Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодий таҳлил марказлари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди

Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодий таҳлил марказлари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари Обид Ҳакимов раҳбарлигидаги эксперт-таҳлил доираларининг делегацияси Озарбайжон Республикасига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад маълумот алмашиш ва олиб борилаётган иқтисодий тадқиқотлар даражасини оширишдан иборат.

Ташриф давомида Озарбайжон Республикаси Иқтисодий ислоҳотлар ва коммуникациялар таҳлили маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Меморандум Озарбайжон ИИКТМ ижрочи директори Вусал Гасимли ҳамда Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директори Обид Ҳакимов томонидан имзоланди.

Меморандумда ҳар икки марказ экспертлари томонидан бирга тадқиқот ва таҳлилларни олиб бориш, семинарлар ва тадбирларни ташкиллаштириш, стипендия дастурларини ташкил этишни ўрганиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Қайд этиш керакки, Марказ директори Обид Ҳакимов раҳбарлигида Президент Администрацияси делегацияси, Миллий Maжлис ва турли давлат тузилмалари билан учрашувлари ташкил этилди.

Делегация аъзолари Озарбайжон хизмат кўрсатиш ва баҳолаш тармоғи (ASAN), Барқарор ва тезкор ижтимоий таъминот маркази (DOST), Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги кичик ва Ўрта бизнесни ривожлантириш агентликлари (KOBİA), Azexport, Рақамли савдо маркази ҳамда azranking.az, monitoring.az ва EnterpriseAzerbaijan.com порталларининг тажрибаси билан танишди.

Озарбайжон Республикаси Иқтисодий ислоҳотлар ва коммуникациялар таҳлили маркази томонидан ташкил этилган ташрифдан мақсад Ўзбекистон делегациясининг Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида амалга оширилаётган муваффақиятли иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш моделини ўрганишдан иборат.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар