– Ҳоким ёрдамчиси этиб тайинлангандан кейин ишни нимадан бошладингиз? Ўтказилган ўрганишлар давомида нималар аниқланди? Ўтган вақт давомида қандай натижаларга эришилди?
– 2022 йил январь ойида бу масъулиятли лавозимга тасдиқланганман. Ишлар аҳоли қатламини ва тадбиркорлик субъектларини хатловдан ўтказишдан бошланган. Фаолият бошланган даврда устувор эътибор аҳолини тўғри тоифаларга ажратиш, камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқлашга қаратилган бўлса, эндиликда индивидуал дастурлар асосида тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва шу орқали маҳаллада истиқомат қилувчиларнинг турмуш фаровонлигини ошириш ишларига урғу берилмоқда. Бу орқали ишсизларнинг бандлиги таъминланиб, уларнинг хоҳиш-истагига кўра имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратилмоқда. Тўлиқ хатловдан ўтказилгандан кейин аҳоли орасидан камбағал оила ва тадбиркорликка қизиққан фуқароларни аниқлаштириб олдик. Аҳолининг ижтимоий ҳолатига келадиган бўлсак, ўртаҳол хўжаликлар кўпчиликни ташкил этади.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, иқтисодий ҳолати ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз. Ҳудудда ҳозирги пайтда қандай долзарб муаммолар мавжуд? Сизда ушбу масалаларни ҳал қилиш бўйича аниқ режа борми? Бўлса, унда нима ишлар белгиланган?
– Маҳалла туман марказидан 4 км узоқликда жойлашган бўлиб, ўрта даражадаги маҳалла ҳисобланади. Ушбу МФЙда 737 та хонадон мавжуд бўлиб, 3855 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳалла ҳудуди, асосан, хонадонлардан иборат бўлиб, аҳолининг асосий қисми деҳқончилик билан шуғулланади. Маҳаллада жами 42 та тадбиркорлик субъекти мавжуд. “Бирлик” МФЙда 1 та мактаб, 2 та хусусий болалар боғчаси бор. Аҳоли асосан ўз томорқасида банд. Шунингдек, аҳолининг бир қисми мавсумий ишлар билан ҳам шуғулланади. Ўрганишлар натижасида ҳудудда йил бошида 56 нафар ишсиз фуқаро борлиги аниқланди. Маҳалладаги энг долзарб муаммо ҳам шу. Уларга зарур молиявий кўмак берилиб, кредит ва субсидиялар ажратилди. Ишсизларнинг 14 нафарига оилавий тадбиркорликни бошлаши учун имтиёзли кредит ажратилди. Яна 4 нафарига субсидия берилди, 2 кишига деҳқон хўжалиги ташкил этиши учун аукцион орқали ер ажратилди. Шу ишлар орқали аҳоли бандлиги таъминланди. Натижада, юқоридаги кўрсаткич ҳозирги кунга келиб анча камайди ва айни пайтда 6 тани ташкил этмоқда. Қолган ишсизлар мунтазам жамоат ишларига жалб этиб келинмоқда. Бу ҳам уларнинг молиявий аҳволини яхшилайди.
Маҳалланинг иқтисодий ҳолати, етакчи ривожланиш драйвери ҳақида гапирадиган бўлсак, асосий драйверимиз қишлоқ хўжалиги, хусусан, сабзавотчилик. Шу йўналиш бўйича аҳолига ер ажратиб берганмиз, 64 та камбағал оилага деҳқон хўжалиги очиб берилган. Туман захира ер фондига қайтарилган ер ҳудудларидан аукцион орқали камбағал оилаларга деҳқон хўжалиги билан шуғулланиш мақсадида ижарага ер олиб, қонуний расмийлаштирилиб берилди. Шунингдек, уларга ўз иш фаолиятларини давом эттиришлари учун кредитлар ажратилди.
Китоб туманида етакчи йўналиш қишлоқ хўжалиги бўлганлиги боис аҳолининг катта қисми деҳқончилик билан шуғулланади. Бироқ, қишлоқ хўжалиги учун сув масаласи бизда жиддий муаммо ҳисобланади. Аҳоли фақат артезиан қудуқ сувларидан фойдаланади. Дарёдан келадиган оқова сувларини ҳудудимизга олиб келишда муаммолар бор, чунки мавжуд каналлар яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ҳар доим ҳам қудуқлардаги артезиан сувларидан фойдаланиб бўлмайди. Яроқсиз каналларни таъмирлаш бўйича бир қатор таклифларни туман ҳокимлигига киритганмиз. Ўзимиз ҳам қараб турганимиз йўқ. Фермер хўжаликлари билан келишиб, ҳокимият ёрдамида ҳашар йўли билан каналларни таъмирлаб чиқдик. Шу билан бир қаторда, ичимлик суви бўйича ҳам муаммолар учраб туради. Бизнинг ҳисоб бўйича маҳалладаги 130 та хўжаликка ичимлик суви етиб бормаган.
– Тажрибангизга таянган ҳолда айтинг-чи, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– Китоб тумани тоғли ҳудуд ҳисобланади. Камбағалликни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири – доимий, расмий иш ўринларининг камлиги. Туманда катта завод-фабрикалар кўп эмас. Хусусий тадбиркорлик субъектлари анчагина, лекин улар аҳолини тўлиқ доимий иш билан таъминлай олмайди. Шундай бўлса ҳам, аҳолини иш билан банд қилишга интиламиз. Бунинг учун турли хил молиявий ёрдам инструментларидан фойдаланамиз.
Ҳудудимизда ҳам катта завод-фабрикалар қурилса, камбағал аҳоли қатлами деярли қолмайди. Чунки доимий иш билан таъминланган, расмий ишлаб турган одам камбағалликдан тезда чиқиб кетади.
– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун қандай ишлар қилинмоқда?
– Бошида айтиб ўтилганидек, асосий драйвер – сабзавотчилик. Ҳудудимиз ота-боболаримиз давридан буён сабзавот етиштириш билан шуғулланиб келган. Шу сабабли аҳоли бу борада яхши тажрибага эга. Деҳқончиликнинг сир-асрорларидан яхши хабардор. Ҳудуднинг ерлари ҳам шунга мос – унумдор ерлар. Асосий драйвер йўналишга қўшимча сифатида чорвачилик ва иссиқхоначиликни ҳам келтириб ўтиш мумкин. Бу йўналишлар кейинги йилларда анча ривожланиб бормоқда.
– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ҳудудда йирик тадбиркорлар борми? Уларни маҳаллани иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ишларига қандай жалб қилиш мумкин? Улар билан қандай ишлаяпсиз? Бунга мисоллар келтира оласизми?
– Маҳаллада йирик тадбиркорлар унчалик кўп эмас. Уларнинг асосий қисми бошқа ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини юритади. Ҳудудимиздаги тадбиркорлар, асосан, ҳашар йўли билан қилинадиган ишларда, маҳалла инфратузилмасини яхшилашда ёки камбағал оилаларга ҳомийлик кўмаги кўрсатиш бўйича баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишади. Лекин шунга қарамасдан, маҳаллада кичик тадбиркорликни ривожлантириш устида ишламоқдамиз.
– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Мисоллар келтиринг.
– Миграция масаласига келадиган бўлсак, бу масала бўйича ҳам алоҳида хатлов ўтказилди. Рўйхат бўйича 155 нафар фуқаро чет элларда меҳнат фаолияти билан машғул. Уларни ўз юртига қайтариш бўйича режа ишлаб чиқилган. Бугунга қадар уларнинг 57 нафари ватанига қайтарилди. Хусусан, Россияда ишлаётган фуқаролар билан ҳам телефон орқали боғланилди. Хорижда даромади яхши бўлмаган фуқароларни ортга қайтариб, ўзимизда иш билан таъминладик. Масалан, 8 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиши учун шароит қилиб берилди. Бир неча фуқарога чорвачилик билан шуғулланиши учун кредит ажратилди. Қолган фуқароларга ўзларининг қизиқишларидан келиб чиқиб, билим олиш ва танлаган йўналишлари бўйича касб малакаларини эгаллашлари учун мономарказларга ўқитишга юборилди. Шу орқали уларнинг олдинги ишларидан даромад жиҳатидан юқорироқ иш билан таъминланди.
– 2023 йилда маҳаллаларнинг рейтинги жорий этилди, якка тартибдаги дастурлар амалиёти йўлга қўйилди, маҳаллаларнинг фаол аъзолари сони 5 нафардан 7 нафарга оширилди. Бу ишлар фаолиятингизда қандай акс этди, иш самарадорлиги ортдими?
– Маҳалла фаолларининг иш самарадорлиги ошишида бу қарорнинг ўрни, албатта, катта бўлди. Чунки масъулларнинг вазифалари янада аниқлашди, ҳамма ўз иши билан шуғуллана бошлади, шу йўл билан яхши натижаларга эришиш мумкин. Масалан, ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифаси – камбағал оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволини ўрганиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун зарур ёрдам кўрсатиш, муаммолари билан шуғулланиш, шу орқали, уларни камбағалликдан чиқаришдан иборат. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари маҳаллани янада ривожлантириш бўйича таклифлар ҳам ишлаб чиқиши мумкин.
Маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро бирор муаммо билан олдимизга келганда, у тезда тегишли ходимга бириктирилади, бу эса масаланинг ўша жойда ҳал бўлишига олиб келади. Мисол учун, болалар нафақаси масаласида олдинлари ҳоким ёрдамчилари анча вақт ва меҳнат сарфлаган бўлса, эндиликда бу жараён онлайн шаклга ўтказилди, натижада, иш самарадорлиги ва тезлиги ошди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Аҳолининг кредит олди-берди жараёнлари натижалари билан яқиндан танишлигим боис, бундан яхши хабардорман. Сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалалари бўйича кредит ва субсидиялар олиш тартиби олдингидан анча осонлашди, маблағларни онлайн тарзда расмийлаштириш ва олиш имконияти яратилди.
Бироқ, ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, кредитлар масаласида муаммолар ҳали ҳам учраб турибди. Аҳоли кредитларни нақд шаклда олишни истайди. Шунингдек, ажратилаётган кредитлар бўйича фоиз ставкалари масаласи ҳам долзарблигича қолмоқда, чунки улар анча юқори. Камбағал оилалар оладиган кредитлар, фоиз ставкалари юқорилиги боис, ҳам кредит фоизларини тўлаш, ҳам оиласига даромад олиб келишда қийинчиликка учрамоқда. Бу эса хўжаликларнинг камбағал аҳоли тоифасидан чиқиб кетишини қийинлаштиради.
Шу муаммоларни ҳисобга олиб, менинг фикримча, камбағал аҳоли қатлами учун фоизсиз кредитлар ёки кам фоизли кредитлар жорий қилинса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
– Кейинги йилда маҳаллани ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор?
– 2024 йилги барча режаларимиз маҳалла фаровонлигини оширишга қаратилган. Қишлоқ хўжалиги бизда энг асосий устувор йўналиш бўлганлиги боис таклифлар ҳам шу йўналиш билан боғлиқ. Аҳоли орасидаги энг катта талаб ҳам шу йўналиш бўйича. Фойдаланилмаётган ва бўш ётган ер майдонларини захирага ўтказиб, аҳолининг деҳқончилик билан шуғулланишлари учун фойдаланишга бериш таклифи билан чиққанмиз. Агар ер ажратилиб, деҳқончилик қилиш учун молиявий кўмаклар берилса, аҳоли даромад топади, тадбиркорлигини юритади, натижада, камбағалликдан тез орада чиқади.
Маҳалла жойлашган ҳудудда 4 та йирик қайта ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган завод мавжуд бўлиб, бир неча йиллар аввал уларнинг фаолияти турли сабабларга кўра тўхтаб қолган эди. Мутасадди давлат органлари ва ташкилотлар кўмагида уларнинг фаолиятини қайта тиклаш учун зарур кредит маблағлари ажратилди. Уларга маҳалла аҳолисини иш ўрни билан таъминлаш шарти эвазига керакли шароитлар яратиб берилди. Шулардан 2 тасининг иши яқин орада қайта тикланиш арафасида. Бу йирик корхоналар 50-60 га яқин маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларни иш билан таъминлай олади. 2025 йилнинг январь ойларига бориб, шу заводлар иш фаолияти тўлиқ тикланиши кутиляпти.
Захира ерларидан ажратилиб берилса, келгуси йилда 20 та деҳқон хўжалиги субъекти яратиш ҳам режамизда бор.
Шунингдек, микролойиҳаларга келадиган бўлсак, йилига камида 10-20 та микролойиҳани амалга оширамиз. Масалан, 2024 йил ҳисоби бўйича 30 микролойиҳа ишга тушган. Жараёнда яна 2 та микролойиҳа мавжуд, йил якунига қадар у лойиҳалар ҳам тўлиқ ишга тушади. Ҳар бир микролойиҳа 4-5 тадан янги иш ўрни яратади. Хулоса қилиб айтганда, мавжуд ҳар бир кичик имкониятдан ҳам унумли фойдаланишимиз зарур! Шунда мақсадга эришамиз.
Жамолиддин Турдимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №12/2024
Изоҳ қолдириш