Ўзбекистон темир йўл транспортининг халқаро тизимга интеграцияси

Ўзбекистон темир йўл транспортининг халқаро тизимга интеграцияси

Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда темир йўл юк ташиш транспорти катта ўрин тутади. Бу бир қатор омиллар билан белгиланиши мумкин:

биринчидан, Ўзбекистон Ўрта Осиёнинг марказий қисмида жойлашган бўлиб, ҳудудий давлатлар билан умумий чегарага эга: шимол ва шимоли-ғарбда Қозоғистон билан, жануби-ғарбда Туркманистон билан, жанубда Афғонистон билан, жануби-шарқда Тожикистон билан ва шарқда Қирғизистон билан чегарадош;

иккинчидан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ҳудудида марказий ўринга эгалиги унинг ҳудудий жараёнларда муҳим ўрин тутишини белгилаб беради;

учинчидан, Ўзбекистон географик жойлашуви ва транспорт коммуникацияларини ривожланган тизимига эгалиги билан ҳам аҳамиятга эга;

тўртинчидан, Ўзбекистонда автомобиль йўллари тармоғи юқори зичликка эга - 100 км2 - 41 кмни ташкил этади; (солиштириш учун: Тожикистонда – 100 км2га - 19,4 км, Қирғизстонда 100 км2 – 17 км, Қозоғистонда – 100 км2 га - 4,7 км, Туркманистонда – 100 км2 га - 2,8 км).

бешинчидан, минтақанинг қуруқлик ва ҳаво алоқалари, Марказий Осиё геосиёсий маркази сифатида, замонавий Ўзбекистон халқаро транзитнинг ноёб имкониятларига эга;

олтинчидан, халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш ва барқарор стратегияни шакллантириш Ўзбекистоннинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини кенгайтириш ва келажакда ривожлантириш учун барча шароитлар яратилмоқда. Мамлакатда ички батамом янги темир йўл ва автомобиль магистраллари қурилиши амалга оширилмоқда. Халқаро аэропортларни қайта таъмирланиб, ихтисослашган халқаро транспорт терминаллари яратилмоқда. Ўзбекистон ҳудуди орқали маҳсулотларнинг тўсиқсиз транзитини таъминловчи транзит товарларнинг норматив-ҳуқуқий базаси ишлаб чиқилмоқда. Республика асосий транспорт конвенцияси ва халқаро шартномаларга қўшилди ва бу иш давом этмоқда.

Ўзбекистон транспорт коммуникациялари масалалари бўйича 70 дан ортиқ халқаро конвенция, икки томонлама шартномалар аъзоси сифатида уларни интеграцияси бўйича халқаро дастурларда қатнашмоқда. Кўпчилик амалга оширилаётган транспорт лойиҳалари мамлакатнинг транзит салоҳиятини ўстиришга йўналтирилган. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудуди чет эл юк ташувчи ҳаракатланувчи транзитга мўлжалланган 99 та маршрут ўтмоқда.

Жаҳон ҳамжамияти эволюциясининг негизи ва иқтисодий, ижтимоий ривожланишнинг асосий тенденциялари сифатида глобаллашув тан олинган. Глобаллашув жараёнлари базис инфратузилмасининг шаклланиш даври сифатида замонавий шароитни таснифлаш мумкин. Марказий Осиёнинг улкан энергоресурс, коммуникация ва ҳарбий стратегик салоҳияти унга Евроосиёдан географик жиҳатдан узоқроқ (АҚШ, Хитой, Ҳиндистон) давлатларининг киришига замин бўлди.

Жаҳон савдо тузилмаси таҳлили кўрсатишича, бирор бир минтақада юз берган сиёсий ва иқтисодий шароит жаҳоннинг бошқа минтақаларига ҳам таъсирини кўрсатади. Қатор иқтисодчи-таҳлилчилар фикрича, охирги ўн йилликларда иқтисодий фаоллиги ўсган Жануби–Шарқий Осиёнинг жаҳон иқтисодиётига, Европа иқтисодиётига яқин келажакдаги таъсири янада кучаяди. Шарқий Осиё, шу жумладан, Хитой Ғарбий Европани ЯИМ ҳажми бўйича ўзиб кетиши мумкин ва 2020 йилдан кейинги даврда Шимолий Америкадан ҳам.

Халқаро Валюта Фонди экспертлари баҳоси бўйича Европа ва Осиё ўртасидаги товар айланмаси 600 млрд. долларни ташкил этади. Жаҳон иқтисодиёти ривожланишини баҳоловчи прогнозлар XXI асрнинг бошларида асосий молия ва маҳсулот оқимлари учбурчак - АҚШ-Европа-Жануби-Шарқий Осиё, шу жумладан, Хитойга жамланишини кўрсатган. Ҳозирнинг ўзида Европадан Осиёга ва аксинча, юкларни етказиш муаммоси борлигини кузатишимиз мумкин. Шунинг учун Хитойнинг Марказий Осиёда йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиши юқори, бундан ташқари, Кирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари орқали темир йўл қурилиши режаси, ХХРнинг Эрон ва Туркия темир йўл тармоқлари билан боғланишига, у орқали Ғарбий Европа бозорларига чиқишига имкон яратади.

Босфор боғози темир йўл тоннели (2013 йил 29 октябрда ишга туширилган).

Ўзбекистоннинг транспорт тизими, қўшни давлатлар транспорт ташувчилари билан рақобатни кучайтиришда, жаҳон транспорт тизимига фаол интеграция зарурлиги ва яқин қўшни давлатларнинг транспорт-коммуникация тизимига яқинлашишга сиёсат амалга оширилиши лозимлигига қаратилган. Бу қадам Ўзбекистонни транспорт-транзит салоҳияти самарадорлигини ошириши ва ҳудуддан ўтувчи халқаро транспорт коридорлари фаолиятининг амалга оширилишини таъминлайди.

Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош Ўзбекистоннинг геостратегик жойлашуви, қўшни давлатлар билан темир йўл транспорти, автомобиль ва авиация хизматига эгалиги, мамлакатни транспорт-логистика тизими ШҲТ ва ЕОИХга аъзо давлатлар билан ривожланаётган савдо-иқтисодий ҳамкорлигини белгиловчи асосий омилдир.

Шу мақсадда Ўзбекистонда транспорт-логистика тизимини сифатли ва тезкор ривожлантирувчи кенг кўламли ва мақсадли дастурий чоралар амалга оширилмоқда. Хусусан, Хайратон ва Мозори-Шариф темир йўл линиялари эксплуатацияга туширилди, шунингдек, “Бир макон-бир йўл” ташабусси асосида хитойлик мутахассислар томонидан қурилган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўл линиясини барпо этилди, уни ишга туширишдан мақсад нафақат Фарғона водийси вилоятлари ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш имкониятини яратиш, шу билан бирга, Хитой — Марказий Осиё — Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиши ҳам назарда тутилган эди. Узунлиги 123,1 километр бўлган Ангрен — Поп темир йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида 19,2 километрлик туннель барпо этилди.

Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон магистрал темир йўл тармоқлари Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни бирлаштирадиган салмоқли транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга. Шарқий – Ғарбий йўлакдаги юкларни шакллантиришнинг асосий марказлари бир вақтнинг ўзида халқаро ва қитъа савдосининг энг йирик сегментини ташкил этадиган Хитой ва Европа Иттифоқидир.

2018 йил якунларига кўра, Хитой-Европа савдо ҳажми 604,604 млрд. еврони ташкил этди, шундан 209,906 млрд. евро Европа Иттифоқининг Хитойга экспорти ва 394,698 млрд. евро Хитойнинг Европа Иттифоқига экспорти ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон учун “Шимоли-Жануб” халқаро транспорти йўлларига стратегик қизиқиш, авваламбор, Европанинг етакчи мамлакатларининг қуруқлик йўлакларидан фойдаланишга бўлган қизиқишнинг ўсиши ҳисобланади. Агарда “Шимоли-Жануб”га аъзо давлатлар юк ташишнинг барқарор, тез ва арзон схемаларини тузишга муваффақ бўлишса, бунинг оқибатида ҳинд бизнесининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиши мумкин. Тахминларга кўра, 2025 йилга келиб Ҳиндистон дунёдаги учинчи йирик истеъмол бозорига айланади, бу, Марказий Осиё мамлакатлари экспортининг манфаатларига жавоб беради.

Ўзбекистонда транспорт инфратузилмаси соҳасида режалаштиралаётган ва ҳозирда амалга оширилаётган лойиҳалар асосан темир йўл лойиҳалари орқали тақдим этилади, улар транспорт тармоғида 8,3 млрд доллар миқдоридаги умумий инвестициянинг 71 фоизини ташкил этади.

Ушбу жараёнларга қўшилиш ва бундай лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги боғловчи геоиқтисодий жозибадорлигини оширади.

Шунингдек, Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақасининг бошқа мамлакатларини Марказий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европанинг улкан бозорларига энг қисқа йўл билан улаш учун янги стратегик имкониятлар очилмоқда. Бироқ ушбу имкониятларнинг мужассамлашуви турли мамлакатларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасининг номувофиқлиги билан боғлиқ; техник стандартлар; бутун трасса бўйлаб ягона темир йўл изининг йўқлиги, шунингдек, Хитойдан Европа Иттифоқига Ўзбекистон орқали олиб ўтиладиган трассада транспорт жараёнларида иштирок этувчи мамлакатларда божхона расмийлаштирувининг узоқ давом этиши чегараларда транзит юкларнинг узоқ туриб қолишига олиб келмоқда. Ушбу сабаблар ҳамдўстликка аъзо давлатлар Темир йўл транспорти кенгаши (МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари) ва бошқа мамлакатларнинг халқаро темир йўл ташкилотларининг манфаатларига жиддий тўсиқ ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси

профессори Д.Н. Раҳимова

Ушбу нашр муаллифларнинг фикрларини ёритади ва бу ерда келтирилган маълумотлар учун жавобгарликни олмайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар