Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йил 17 ноябрь ҳолатига кўра аҳолининг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат нархлари индекси ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: индекс гўшт ва сут маҳсулотлари (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, сут, тухум), сабзавотлар (пиёз, карам, помидор, сабзи, бодринг, картошка), мевалар (олма, нок), полиз маҳсулотлари (тарвуз, қовун, қовоқ, узум), дуккакли экинлар (нўхат, ловия, мош), гуруч, ун, макарон, сабзавот, сариёғ ва шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланди.
Ягона индексини тузишда, мамлакат аҳолисининг истеъмол одатларини тавсифловчи оғирликлар қўлланилди (яъни, аҳоли ўртасида ушбу маҳсулот қанча кўп истеъмол қилинса, унинг оғирлиги шунча юқори бўлади).
Натижада қуйидагилар аниқланди:
2020 йил 17 ноябрь ҳолатига республикада озиқ-овқат нархлари ўтган ҳафтага нисбатан ўсиш суръати +1,05% ни ташкил қилди (1-расм).
1-расм. Истеъмол саватидаги озиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг ўсиш суръати динамикаси (%)
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика қўмитаси (ДСҚ) тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари
Ўтган ҳафта билан таққослаганда тухум, сабзи, ловия, мош, гуруч ва парранда гўшти каби маҳсулотларнинг ўртача нархи пасайди (1-жадвал).
Маълумот учун: сабзи нархи ўтган ҳафтага нисбатан -2,0% тушиб кетди ва 1 килограм учун 2023 сўмни ташкил этди. Гуруч нархи -0,7% га тушиб, 1 кг учун 9 960 сўмни ташкил этди. Мош (-0,6%) ва ловия (-0,4%) нархлари мос равишда 11 354 сўм ва 11 354 сўмга тенг бўлди. Тухум нархи (10 дона) -0,3% га тушиб, 10 485 сўмни ташкил қилди.
Бир ҳафта ичида мол гўшти, ун, картошка, шакар, сут каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида сезиларли ўзгариш кузатилмади (1-жадвал).
Маълумот учун: мол гўшти нархи (+0,2%) республика бўйича ўртача 56 592 сўмни ташкил этди. Буғдой уни нархи 4 463 сўмга тенг бўлди, ўсимлик ёғи (+0,5%) нархи эса 1 литр учун 13 573 сўмни ташкил этди. Картошка, шакар, сут каби озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида ўтган ҳафта билан таққослаганда сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Помидор (+8,1%) ва бодринг (+7,6% ) нархлари ўтган ҳафта билан таққослаганда қимматлашди ва 1 килограмм учун мос равишда 7 509 сўм ва 10 931 сўмни ташкил этди.
1-жадвал. 17 ноябрь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўтган ҳафтага нисбатан ўсиши ёки пасайиши, (%)
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика қўмитаси (ДСҚ) тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари
Изоҳ қолдириш