Ўзбекистонда ажралишлар сони ўтган йилга нисбатан 20 фоизга камайган

Ўзбекистонда ажралишлар сони ўтган йилга нисбатан 20 фоизга камайган

Давлат статистика қўмитасининг хабар беришича, 2020 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон ФҲДЁ органлари томонидан 75,5 минг никоҳ рўйхатга олиниб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 27,5% ва 20% пастроқ кўрсаткич қайд этилган.

Мамлакат бўйича 1000 аҳолига нисбатан никоҳ тузиш коэффициенти 4,5 промиллени (2019 йилнинг биринчи ярмида 6,3 промилле) ташкил этди.

Ҳудудлар бўйича энг юқори никоҳ коэффициенти Хоразм (6,4 промилле), Қорақалпоғистон Республикаси (5,2) Сирдарё (5,1) Сурхондарё (4,9) вилоятларида кузатилган бўлса, энг кам никоҳ тузиш коэффициенти Наманган (3,6), Самарқанд (3,7), Навоий (3,8) ва Жиззах (4,2) вилоятларида қайд этилди.

Январь-июнь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 12,8 мингта ёки 2019 йилнинг шу даврига (16 мингта) нисбатан 20 фоиз камроқ никоҳдан ажралишлар қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коэффициенти 0,8 промиллени (бир йил олдин — 1 промилле) ташкил этди.

Ҳудудлар бўйича энг юқори никоҳдан ажрашганлар коэффициенти Тошкент шаҳри (1,3 промилле), Сирдарё (1,2 промилле), Андижон (1,0 промилле) ва Навоий (0,9 промилле) вилоятларида, энг кам никоҳдан ажрашганлар коэффициенти эса Қорақалпоғистон Республикаси (0,5 промилле), Қашқадарё (0,5 промилле), Хоразм (0,5 промилле) ва Сурхондарё (0,6 промилле) вилоятларида кузатилди.

Дастлабки маълумотларга асосан, республикада жами ажралишларнинг 52,9% фарзандсизлар, 27,5% битта фарзанд билан ва 19,6% икки ва ундан ортиқ фарзанд билан ажрашганлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, оилада фарзандлар қанча кўп бўлса, ажралиш хавфи шунчалик камаяди. Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси эса бундан мустасно. Бухоро вилоятида битта болали оилаларда ажралиш (37,5%), боласи бўлмаган никоҳларга қараганда (34,9%) кўпроқ бўлди. Икки ёки ундан кўп болали оилалар фақат 27,6% ҳолларда ажрашдилар. Қорақалпоғистонда 30,6% ҳолларда болаларсиз никоҳлар бузилган, битта бола билан — 41,1%, икки ва ундан ортиқ болалари билан эса — 28,3%.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар