Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.
Давлатимиз раҳбари пандемия шароитига қарамай Венгриядан шундай катта делегация келгани ўзаро дўстлик ва ҳурмат мустаҳкам эканидан далолат беришини таъкидлади.
Ўзбек ва венгр халқларини муштарак тарихий илдизлар, яқин ҳамкорлик ришталари бирлаштириб келади. Бугунги кунда эса Венгрия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Биргаликдаги интилиш ва амалий ишлар натижасида бу шериклик йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда.
Сўнгги тўрт йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми салкам уч баробарга ўсган. Мураккаб пандемия шароитига қарамай, ўтган йили ҳам бу ижобий динамика сақлаб қолинган.
Ишбилармонлар ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, шу йил февраль ойида Будапештда иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес-форум ўтказилган эди. Кеча Тошкентда икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Музокарада икки томонлама ҳамкорлик бобида ҳали ишга солинмаган жуда катта имкониятлар борлиги таъкидланди. Шу боис асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлашни кўпайтириш, савдо ҳажми мувозанатини тенглаштириш, зарур маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Бу борада Будапештда ташкил этилаётган Ўзбекистон-Венгрия савдо уйи имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Саноат кооперацияси – ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналишидир. Венгриянинг илғор тажрибаси асосида Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва машинасозлик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ҳам ривожланмоқда. Самарқанд ва Жиззах вилоятларида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни модернизация қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида Венгрия тажрибасини татбиқ этиш мўлжалланмоқда. Шу мақсадда Венгриядан юқори малакали экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга келди.
Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ҳудудлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, ҳар йили Минтақалар форумини ўтказиш таклифини билдирди.
Венгрия қишлоқ хўжалиги, меваларни сақлаш ва қайта ишлаш, балиқчилик ҳамда уруғчилик соҳаларидаги илғор тажриба ва технологиялар билан алмашишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди.
Мамлакатларимиз соғлиқни сақлаш, илм-фан ва таълим бўйича тажриба алмашиб келмоқда. Жорий ўқув йилида ўзбекистонлик талабалар учун Венгриядаги олий ўқув юртларида 100 дан ортиқ грант ажратилган. Жорий йилда Тошкентда Дебрецен университети иш бошлайди.
Бу соҳалардаги ишларни изчил давом эттириш, илм-фан ва маданият муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Мутасаддиларга музокараларда эришилган келишувлар ижросини тўлиқ таъминлаш учун “йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берилди.
Изоҳ қолдириш