Ҳозирги кунда аксарият корхоналар қийинчиликни бошдан кечирмоқда. Ва муаммоларнинг сезиларли қисми ўз ходимлари олдидаги мажбуриятлар билан боғлиқ.
Қандай қилиб иш берувчи зарар кўрмаслиги ва бунда меҳнат қонунчилигини бузмаслиги мумкин. Бу ҳақда юридик фанлари номзоди, Меҳнат кодекси муаллифларидан бири Михаил Юсупович ГАСАНОВ buxgalter.uz'нинг саволларига жавоб берди.
Коронавирус билан бўлган вазият бизнес учун – форсмажор. Шу асосда ходимларни ҳақ тўланадиган ёки ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариш, уларнинг иш вақтини қисқартириш ёки ишдан бўшатишгача бўлган бошқа шунга ўхшаш чоралар кўриш мумкинми?
– Форс-мажор – юридик концепция, унга мувофиқ шартнома тарафи фавқулодда ва енгиб бўлмас куч ҳолатлари рўй берганда уни бажармаганлик учун жавобгарликдан халос бўлиши мумкин.
Фуқаролик кодексида шундай ҳолатларга бағишланган норма мавжуд. Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда форсмажор туфайли мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Ушбу нормани айтайлик, иш берувчи корхона ва ишларни бажарувчи жисмоний шахс ўртасида тузилган фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномага қўллаш мумкин.
Меҳнат қонунчилиги эса иш берувчининг ходим олдидаги мажбуриятларини бажаришни тўхтатиб туриш имкониятини берадиган қандайдир нормаларни назарда тутмайди.
Иш берувчи Меҳнат кодекси ва меҳнат тўғрисидаги бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилиши лозим. Шу боис масалан, ходимларнинг розилигини олмасдан иш берувчининг ташаббуси билан уларни масофадан ишлашга ўтказиш, ҳақ тўланадиган таътилга (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно) – ёки иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқариш, тўлиқ бўлмаган иш вақтини ўрнатиш мумкин эмас.
Сақланиб қолаётган меҳнат шароитларида иш ҳақини камайтириш ёки унинг тўланилишини кечиктиришга йўл қўйиб бўлмайди. Меҳнат шартномасининг бекор қилинишида ходимга фойдаланилмаган асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсация, шунингдек, ишдан бўшатиш нафақасини тўлашдан, қачонки МК бундай мажбуриятни иш берувчига юклаганда бош тортиш ноқонунийдир.
Иш берувчи ходимларга нисбатан фақат меҳнат қонунчилигида назарда тутилган ёки унга зид бўлмаган чораларни кўришга ҳақли. У қонунда назарда тутилган барча таомилларга риоя қилиши даркор.
Агар ходимлар масалан, жамоат транспортининг ҳаракати тўхтатилганлиги сабабли ишга кела олишмаса нима қилиш мумкин?
– Меҳнат қонунчилигида назарда тутилган шартлар ва тартибга риоя қилинган тақдирда, иш берувчи қуйидагиларга ҳақли:
- ходимларни масофадан ишлашга ўтказиш;
- тўлиқ бўлмаган иш вақтини ўрнатиш;
- ҳақ тўланадиган таътил тақдим этиш;
- иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил тақдим этиш;
- қисман ҳақ тўланган ҳолда мажбурий таътил тақдим этиш;
- бекор туриб қолишни расмийлаштириш.
Аксарият ҳолларда бунинг учун ходимнинг розилиги талаб этилади. Ушбу жиҳатга батафсил тўхталиб ўтаман.
Нима учун ходимнинг розилиги муҳим?
– Ходим ва иш берувчи ўртасида меҳнат шартномаси тузилган, унга кўра иш берувчининг энг асосий мажбурияти – ходимни барқарор ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш, ходимнинг мажбурияти эса – уни бажариш. Тушумнинг камайиши ёки ҳатто унинг бутунлай мавжуд эмаслиги, жамоат транспорти ҳаракатининг тўхтатилиши, карантин ва бошқа барчаси – бу ҳақиқатан муаммолар ҳисобланади. Бироқ улар иш берувчини ходим олдидаги мажбуриятларини бажаришдан озод этмайди.
Агар иш берувчи ходимни иш билан таъминлай олмаса, бу – бекор туриб қолиш. Ходимга ушбу вақт учун ўртача иш ҳақи тўлаш лозим. Агарда иш берувчида бекор туриб қолиш даврида ходимларга иш ҳақини сақлаб қолишнинг жисмоний имконияти бўлмаса, демак, иккала тараф ҳам келишиши, муросага келиши зарур. Буни бир томонлама қилиб бўлмайди.
Мисол учун, иш берувчи ходим билан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда муддати узоқ бўлмаган таътил тақдим этилиши ёки унга тўлиқ бўлмаган иш вақти ўрнатилиши ҳақида келишиб олишлари мумкин. Бироқ таъкидлаб ўтаманки, бу албатта айнан келишув, иккала тарафнинг розилиги бўлиши даркор.
Қадам бақадам йўриқнома: Меҳнат шартномасини қандай рўйхатга олиш ва электрон меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш мумкин?
Қонун ҳужжатларини бузмаслик учун:
- Аксарият қарорларни (графикдан ташқари меҳнат таътили, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил тақдим этиш тўғрисида, масофадан ишлашга ўтиш тўғрисида ва ҳ.к.) ходим билан келишиш зарур. Ушбу ҳолларда, агар локал ҳужжатлар билан бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш талаб этилмайди. Мисол учун, ходимга қисман ҳақ тўланадиган таътил тақдим этиш имконияти тўғрисидаги локал ҳужжатни тасдиқлаш эса касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилиши лозим.
- Ходимдан ариза олинг (таътилга, масофадан ишлашга, тўлиқ бўлмаган иш режимида ишлашга ва ҳ.к.).
- Меҳнат таътили, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил тақдим этиш, масофадан ишлашга ўтказиш ва ҳ.к. тўғрисида буйруқ чиқаринг.
- Ходим буйруқ билан танишганлиги далилини олинг. Энг яхшиси – ҳужжатда унинг имзоси бўлгани маъқул. Агар бунинг имкони бўлмаса, ҳужжатни электрон почта орқали жўнатинг ва унинг ўқилганлиги юзасидан тасдиқнома олинг. Ёки почта орқали хатни хабарнома билан бирга жўнатинг.
- Зарурат бўлганда локал ҳужжатлар ва меҳнат шартномаларига ўзгартиришлар киритинг.
Изоҳ қолдириш