Партисипатор бюджетлаштириш: Фуқароларни бюджет жараёнидаги иштирокининг самарали механизми

Партисипатор бюджетлаштириш: Фуқароларни бюджет жараёнидаги иштирокининг самарали механизми

Давлат бюджети иқтисодиётда макроиқтисодий бошқарувнинг муҳим воситаси бўлиб, унинг самарадорлиги ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий мақсадларга эришишдаги муваффақиятларини белгилайди. Давлат бюджети аҳолининг ҳаётига таъсир қилувчи ижтимоий ва иқтисодий сиёсат ва устуворликларни амалга ошириш учун воситадир. Бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокига асосланган бюджетлаштиришнинг замонавий усулларидан бири - “Партисипатор бюджетлаштириш” амалиётидир ва ундан бюджет муносабатларини ривожланишининг замонавий босқичида кўпгина давлатлар фойдаланмоқда.

“Партисипатор” сўзи - инглиз тилида “participate” - “ташаббусли ёки фаол иштирок этиш”[1] деган маънони англатади. Партисипатор бюджетлаштириш (ингл. “participatory budjeting”) - бу фуқароларнинг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг бир қисмини тақсимлаш ва бу маблағларни сарфлаш йўналишларини танлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорларни қабул қилиш, шунингдек қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиётидир[2].

Ушбу жараён учта асосий мақсадга эга:

  • Шаффофлик: фуқароларга жорий бюджет тўғрисида ва бюджетни режалаштиришнинг аниқланган элементлари тўғрисида маълумот берилади. Жараённи шаффоф қилиш маблағларни самарасиз ёки нотўғри ишлатилишини олдини олишга ёрдам беради.
  • Жамият учун муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳада фуқароларнинг иштироки ёки биргаликда қарор қабул қилиш: маҳаллий маъмурият ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар яхшиланади ҳамда фуқаролар ҳудудда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида кўпроқ хабардор бўлишади.
  • Давлат харажатлари фуқароларнинг манфаатларига кўпроқ мос келади: жамоат иштирокчилари учун маҳаллий маъмурият давлат маблағларини амалдаги эҳтиёжларга мувофиқ қандай сарфлаш тўғрисида қарор қабул қилиш ва адолатли тақсимлаш учун бюджет устуворликларини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Халқаро тажрибадан маълумки, партисипатор бюджетлаштириш 1989 йилда биринчи марта Бразилиянинг Порто-Алегри шаҳрида қўлланилган. Маъмурият фуқароларга шаҳар бюджетининг бир қисмини қандай тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш имкониятини берди. Бугунги кунда, ўттиз йиллик муваффақиятли амалиётдан сўнг, Порто-Алегри фуқаролари шаҳар бюджетининг 20 фоизини тақсимлайдилар[3].

Мазкур бюджет амалиётини Ғарбий ва Шарқий Европадаги 20 дан ортиқ давлатлар, Лотин Америкаси, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб давлатлар муваффақиятли қўлламоқда. Масалан, Ҳиндистоннинг Керала штатида партисипатор бюджетлаштириш амалиёти 1996 йилда тўлиқ амалга оширилган бўлиб, фуқаролар 24 йилдан кўпроқ вақтдан бери бюджет жараёнида иштирок этиб келмоқда. Уни ишга туширишда барча босқичлардаги маслаҳат ёрдами 373 та давлат инструкторлари томонидан олиб борилган.

2016 йил ноябрь ойида Ҳиндистоннинг Кочи шаҳрида БРИКС давлатлари иштирокида “Маҳаллий даражада партисипатор бюджетлаштириш” мавзусида ҳалқаро конференциянинг бўлиб ўтганлиги ҳам бежизга эмас.

Керала штатида партисипатор бюджетлаштириш механизми 5-та босқичли жараённи ўз ичига олади (1-расм).

1-расм. Ҳиндистоннинг Керала штатида партисипатор бюджетлаштиришни амалга ошириш босқичлари[4]

Шаҳарни ҳар томонлама ривожлантиришни режалаштириш аҳолининг фикрига асосланади: аҳолининг қуйи даражадаги умумий учрашувларида истаклар муҳокама қилинади ва турли соҳаларда шакллантирилади, улар кейинчалик бутун туманни ривожлантириш режасига қўшилиши учун жамоатчилик вакилларидан иборат ихтисослаштирилган ишчи гуруҳлар томонидан ишлаб чиқилади. Аҳолининг умумий учрашувлари йилига 4 маротаба ўтказилади, шунинг учун маҳаллий жамоа ўзларини ривожлантириш устуворликлари ва режаларнинг бажарилишини назорат қилиш имконияти мавжуд.

Биринчи учрашув ақлий ҳужум, очиқ форум ролини ўйнайди, унда аҳолининг асосий муаммолари, устуворликлари аниқланади ва Ривожланиш бўйича семинарлар учун тематик Ишчи гуруҳлар шакллантирилади, бу ерда аниқ лойиҳалар учун ғоялар тайёрланади. Ишчи гуруҳлар қишлоқ хўжалиги, қашшоқликка қарши кураш ва иш билан таъминлаш, асосий инфратузилма объектлари, соғлиқни сақлаш, таълим, санитария, ичимлик суви, аёллар ва болалар муаммолари каби йўналишлар улар бўйича иш олиб боради.

Керала штатидаги партисипатор бюджетлаштириш тажрибасининг ўзига хос хусусияти шундаки, унинг ишга туширилишидан олдин маҳаллий жамоаларнинг салоҳиятини ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастурлар, хусусан, умумий саводхонликни таъминлаш ва ошириш бўйича ишлар амалга оширилган. Штат Ҳиндистонда аҳолининг саводхонлиги бўйича биринчи ўринда туради. 2011 йилги аҳоли рўйхатига кўра, Кералада яшайдиган эркакларнинг 96 фоизи ва аёлларнинг деярли 92 фоизи саводлидир[5].

Ушбу инновацион механизм маҳаллий ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ижобий ҳисса қўшмоқда, чунки фуқароларнинг иштироки ва иштирокининг ортиши билан бир қаторда, бошланғич таълим, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ичимлик суви билан таъминлаш, санитария ва бошқа ижтимоий хизматларнинг сифати мамлакатда ўсиб бормоқда.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ушбу амалиётни маҳаллий ҳукуматлар томонидан амалга оширилишида асос сифатида аниқ принциплар, механизмлар ва тартиблар қўлланилади. Уларни қанчалик пухта ва мукаммал ишлаб чиқилганлиги жараённи мувафаққиятли амалга оширилишини таъминлайди. Охирги йилларда қатор мамлакатларда унинг ривожланишининг асосий тенденцияларини аҳоли қамровини ошириш учун интернет-технологиялардан, маълум бир мақсадли гуруҳлар (ёшлар, мигрантлар)ни ҳисобга олган партисипатор бюджетлаштириш механизмидан фойдаланиш, бюджет очиқлиги сиёсатига партисипатор бюджетлаштиришнинг интеграцияси, партисипатор бюджетлаштириш механизмига асосланган қатор инновацион амалиётларнинг пайдо бўлишида кўришимиз мумкин.

Республикамизда 2018 йилдаги PEFA методологияси бўйича амалдаги бюджет тизимининг танқидий таҳлили, давлат молиясини бошқариш самарадорлигини баҳолаш натижалари ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг шаффофлик Кодекси асосида солиқ-бюджет сиёсати очиқлиги юзасидан ўтказилган диагностик баҳолашлардан келиб чиқиб сўнгги икки йилда давлат молияси бошқаришни такомиллаштириш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ҳамда фуқароларни бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш мақсадида:

  • 2018 йилдан бошлаб “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри ишлаб чиқилмоқда;
  • Давлат бюджети тўғрисида батафсил маълумотлар жойлаштирилиб келинаётган “Очиқ бюджет” (www.openbudget.uz) ахборот портали 2019 йилнинг январ ойидан бошлаб ишга туширилди;
  • Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги маълумотлар Давлат молиявий статистикаси (GFS) стандартларига мувофиқ шаклда Халқаро валюта жамғармасининг сайтида жойлаштириб борилмоқда;
  • 2019 йилдан бошлаб туман ва шаҳар бюджетларида ҳосил бўладиган қўшимча манбаларининг камида 10 фоизи фуқаролар томонидан билдирилган тадбирларга асосан йўналтириш механизми жорий этилди;
  • Бюджет маблағларини тасарруф этувчилар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнини тўлиқ ўз расмий сайтларида эълон қилиб боришларини тартибга солувчи қонун ва қонуности ҳужжатларига тегишли нормалар киритилди.

Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети лойиҳаси илк бора Қонун шаклида қабул қилинди ҳамда вазирлик ва идораларнинг ваколат ва масъулиятини ошириш мақсадида бюджет харажатлари аввалгидек соҳалар бўйича эмас, балки вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси республика бюджети харажатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари томонидан, маҳаллий бюджетлар эса тегишли халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий этилди.

“Очиқ бюджет” (www.openbudget.uz) ахборот портали ва туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча манбаларининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисмини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутувчи бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштироки “Ташаббусли бюджет” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3917-сон қарорига асосан жорий этилиб, давлат бюджети даромадлари ва харажатлари, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисобот маълумотларининг мамлакатимиз фуқаролари, инвесторлар ва ташқи фойдаланувчиларга сифатли етказилишида ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда. “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга ошириладиган тадбир ошкора ва аҳоли иштирок этишига қулай бўлиши учун молиялаштиришга таклифлар ва таклифларга берилган овозларни шакллантириш “Очиқ бюджет” (www.openbudget.uz) ахборот портали орқали амалга оширилмоқда ва жамоатчилик фикрига йўналтириладиган маблағ миқдори ҳудудлар кесимида эълон қилинмоқда.

“Ташаббусли бюджет” натижаларини таҳлил қиладиган бўлсак, 2019 йил давомида республика бўйича “Ташаббусли бюджет” амалиёти натижасида туман (шаҳар)лар фуқароларидан www.оpenbudget.uz очиқ бюджет ахборот порталида жами 52 634 та таклиф ва овозлар келиб тушган ва аҳоли таклифларига кўра ажратилган маблағлар жами 113 млрд. сўмни ташкил этган.

Жумладан, биринчи чорак якунларига кўра, жами шаклланган қўшимча маблағлар 253,3 млрд. сўмни ташкил этган, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларини йўналтиришда фуқаролардан жами 4049 та таклиф ва овозлар келиб тушган, аҳоли таклифларига кўра 28,9 млрд. сўм маблағлар ажратилган. Иккинчи чорак якунлари бўйича, жами шаклланган қўшимча маблағлар 437,9 млрд. сўмни ташкил этган, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларини йўналтиришда фуқаролардан жами 19 976 та таклиф ва овозлар келиб тушган, аҳоли таклифларига кўра 48,3 млрд. сўм маблағлар ажратилган. Учинчи чорак якунлари бўйича эса, жами шаклланган қўшимча маблағлар 333,6 млрд. сўмни ташкил этган, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшча манбаларини йўналтиришда фуқаролардан жами 28 609 та таклиф ва овозлар келиб тушган, аҳоли таклифларига кўра 35,8 млрд. сўм маблағлар ажратилган.

Чораклик кўрсаткичлар шуни кўрсатмоқдаки, фуқаролардан республика бўйича келиб тушган таклиф ва овозлар 2019 йилнинг 1-чорагига нисбатан 3-чорагида 7 баробарга ошган (1-2 расмлар).

“Ташаббусли бюджет” амалиёти доирасида ҳудудларда масалан, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида Х. Олимжон монументи атрофини ободонлаштириш, Қашқадарё вилояти Дехқонобод туманида пиёдалар учун осма кўприк, Бухоро вилояти Олот туманида Хумо истироҳат боғини жорий таъмирлаш, Қоровулбозор туманида 1-сон умумтаълим мактабида компьютер синфи, Пешку туманида “Амфитеатр” биносини таъмирлаш, Қоровулбозор туманида 8-сон МТМ биносини таъмирлаш, Навоий вилояти Зарафшон туманида МТМ биноларини жиҳозлаш, Қизилтепа туманида зиёратгоҳини таъмирлаш, Нурота туманида кутубхона ташкил этиш, Томди туманида йўловчилар учун бекат ташкил этиш, Хатирчи туманида МТМларни жиҳозлаш тадбирлари, Хоразм вилояти Боғот туманида 24-умумтаълим мактаб биносини жорий таъмирлаш, Хазарасп туманида кўчаларни ёритиш тизимларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган[6].

Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган 2019 йил давомида жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни амалга оширилиши натижасида ҳудудлардаги қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилинган.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, фуқаролар давлат бюджетининг маълум қисмини тақсимлашда бевосита қатнашадиган жараён сифатида партисипатор бюджетлаштириш ҳукумат билан фуқаролар ўртасидаги муносабатларнинг янгича замонавий ёндашуви, бюджет жараёнига жамоатчиликни жалб этишнинг таъсирчан механизми десак бўлади. Ушбу амалиёт давлат ресурсларини янада адолатли тақсимлаш имкониятини яратади.

Фикримизча, ўрта муддатли истиқболда бюджет жараёнида жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш борасида:

Биринчидан, бюджетни тайёрлаш жараёнига ҳамда ўрта муддатли бюджетнинг устувор йўналишларини муҳокама қилишга жамоатчилик иштирокини таъминлашнинг очиқ механизмларини кенг қўллаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

Иккинчидан, олиб борилаётган бюджет сиёсатини аҳолининг ҳар хил қатламаларига таъсирини ўрганиш ҳамда бюджет сиёсатида қабул қилинаётган қаророларни аҳоли томонидан яхшироқ тушунилиши учун уларнинг натижаларини эълон қилиш.

Учинчидан, “Ташаббусли бюджет” ни халқаро даражадаги партисипатор бюджетлаштириш амалиёти каби бюджетнинг очиқлиги ва шаффофлиги билан уйғунликда босқичма-босқич ривожлантириш, уни бошқаришни замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш;

Тўртинчидан, фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали бюджет жараёнида улар иштирокини фаоллаштириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Б.А.Кобилов

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги

Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти

етакчи мутахассиси

[1] Dictionary of Banking and Finance, Third edition, A & C Black Publishers Ltd 2005, 253 p.

[2] Г.Хачатрян, И.Шульга, С.Гридин, А.Сухова/ Особенности Программы поддержки местных инициатив Всемирного банка как практики инициативного бюджетирования/ Аналитическая записка, Октябрь, 2016г.

[3] Партиципаторный бюджет. Как граждане участвуют в распределении муниципальных средств. Комитет гражданских инициатив [Электронный ресурс] Режим доступа: URL: https://komitetgi.ru/news/news/1799.

[4] Gavrilova Nadezhda Vladimirovna. Participatory planning and budgeting at the local level in the Indian state Kerala. Regional economy and management: electronic scientific journal. №1 (49) 2017. https://eee-region.ru/article/4916/

[5] Gavrilova Nadezhda Vladimirovna. Participatory planning and budgeting at the local level in the Indian state Kerala. Regional economy and management: electronic scientific journal. №1 (49) 2017.

[6] Манба: “Фуқаролар учун Бюджет/лойиҳа 2020” ахборот нашри, Тошкент-2019.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар