Ўзбекистон ва Озарбайжон таҳлил марказлари ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Озарбайжон таҳлил марказлари ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида (Марказ) Озарбайжон Республикаси Иқтисодий илмий тадқиқот институти (ИИТИ) вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Минтақадаги етакчи таҳлилий марказларнинг иккинчи Ўзбекистон Иқтисодий форумида иштирок этиш доирасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Хуршед Асадов Озарбайжон Иқтисодий илмий тадқиқот институти (ИИТИ) вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Марказ директори ўринбосари Хуршед Асадов ва Марказ шўъба мудири Абдурашид Бозоров ва Озарбайжон томонидан ИИТИ илмий ходими Натиг Мадатов ва илмий ходимлар Шукур Гулиев, Элсевар Латифли иштирок этишди.

Марказ экспертларининг қайд этишича, Ўзбекистон Озарбайжон Республикасини минтақадаги асосий ҳамкорлардан бири деб ҳисоблайди ва икки давлат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётганини таъкидлайди. Хусусан, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги 5 йилда қарийб 7 баробарга ўсди – 2021 йилда 118,8 миллион долларга етди, жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича товар айирбошлаш миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 157% ўсиб, 130,4 миллион долларга етган. Марказ раҳбариятининг қайд этишича, мамлакатлар ўртасидаги барқарор ривожланишнинг асосий омили Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг яқин ўзаро ҳамкорлиги бўлмоқда.

Учрашув давомида меҳмонларга Марказнинг ҳозирги тадқиқотлари ҳақида, хусусан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, бугунги кунда Марказ нафақат илмий-таҳлилий фаолият билан, балки ҳукумат Акселератори каби муҳим соҳада ҳам шуғулланаётгани таъкидланди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази платформасидаги Акселератор Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури доирасида Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлари билан Гарвард университети методологияси бўйича ҳамкорликда амалга оширилаётган марказ ташаббусларидан биридир.

Музокаралар чоғида томонлар бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, мамлакатнинг жаҳон саҳнасидаги, жумладан, Марказий ва Жанубий Осиёдаги янгиланган ташқи сиёсати ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини батафсил кўриб чиқдилар.

Ўз навбатида, Озарбайжон томони Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жуда муҳим ва ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади.

Суҳбат чоғида икки мамлакат илмий марказлари ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар, истиқболдаги режалар ҳамда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўғрисида маълумот берди.

Озарбайжон ва Ўзбекистон Республикаларида илмий марказларнинг иқтисодий ислоҳотларни шакллантиришдаги ўрни, белгиланган асосий вазифалари, асосий тадқиқот мавзулари ва келажакда ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган муҳим йўналишлар тўғрисида маълумот алмашиш, тренинглар ва илмий конфренциялар ўтказиш, кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

ИИТИ вакилларининг таъкидлашларича, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсадларини ўрганишга Озарбайжон томони юқори даражада қизиқиш билдирмоқда.

Шунингдек, Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Жаноб Микайил Жабборов Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳукуматлараро комиссиянинг ҳамраиси (Озарбайжон томонидан тайинланган қўшма раис) эканлигини айтиб ўтди. Бу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар яратишига алоҳида урғу бериб ўтди.

Томонлар Ўзбекистон ва Озарбайжон эксперт-таҳлилий гуруҳларининг ҳамкорликдаги фаолияти, илмий тадқиқотларнинг назарий ва амалий аҳамияти, келгусидаги тадқиқот йўналишлари билан боғлиқ масалаларни алоҳида муҳокама қилди.

Учрашув якунлари бўйича икки тадқиқот марказлари ўртасида илмий-тадқиқот дастурлари асосида келгусида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Маълумот учун: Озарбайжон Иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодиёт илмий тадқиқот институти яқинда қайта ташкил этилган бўлиб, институт Иқтисодиёт вазирлигига иқтисодий ислоҳотларни шакллантириш, ислоҳотларни мониторинг қилиш, методиологик кўмак бериш ва иқтисодий самарадорликни янада ошириш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш каби асосий вазифаларни бажаради. Ушбу Институт жами 130 га яқин илмий ходимлар ва экспертлар фаолият юритишига мўлжалланган. Шунингдек, институт таркибида 30 га яқин мутахассис экспертга эга ўқув тренинг маркази фаолият юритади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар