Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўтган ҳафтада давлат раҳбарининг мис саноатини ривожлантириш бўйича ўтказган йиғилиши ҳақида қўшимча ахборот берди.
"Халқаро экспертларнинг фикрича, электромобиллар, электротехника ва қайта тикланувчи энергия соҳаларининг ривожланиши эвазига 2030 йилга бориб дунёда мисга бўлган талаб 40 фоизга ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда эса бу бозорни эгаллаш бўйича жуда катта имконият бор. Охирги йилларда геологик қидирувларга ажратилган маблағлар натижасида юртимизда янги-янги конлар топилмоқда. Хусусан, бугунги кунда 40 миллион тоннадан ортиқ мис захираси аниқланган.
Энг асосийси, давлатимиз раҳбари энди мисни қуруқ хомашё шаклида эмас, балки уни қайта ишлаб, қўшилган қийматли маҳсулот сифатида сотиш талабини қўймоқда.
Бугунги кунда миснинг қарийб 60 фоизи хомашё сифатида экспорт қилинмоқда. Мисдан келадиган даромад 2,5 миллиард долларни ташкил этаётир. Келгуси 5 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 400 минг тоннагача етказиш орқали бу кўрсаткични, турдош тармоқлар билан бирга, 7-8 миллиард долларга етказиш мумкин."
Шунингдек, Президент қарорига мувофиқ, Мис саноати кластери ташкил этилади.Геология-қидирув ишлари ҳам давом эттирилади. Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, рангли ва ноёб металларни қидирув ишларини кенгайтириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқилади.
Изоҳ қолдириш