ташқи қарз департаменти директори Жасур Қаршибоев қарзлар қандай шартлар асосида олинаётгани тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, Жаҳон банки томонидан Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси (2-транш) юзасидан қўшимча молиялаштириш сифатида 200 млн. доллар миқдоридаги имтиёзли кредит 30 йил муддатга (шундан, 5 йил имтиёзли давр) 1,2% ўзгарувчан ставкада (6 ойлик либор + 0,88% ўзгарувчан спрэд) ажратилди.
Халқаро валюта жамғармаси томонидан республика иқтисодиётига коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида 375 млн. АҚШ доллари эквивалентида кредит маблағлари ажратилди.
Имтиёзли кредитлар ўз ичига 10 йил муддатга (шундан, 5 йил имтиёзли давр) 125 млн. АҚШ долларига тенг фоизсиз тезкор кредитлаш линияси ва 5 йил муддатга (шундан, 3 йил имтиёзли давр) 250 млн. АҚШ доллари 1,05% ўзгарувчан ставкадаги тезкор молиялаштириш инструментини олади.
Осиё тараққиёт банки томонидан 500 млн. АҚШ доллари миқдоридаги бюджетни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит 15 йилга (шундан, 3 йил имтиёзли) 0,84% ўзгарувчан ставкада (6 ойлик либор + 0,5%) ажратилди.
Билдирилишича, Инқирозга қарши курашиш жамғармасига халқаро молиявий институтлардан жалб қилинган маблағларни президентнинг ҳамда ҳукуматнинг тегишли фармон, қарор ва кўрсатмаларига асосан ажратилмоқда ҳамда мазкур ажратилган маблағларнинг сарфи бўйича тегишли маълумотлар Молия вазирлиги томонидан мунтазам равишда эълон қилиниб келинмоқда.
Изоҳ қолдириш