Ўзбекистонда олтинни эркин сотишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси маъқулланди

Ўзбекистонда олтинни эркин сотишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси маъқулланди

Депутатлар “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллашди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Янги қонун лойиҳасида қимматбаҳо металлар, тошларни қазиб олиш, уларни аффинаж қилиш, заргарлик буюмларининг асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш, давлат органларининг ваколатлари, қимматбаҳо металлар ва тошларга эгалик ҳуқуқларининг вужудга келиши, соҳада рухсат этиш тизими асослари кўрсатиб ўтилган.

Лойиҳада қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар давлат эгалигида бўлгани сингари юридик ва жисмоний шахслар эгалигида ҳам бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.

Таъкидланишича, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши соҳада бир қатор ижобий натижаларни беради. Жумладан, мамлакат иқтисодиёт тармоқларида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасидаги фаолиятни амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилади.

“Лойиҳа билан қимматбаҳо металларнинг эркин муомаласи йўлга қўйилмоқда. Бу эса, тадбиркорлик субъектлари томонидан қимматбаҳо металларга хом ашё сифатида бўлган эҳтиёжи қондирилади. Тадбиркорлик субъектлари томонидан қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқувчилардан ёки биржадан сотиб олиш имкони яратилмоқда”, дейилган хабарда.

Шу билан бирга қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасида давлат органларининг ваколатлари аниқ белгиланяпти. Бу қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши, ҳалол тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Шунингдек, лойиҳа қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш тартибини соддалаштиришни назарда тутади. Унга қимматбаҳо металлар ва тошларга эгалик ҳуқуқини назарда тутувчи нормалар киритилган бўлиб, бу қимматбаҳо металларга оддий товар сифатида қараш, тадбиркорлик субъекти ёки жисмоний шахслар ҳам уларга эгалик қилиш, ўрнатилган тартибда эркин тасарруф этиш имконини беради.

Мазкур қонун лойиҳа қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган заргарлик буюмларига ўзлари ишлаб чиқарувчи тамғаси билан тамғалаш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.

Умуман олганда, ушбу янгиликлар соҳа фаолиятини хуфиёна иқтисодиётдан чиқариши, тармоққа инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиши ҳамда рақобат муҳитини яхшилашга кўмаклашиши айтилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар