Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида бизнес муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди.
Олинган маълумотлар асосида бизнес муҳитининг жорий ҳолати ва келгуси уч ойлик кутилмаларни ифодаловчи жамланма индикатор шакллантирилди.
Ўзбекистонда жамланма бизнес муҳити динамикаси
2026 йил февраль ойи якунларига кўра, жамланма бизнес муҳити индекси (-100 дан +100 гача бўлган шкалада) 65 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11 бандга юқори бўлган.

Бизнес муҳитининг яхшиланиши асосан тадбиркорларнинг кутилмалар индекси ошгани ҳисобига таъминланди. Ушбу кўрсаткич 13 бандга ўсиб, 81 бандга етди. Шунингдек, бизнеснинг жорий ҳолатига берилаётган баҳолар ҳам яхшиланиб, 51 бандни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 10 бандга юқори.
Сўров натижалари ишбилармонлик фаоллигининг асосий кўрсаткичлари бўйича ижобий ўзгаришларни кўрсатмоқда. Жорий бизнес ҳолатини яхши деб баҳолаган тадбиркорлар улуши 44 фоизни ташкил этди (ўтган йил февраль ойида — 38 фоиз).
Ходимлар сонини оширган корхоналар улуши 12 фоиздан 19 фоизгача кўпайди. Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини 34 фоиз тадбиркор қайд этди (ўтган йили — 28 фоиз).
Шунингдек, маҳсулотга бўлган талаб ошганини маълум қилган табдиркорлар улуши 39 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу давридаги 22 фоизга нисбатан анча юқори бўлди.
Бизнес муҳити индексида соҳалар кесимидаги динамика
Тармоқлар кесимида ўтган йилга нисбатан барча асосий иқтисодиёт соҳаларида бизнес муҳити яхшиланди.

Энг катта ўсиш қишлоқ хўжалигида кузатилиб, индекс 29 бандга ошиб, 73 бандга етди. Бу ўсиш ҳам жорий ҳолатнинг яхшиланиши, ҳам кутилмаларнинг сезиларли ошиши ҳисобига таъминланди.
Бизнес ҳолатини яхши деб баҳолаган тадбиркорлар улуши 41 фоиздан 56 фоизгача ошди. Талаб ўсганлигини билдирганлар 52 фоизни (35 фоиз), сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини қайд этганлар эса 49 фоизни (32 фоиз) ташкил этди.
Хизматлар соҳасида бизнес муҳити индекси 8 бандга яхшиланиб, 61 бандга етди. Жорий ҳолат баҳолари нисбатан барқарор сақланган бўлса-да, кутилмалар яхшиланган.
Соҳадаги табдиркорларнинг 72 фоизи (ўтган йили 71 фоиз) келгуси 3 ойда маҳсулотга талаб ортишини кутмоқда. Шу билан бирга, бандликда ҳам ўсиш кузатилиб, ишчилар сонини оширган корхоналар улуши 12 фоиздан 16 фоизгача ошди.
Қурилиш тармоғида бизнес муҳити 8 бандга ўсиб, 69 бандни ташкил этди. Ижобий ўзгаришлар ҳам жорий ҳолат индексида, ҳам кутилмалар индексида кузатилди. Тадбиркорлар бандлик ошгани ва талаб ортиб бораётганини кўпроқ қайд этмоқда, бу эса тармоқда барқарор ўсиш сақланаётганини кўрсатади.
Сўнгги уч ойда бизнес муҳити яхшиланганини қайд этганлар улуши 26 фоиздан 34 фоизгача ошди. Ишчилар сони кўпайганини билдирганлар 15 фоиздан 27 фоизгача ошди. Шунингдек, тадбиркорларнинг 80 фоизи яқин уч ойда маҳсулотга талаб ошишини кутмоқда (77 фоиз).
Саноат соҳасида умумий бизнес муҳити ўсиши нисбатан мўътадил бўлиб, 2 бандга ошиб, 67 бандга етди. Шу билан бирга, истиқболдаги кутилмалар юқори даражада сақланмоқда. Тармоқда талабнинг ўсиши ва бандликнинг босқичма-босқич ортиши давом этмоқда..
Сўнгги уч ойда талаб ошганини 32 фоиз тадбиркор қайд этди (ўтган йили 29 фоиз). Ишчилар сони ошганини билдирганлар улуши 13 фоиздан 22 фоизгача кўпайди. Шу билан бирга, респондентларнинг 77 фоизи келгуси 3 ойда маҳсулотга талаб янада ошишини кутмоқда, бу ҳам ўтган йилги кўрсаткичдан юқори.
Тадбиркорлик фаолиятидаги асосий муаммолар
Сўров натижаларига кўра, тадбиркорларнинг 61 фоизи ўз фаолиятида ҳеч қандай тўсиқларга дуч келмаётганини билдирган. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан (57 фоиз) юқори бўлиб, бизнес юритиш шароитлари умумий яхшиланганини кўрсатади.
Шу билан бирга, ўтган ойга нисбатан кредит олиш, электр таъминоти, шунингдек транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммоларни қайд этган респондентлар улуши камайди. Айни вақтда ер олиш, коммунал тўловлар қимматлиги ва солиқ ставкалари юқорилиги билан боғлиқ айрим масалаларни кўрсатган тадбиркорлар улуши бироз ошди.
Иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлиги ва инвестицион фаолликни ўрганиш шўъбаси: (78) 150 02 02 (441)
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш