Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик натижалари

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик натижалари

Жанубий Корея Ўзбекистон ташқи савдосида юқори улушга эга бўлган 5 давлатдан биридир. Ушбу мақола давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни ўрнатилиш тарихи, ривожланиш тенденциялари, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий – гуманитар йўналишларда ҳамкорлик масалалари кенг ёритилган.

Айниқса, сўнгги тўрт йил давомида амалга оширилган Олий даражадаги учрашувлар якунлари, янги йўналишлардаги ҳамкорлик натижалари ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқаларга алоҳида урғу берилади.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Ташқи сиёсий йўналишда мустақил Ўзбекистон тез суръатларда ривожланаётган дунёнинг барча давлатлари билан, шу билан бирга Корея Республикаси билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишга урғу бермоқда.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчилардан бўлиб, яъни 1991 йилнинг охирларида тан олган, дипломатик алоқалар 1992 йил 29 январда ўрнатилган. Ўтган 29 йиллик давр мобайнида ҳар икки томон давлат раҳбарлари ўртасида олий даражадаги 17 та учрашув ўтказилган. Ушбу учрашувларнинг ҳар бирида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим аҳамиятга эга бўлган келишувларга эришганлар.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2006 йилда мамлакатларимиз ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди.

2014 йилда эса Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Ушбу ҳужжат республикалар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини яратди.

Икки мамлакатнинг сиёсий муносабатлари ҳақида сўз кетганда, аввало, давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий дўстликни таъкидлаш керак. Бу дўстлик Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бак Сеул мэри бўлган йиллари бошланган. 2008 йилда Ли Мён Бак президент сайловида ғалаба қозониб, давлат раҳбари лавозимини эгаллагач, инаугурация маросимига олий фахрий меҳмон сифатида Ўзбекистон раҳбарини таклиф этди. 2009 йилнинг май ойида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари Тошкентда учрашдилар. Давлат раҳабарларининг ҳар бир учрашуви икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаб борди.

Сўнгги тўрт йил давомида эса Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатлари икки давлат раҳбарлари ўртасидаги бой ва сермазмун сиёсий мулоқотга асосланган ҳолда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

2017 ва 2019 йилларда амалга оширилган ўзаро давлат ташрифлари натижасида имзоланган ҳукуматлараро битимлар ва тижорат шартномаларининг умумий миқдори 22 миллиард долларни ташкил этди. 2019 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар “алоҳида стратегик шериклик” даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан 2020 йил 30 октябрь куни Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумида ўз нутқи билан иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари нутқида жаҳондаги мушкул вазият ва глобал инқироз шароитида айнан шундай кўп томонлама мулоқот янги хатар ва таҳдидларга самарали қарши туриш учун имконият яратиб, мамлакатларимиз барқарорлиги, фаровонлиги ва изчил тараққиётини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев халқаро сиёсатнинг энг муҳим жиҳатлари ва минтақавий ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтди.

Муҳим йўналишларда, шу жумладан, Корея компаниялари билан биргаликда ташкил этилаётган фармацевтика кластери негизида самарали вакцина ва зардоблар, касалликларни тез ва аниқ ташхислаш тизимларини ишлаб чиқиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш таклифи билдирилди.

Бундан ташқари, замонавий лабораториялар яратиш ва чегаралардаги санитария назорати пунктларини модернизация қилиш, юқори малакали врачларни тайёрлаш, тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш корхоналарини ташкил этиш, минтақада эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш ва барвақт прогнозлаштиришнинг интеграциялашган тизимини жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари Корея Республикасини мамлакатимизга рақамли ва “яшил” технологияларни келтиришда асосий ҳамкорлардан бири деб билишини алоҳида таъкидлади.

2021 йил 28 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар борасида алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришни таъкидладилар.

Олий, касб-ҳунар ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва реставрация қилиш соҳаларидаги ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли дастурлари кўриб чиқилди.

Жорий йилда жанубий кореялик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида жами 400 миллион долларгача инвестицияларни ўзлаштирилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, икки давлат ҳамкорлигининг янги йўналиши сифатида юқори технологик соҳалар, шу жумладан энергетика, нефть-газ, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт ва логистика, туризм ва кўплаб бошқа тармоқларда жами қиймати 3,4 миллиард АҚШ доллардан зиёд бўлган 55 та янги лойиҳа амалга оширилади.

Бугунги кунга қадар икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 14 раунд сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди (охиргиси 2020 йил 5 ноябрда видеоанжуман шаклида ўтказилган). 2018 йил 17 – 18 апрел кунлари Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. 2007 йил ноябр ойидан буён “Корея Республикаси – Марказий Осиё” йиллик ҳамкорлик форуми фаолият кўрсатиб келмоқда. 2020 йил ноябр ойида Ташқи ишлар вазири А. Камилов Форумнинг 13-йиғилишида иштирок этди.

Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси бугунги кунга қадар Корея Республикасининг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келганн. Хусусан, БМТ нинг ирқий камситишни бартараф этиш бўйича Қўмитасига (2018 – 2021 йиллар), ЭКОСОС (2016 й.), инсон ҳуқуқлари Кенгашига (2013 – 2015 й. ва 2016 – 2018 й.), халқаро ҳуқуқ Комиссиясига (2017 – 2021 й.), БМТнинг халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссиясига (2013-2019 й. ва 2019-2025 й.), халқаро телекоммуникация Иттифоқи Кенгашига (2010 – 2014 й., 2014 – 2018 й. ва 2018 – 2022 й.), халқаро телекоммуникация Иттифоқи Кенгаши телекоммуникация стандартлаштириш бюроси директорлигига (2014 й.), Жаҳон метеорология ташкилоти Ижроия Кенгаши аъзолигига (2011 й., 2015 й., 2019 й.) илгари сурган номзодларини қўллаб қувватлади.

Ўз навбатида расмий Сеул ҳам БМТ Бош ассамблеяси доирасида Ўзбекистоннинг ташаббуси билан 2018 йилда қабул қилинган иккита, яъни “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ҳамда “Таълим ва диний бағрикенглик” резолюцияни қўллаб-қувватлади ва унга ҳаммуаллифлик қилди Шунингдек, Жанубий Корея 2021 – 2023-йиллар давомида Ўзбекистоннинг БМТ инсон ҳуқуқлари Кенгашига номзодини қўллаб-қувватлади.

Ҳамкорликнинг шартномавий – ҳуқуқий асосларига тўхталадиган бўлсак, республикалар ўртасида 181 та ҳужжат имзоланган бўлиб, улардан 4 таси давлатлараро, 53 таси ҳукуматлараро, 75 таси идоралараро ва 49 таси бошқа ҳужжатлар (халқаро шартнома мақомига ега бўлмаган халқаро ҳужжатлар).

Корея Республикаси Ўбекистоннинг Осиё-тинч океани минтақаси давлатлари савдо ҳамкорлари орасида етакчи ўринларни эгаллайди. Хусусан, 1992 йилда имзоланган савдо битимига мувофиқ мамлакатлар ўртасида энг қулай афзалликлар режими ўрнатилган. Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар йилдан йилга ўсиб бориши томонлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам “пойдевор”га эгалиги билан ажралиб туради.

2015 – 2020 йилларда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси

млн. АҚШ долл.

2015 й.

2016 й.

2017 й.

2018 й.

2019 й.

2020 й.

Савдо айланмаси

1 739,6

1 070,4

1 387,6

2 159,1

2 755,3

2 142,3

Экспорт

176,4

201,8

143,3

108,6

93,5

45,5

Импорт

1 563,2

868,7

1 244,3

2 050,5

2 661,8

2 096,8

Сальдо

-1 386,8

-666,9

-1 101

-1 941,9

-2 568,3

-2 051,3

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра 2020 йил якуни бўйича икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 2 142,3 миллион АҚШ долларни ташкил қилди. Шундан экспорт – 45,5 миллион АҚШ долларни, импорт эса – 1 872,7 миллион АҚШ долларни ташкил қилди.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореяга экспорт қиладиган асосий маҳсулотлари транспорт, қурилиш, туризм хизматлари (33,5%), ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари (20,6%), тўқимачилик маҳсулотлари (13,4%), кимёвий маҳсулотлар (10,3%), электр ускуналар ва унинг қисмлари (6,2%), озиқ-овқат маҳсулотлари (4,3%), қурилиш материаллари (4,1%), ёғли уруғлар, мевалар (2,6%) ва бошқалар.

Кореядан келтириладиган импорт маҳсулотларининг асосий қисмини транспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари (41,1%), турли хил механик ва электр ускуналар (23,1%), пластмасса ва улардан тайёрланган маҳсулотлар (5,5%), қурилиш материаллари (5,3%), қора металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (4,1%), оптик ускуналар ва аппаратлар (3,2%), кимёвий маҳсулотлар (2,4%), каучук ва резина маҳсулотлари (2,3%) ва бошқалар.

Томонлар инвестицион ҳамкорлик бўйича ҳам улкан ютуқларга эришиб келмоқда. Хусусан, 1992-2020 йиллар мобайнида Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан – тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ доллардан ортиқ. Корея инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони эса 875 тани ташкил қилиб, улардан 539 таси – 100% Корея капитали иштирокида шакллантирилган. Ушбу корхоналарнинг фаолияти асосан савдо, енгил саноат, тоғ-кон, кимё, озиқ – овқат саноатларига, машинасозлик ва металга ишлов бериш, уй-жой-коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва хизматлар соҳаларига ихтисослашган.

Ўзбекистонга инвестиция киритган энг йирик компаниялар “Корея миллий нефть корпорацияси” (KNOC), “Корея газ корпорацияси” (KoGas), “Daewoo International”, “Korean Air”, “Shindong Enercom”, “Haintex” ва “LG” ҳисобланади.

Шу жумладан, “Корея газ корпорацияси” (KoGas) “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан ҳамкорликда Ўзбекистон шимоли-ғарбидаги Устюрт ясси тоғлигида қиймати 4 миллиард АҚШ доллар бўлган газ-кимё мажмуасини 2016 йилда қуриб битирди. “Корея миллий нефть корпорацияси” эса Фарғона водийсида янги нефть конларини қидириб топиш лойиҳаларини амалга ошириш устида иш олиб бормоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан 74 та Корея компанияларининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.

Молия-техникавий кўмак соҳасида Корея Эксимбанки иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик Фонди (EDCF) тизимидаги ҳамкорлик доирасида:

- 2014 – 2017 й. – 179,5 миллион АҚШ долларли 4 та лойиҳа;

- 2018 – 2020 й. – 659,4 миллион АҚШ долларли 7 та лойиҳа;

- 2021 – 2022 й. – 1,37 миллиард АҚШ долларли 12 та лойиҳа амалга оширилади.

Ундан ташқари, Халқаро Ҳамкорлик бўйича Корея Агентлиги (KOICA) йўналишидаги техник ҳамкорлик Ўзбекистонга беғараз асбоб-ускуналар тақдим этиш, мутахассислар ва ходимларни Корея Республикасида ўқитиш, корейс экспертлари ва кўнгиллиларни Ўзбекистонга юбориш йўналишларида амалга оширмоқда. Хусусан, 1995 – 2020 йиллар мобайнида KOICA йўналишида Ўзбекистон Республикасига кўрсатилган беғараз ёрдамнинг умумий ҳажми 130 миллион АҚШ долларни ташкил қилиб, маблағлар соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялар, коммунал хўжалик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишга мақсадида йўналтирилган.

Шунингдек, бугунги кунга қадар KOICAнинг техник ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистон вазирликлари ва идораларининг 2 000 дан ортиқ вакиллари Корея Республикасида таҳсил олди ҳамда 70 дан ортиқ кореялик экспертлар ҳамда 500 дан ортиқ кўнгиллилари Ўбекистонда ўз миссиясини амалга оширди.

2007 йилдан буён давлатларимиз ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Бандликка рухсат бериш тизими бўйича 31,5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Жанубий Кореяга юборилди. Ҳозирги кунда Жанубий Кореяда 17 мингга яқин ўзбекистонликлар меҳнат қилмоқда. Ҳар йили Корея Ҳукумати томонидан Ўзбекистон учун 3 – 3,2 минг киши аторофида квота ажратилади.

2018 йил сентябр ойида Кореянинг Кванжу шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси ташкил этилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик йўналишида ҳам бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, таълим соҳасида Тошкентда 1992 йилдан бошлаб Корея таълим маркази фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасида ва 48 та мактаб ва лицейларида корейс тили ўргатилади.

Маҳаллий олийгоҳлар Кореянинг 45 дан ортиқ университет, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистонда Кореянинг Инха, Пучон, Ёжу университетлари, филилаллари ҳамда Фарғонада Корея халқаро университети фаолият юритиб келмоқда. 2021 йил 1 февралда эса Ажу университетининг филиали очилди.

Тошкентда Корея методологияси бўйича ташкил этилган 324-сонли мактабгача таълим муассасаси фаолият юритади.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида ҳозирга қадар республикамизнинг 400 дан ортиқ тиббиёт мутахассислари Кореянинг етакчи клиника ва марказларида малакасини оширди. 2019 йил апрель ойида соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон-Корея ҳамкорлик маркази ташкил этилди.

2020 йил май ойида EDCF фонди кўмагида Тошкентда қиймати 130 миллион АҚШ долларли “Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази” қурилиши якунланди. Бугунги кунда Корея томони билан қиймати 150 миллион АҚШ долларли “Катталар кўп тармоқли тиббиёт маркази” ҳамда 150 миллион АҚШ долларли “Онкологик клиника” қурилиши бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Икки давлат ўртасида маданият соҳасида алоқалар ҳам изчиллик билан давом этмоқда. 2014 йилда Тошкентдаги “Дўстлик боғи”ҳудудининг бир қисмида Сеул боғи ташкил этилди. 2018 йил октябр ойида Сеулда “Ўзбекистон маданияти ҳафталиги” ташкил этилди.

2019 йил март ойида “Корея – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми котибияти томонидан ташкил етилган “Сеулда Наврўз” халқаро фестивалида" “Наврўз” ва “Лазги” ижодий гуруҳлари иштирок этди. 2019 йил апрел ойида Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйи фаолиятини бошлади. Тошкент кўчаларидан бири “Сеул”деб номланди.

Туризм соҳасида 2018 йил 10 февралдан буён Ўзбекистонда Корея Республикаси фуқаролари учун 30 кунга қадар визасиз режими жорий этилди. 2019 йилда Жанубий кореялик машҳур актриса Ли Ёнг-ае Ўзбекистоннинг Кореядаги сайёҳлик элчиси этиб тайинланди.

2020 йил давомида Ўзбекистонга 6 489 та Корея фуқароси ташриф буюрди (2019 йилда – 35 524 та, 2018 йилда – 27 269 та).

Бугунг кунда, ҳамкорликнинг янги йўналиши сифатида Ўзбекистон Рсепубликаси ва Жанубий Корея ўртасидаги ташқи савдо айланмасининг номутаносиблигини тенглаштириш ҳамда экспорт-импорт операциялари номенклатурасини диверсификация қилиш мақсадида икки давлат ўртасида Эркин савдо тўғрисида битим имзоланиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон билан Эркин савдо тўғрисида битим имзоланиши тўғрисида Корея Республикаси Президенти 2020 йил 31 декабрда Корея халқига йўллаган янги йил табригида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди[9].

Маълумот учун: Эркин савдо тўғрисида битим – халқаро интеграциянинг бир тури бўлиб, халқаро шартномага мувофиқ иштирокчи давлатлар ўртасида ўзаро савдода божхона тўловлари, солиқлар, йиғимлар, шунингдек миқдорий чекловлар бекор қилинади.

Жорий йил 24 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Б Абидов ҳамда Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлигининг Эркин савдо битимлари бўйича Бош директори Янг Ги Ук видеоконференция шаклида Эркин савдо тўғрисида Битим лойиҳаси юзасидан навбатдаги сессиялараро музокаралар ўтказди.

Томонлар Битим лойиҳасини кўриб чиқдилар ҳамда айрим товарларга қўлланаладиган тариф чекловларини соддалаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Шу билан бирга, Жанубий Корея Ўзбекистон Республикасини Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида кўмаклашиб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳга Корея Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотидаги доимий вакили жаноб Ли Те Хон раислик қилади. 2020 йил август ойида ЖСТ котибият билан Ишчи гуруҳ йиғилишининг 5 раунди ўтказилди.

Умуман олганда, дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён Корея Республикаси барча йўналишларда, хусусан амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ўзгаришларда, халқаро масалалаларда Ўзбекистоннинг синалган, ишончли стратегик ҳамкорига айланди. Ўз навбатида Ўзбекистон билан сиёсий, иқтисодий жабҳаларда кенг алоқаларни йўлга қўйиш Корея томони манфаатларига ҳам тўла мос келади. Бундан келиб чиққан ҳолда томонлар яқин ва узоқ истиқболда икки томонлама алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳаракат қиладилар.

Хуршидбек Самиев

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар