Солиқ ва Божхона қўмиталари, Марказий банк ҳамда Республика товар-хомашё биржасининг тезкор маълумотларига кўра, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида тадбиркорлик фаоллиги бўйича мониторинг олиб бормоқда.
Жорий йилнинг февраль ойи якунларига кўра, солиқ тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,8 фоизга ўсиб, барқарор ижобий динамикани намоён этди.
Солиқ тушумларининг энг юқори ўсиши Навоий, Сирдарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳрида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда ўсиш суръати ўртача 33 фоизни ташкил қилди.
Божхона тўловлари 22,7 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Навоий вилоятида 78 фоиз ва Наманган вилоятида эса 55,4 фоизни ташкил этди.
Фарғона ва Самарқанд вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳрида барқарор ижобий ўсиш қайд этилди. Ушбу ҳудудларда тушумлар ўртача 35 фоизга ошди.
Ташқи иқтисодий кўрсаткичлар таҳлилига кўра, товарлар экспорти 26,1 фоизга ўсди. Энг юқори ўсиш Самарқанд вилоятида 95,5 фоиз ва Тошкент вилоятида 61,6 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, кредитлаш соҳасида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди. Кўриб чиқилаётган даврда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 4,8 фоизга кўпайди. Энг юқори ўсиш Самарқанд вилоятида (+70,3%) кузатилди. Бухоро, Наманган, Хоразм ва Фарғона вилоятларида эса кредитлаш ҳажми ўртача 51 фоизга ўсди.
Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида амалга оширилган битимлар ҳажми 40,6 фоизга ошди. Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида биржа фаоллиги ўсгани қайд этилди. Айниқса, Хоразм вилоятида фаоллик 99,6 фоизга ошди. Шунингдек, Сирдарё, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилиб, ўртача 60 фоиздан зиёдни ташкил этди.
Султонмурод Озодов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш