Парранда саноатига катта субсидиялар ажратилади

Парранда саноатига катта субсидиялар ажратилади

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва хизматларни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда чорва, парранда ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш бўйича вазифалар ижросига бағишлаган видеоселектор йиғилишида паррандачилик лойиҳаларини амалга оширишга 100 миллион доллар ажратилишини маълум қилди.

«Парранда саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар жорий этилади. 1 июлдан берилиши керак бўлган субсидия миқдори тухум учун 3 баравар (ҳар бир сотилган тухумга 150 сўм), парранда гўшти учун эса 2 баравар (ҳар бир килограммига 1,5 минг сўм) оширилиб, тўловлар 1 июндан бошланади, ҳисоб-китоб қилинади.

Омухта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга айланма маблағни тўлдириш ва паррандачилик лойиҳалари учун кредитларнинг Марказий банк асосий ставкасидан юқори қисми қоплаб берилади», — деди давлат раҳбари.

Паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплекс лойиҳалар бўйича харажатларнинг бир қисми компенсация қилинади.

«Паррандачилик корхоналари учун фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари ставкалари 50 фоизга камайтирилади. Бундай имконият ҳали бирор соҳага ажратмаганмиз. Бу чоралар нима учун — товуқ гўшти ва тухум ҳажмини кескин ошириб олишимиз керак.

Паррандачилик лойиҳаларини амалга оширишга Микрокредитбанк масъул бўлади ва унга давлат томонидан 50 миллион доллар ресурс ажратилади. Ишлар натижасига қараб, яна 50 миллион доллар берилади. Жами 100 млн доллар ажратилади», — деди Президент.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар