Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги парвозларни босқичма-босқич қайта тиклашга чақирди

Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги парвозларни босқичма-босқич қайта тиклашга чақирди

Ўзбекистон коронавирус пандемияси шароитида туризм ва маданий алмашинувни ривожлантириш учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ўртасидаги парвозларни босқичма-босқич қайта тиклашга чақирди. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 30 ноябрь куни ШҲТга аъзо давлатлари ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг онлайн мажлисида тегишли баёнот билан чиқди.

Абдулла Ариповнинг фикрича, бу жараён коронавирус пандемияси шароитида барча санитария талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон томонининг ҳар йили ШҲТга раислик қилаётган мамлакат шаҳарларидан бирини ташкилотнинг туристик ва маданий пойтахти этиб эълон қилиш таклифига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганлари учун томонлардан миннатдор бўламиз. Шунингдек, биз 2021−2022 йилларда туризм соҳасида ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлиги Дастурини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тез фурсатларда тасдиқлашни қўллаб-қувватлаймиз», деди Абдулла Арипов.

Бош вазир Самарқандда «Ипак йўли» халқаро туризм университети ташкил этилгани ва у ШҲТ давлатлари учун туризм соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича мувофиқлаштирувчи таълим муассасасига айланиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

«Барча ҳамкорлар ва ҳамкасбларимизни мазкур университет фаолиятида фаол иштирок этишга таклиф этиб қоламиз. Барча мамлакатларга қабул учун тегишли квоталарни ажратишга тайёрмиз», — дея қўшимча қилди ҳукумат раҳбари.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар