Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги миснинг дунёда ҳозирги ва келажакда ишлатилиши ҳақидаги умумий шарҳини эълон қилди.
Саноат мис концентрацияси тахминан 0,5% бўлган тоғ жинсларини қайта ишлайди. Бой рудалар бу 2%, ўртача бойликдаги рудалар 1−2%, паст рудалар эса 1%дан кам даражадаги мисдан ташкил топади.
Бойитиш жараёни сулфид шаклига, шунингдек, миснинг минерал бирикмаларига боғлиқ. Ўзбекистонда миснинг сулфидли шакли ва минерал бирикмалари 70% дан 85% гачани ташкил қилади. Бунинг натижасида, бойитиш жараёни ва рудадаги миснинг миқдори (концентрацияси) 0,345%ни ташкил этади.
Якуний мис маҳсулотининг таннархи кўп жиҳатдан рудадаги мис таркибига (концентрациясига) ва унинг рудадан олинишига боғлиқ. Таркиби қанчалик юқори бўлса, мис ишлаб чиқаришда якуний маҳсулот таннархи ҳам шунча паст бўлади.
– Миснинг дунёда ўртача нархи бир тонна учун — 3200−3500 доллар.
– Ўзбекистонда миснинг бир тоннаси — 3800−4200 доллар.
Ишлаб чиқариш ва фойдаланиш
Миснинг асосий глобал истеъмолчиси Хитой бўлиб қолмоқда, унинг улуши 2020 йилда 54%ни ташкил этди. 2020 йилда Хитойга тозаланган мис импорти 4,5 миллион тоннани ташкил этди, бу 2019 йилга нисбатан 30% га кўпдир. Мис қолдиқлари импорти Хитойнинг импорт қилинадиган чиқиндилар сифатини назорат қилишни кучайтириш бўйича янги меъёрий талаблари туфайли 35 фоизга камайиб, 0,8 миллион тоннага етди.
Мис ишлаб чиқаришнинг катта қисми Лотин Америкаси ва Кариб денгизи мамлакатларига тўғри келади — 2020 йилда қазиб олинган 20,8 миллион тоннанинг 8,5 миллион тоннаси (40,8%).
Халқаро экспертларнинг фикрича, 2030 йилга бориб, электромобиллар ишлаб чиқариш, электротехника ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳисобига мисга бўлган глобал талаб 40% га ошади.
Шу билан бирга, мис қайта тикланмайдиган табиий ресурс бўлиб, яқин ўн йилликлар ичида танқис материаллардан бирига айланиши мумкин. Ишончли қазиб олинадиган мис захиралари, яъни қазиб олишнинг иқтисодий рентабеллигини ҳисобга олган ҳолда техника ва технологиянинг ҳозирги ривожланиш даражасида ишлаб чиқилиши мумкин бўлган захиралар атиги 340 млн тоннани ташкил этади. Агар захиралар кўпаймаса ҳамда мис қазиб олиш ва ишлаб чиқариш технологияси такомиллашмаса, қазиб олинадиган захиралар фақат 2040 йилгача етади.
Халқаро мис уюшмаси (ICA) маълумотларига кўра, миснинг асосий қисми бинолар қурилишида — 28% ва инфратузилма — 28%, оғир машинасозликда — 11%, транспортда — 12% ишлатилади. Бироқ, автомобилсозлик саноатида мисдан фойдаланишни кескин кенгая бошласа, бу мис ишлаб чиқариш саноатида кескин бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.
2030 йилга келиб, электр йўловчи ташувчи автомобиллар ишлаб чиқариш учун мис истеъмоли ҳозирги даражани уч баробарга оширади. (Халқаро энергетика агентлиги прогнозларига кўра, 2030 йилга келиб, дунёда юк машиналари ва автобусларни ўз ичига олган 145 млн электромобил бўлади).
Электромобилларда мис оддий автомобилларга қараганда қарийб тўрт баробар кўп. У электр моторларининг батареялари, ўрашлари ва мис роторларида, электр симларида, автобусларда ва заряд инфратузилмасида ишлатилади. Машинанинг ҳажмига қараб ишлатилган мис миқдори ошади: электромобилда ички ёнув двигателлик автомобилларга қараганда 11−16 баробар кўп мис ишлатилади .
Электромобиллар бозори 3 миллион тоннадан ортиқ мисни ташкил қилади. Мис электр ўтказувчанлиги, чидамлилиги ва эгилувчанлиги юқори бўлганлиги сабабли, электромобиль учун муҳим элемент ҳисобланади. Аммо ундан ҳам кўпроқ қисми заряд станцияларида ва электр тармоқлари инфратузилмасини қўллаб-қувватлашда ишлатилади. Шамол энергияси ва қуёш иссиқлик электр станцияларининг ривожланишида мис ҳам муҳим рол ўйнайди. Тоза энергияни кенг қўллаш учун ҳам мис керак бўлади.
Келажакда мис тез электромобиллар учун қувватлаш станцияси яратилишида етакчи муҳим металлга айланади. Тез қувватлаш станциялари ёрдамида электромобилни тўлиқ заряднинг 80 фоизигача 20 дақиқада «зарядлаш» мумкин. Аммо бу қурилмалар фақат мис билан амалга ошади.
2030 йилга бориб бутун дунё бўйлаб 20 миллиондан ортиқ электромобилларни қувватлаш пунктлари жойлаштирилиши кутилмоқда, бу эса 2019 йилга қараганда электр станциялари учун мис истеъмолига 250% кўпроқ сарфланишига олиб келади (ҳар бир электр станцияси 0,7 кг мисдан ва тез электр станцияси 8 кг гача мисдан фойдаланилади).
Ўзбекистонда Олмалиқ кон-металлургия комбинати негизида мис саноати кластери яратилмоқда. Сўнгги 5 йил ичида республикада мис ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баробар ошди.
ОКМК — йиллик мис ишлаб чиқариш ҳажми бўйича МДҲда учинчи ўринда туради — 148 минг тонна (Россияда — 973 минг, Қозоғистонда — 500 минг тонна).
Аммо республикада қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ишлар етарли эмас. Хусусан, миснинг қарийб 60 фоизи хомашё сифатида экспорт қилинади.
Ҳозирги кунда ОКМК ташқи сотувининг асосий бозори Туркия бўлиб, у ерга товарларнинг 60−70 фоизи етказиб берилади. Кейинги ўринларда Хитой, МДҲ ва Шарқий Европа давлатлари туради. Бундан ташқари, мис маҳсулотларини Қатар, Австралия, Индонезия, Польшага экспорт қилиш йўлга қўйилган, БААга етказиб беришга тайёргарлик кўрилмоқда ва Шимолий Америка бозорлари ўрганилмоқда.
Таклифлар
Иқтисодий тараққиёт вазирлиги Саноатни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бошқармаси бошлиғи Муродилла Анарбоев қуйидагиларни таклиф қилмоқда:
мисни чуқур қайта ишлаш бўйича «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ва «Ўзавтосаноат» АЖ билан биргаликда Мис кластери (ОКМК) асосида электромобиллар учун электр ёнилғи қуйиш шохобчалари ишлаб чиқаришни ривожлантиришни ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш (Маълумот учун: ҳозирда республика ҳудудида 25 дан ортиқ электр қувватлаш шохобчалари ўрнатилган ва йил охиригача улар сони тахминан 50 донага етади);
Мис кластери билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун Ўзбекистонда электромобиллар ва электр автобуслар ишлаб чиқаришни ташкил этиш масаласини ишлаб чиқиш;
мис ишлаб чиқариш ҳажми ортиши билан 400 минг тоннагача ва келгуси 5 йил ичида мисни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ тармоқлар ҳисобга олинса, бу кўрсаткич 2,5 млрд доллардан 7−8 млрд долларга етказиш.
Изоҳ қолдириш