Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича Камарсада маҳалласидаги ёрдамчиси Равшан Юлдашев билан интервью.
– 2022 йилдан барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари иш бошладилар. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай кўрасиз ва тушунасиз?
– Аввало, Президентимиз томонидан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимининг таъсис этилиши хайрли иш бўлди. Бу шахсан менинг ҳаётимда яна бир синов бўлди, десам тўғри бўлади. Чунки Президентимиз таъбирлари билан айтганда, “Ҳоким ёрдамчиси лавозими фақат тўғри ва ҳалол ишлаб, ўз салоҳияти ва имкониятларини кўрсатиш орқали етук миллий кадрлар захирасидан жой олиш учун катта майдондир”.
Бугун инсон қадри учун кўмаклашиш, уларга далда бўлиш, одамларнинг дардига қулоқ тутиш орқали одамлар ҳаётини тубдан ўзгартириш имконини берадиган давр келди деб ўйлайман.
Шунинг учун ҳоким ёрдамчиси авваламбор тадбиркор, уддабурон ва муаммодан қочмайдиган инсон бўлсагина, бировнинг ишончига кира олади. Тадбиркор бўлиш учун авваламбор инсоннинг ўзига ишончи бўлиши керак. Камбағалликдаги асосий муаммони ўргансангиз ҳам унинг туб моҳиятида ишончсизлик турганлиги маълум бўлади. Лекин ишонч орқали ишсиз ва камбағал инсонни тадбиркор қилиш имконсиз, аввало бундай инсонларга муҳит яратиш ҳам муҳим. Муҳит деганда, атрофдаги меҳнаткаш, тадбиркор, бой инсонлар гуруҳини назарда тутиш мумкин.
– Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келгнингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Аввалги қайси иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
– Тошкент Ирригация ва мелиорация институтини тамомлаб, соҳа йўналишида бир оз муддат ишладим. Ҳаракатчанлигим ва ишчанлигим натижасида аввал Чуст туман ҳокимлиги, кейин вилоят ҳокимликлари тасарруфидаги бир қатор лавозимларда фаолият олиб бордим. Аввал ижтимоий соҳадаги вазифалар, кейинчалик мутахассислигим билан боғлиқ иқтисодий соҳаларда ташкилот ва корхоналарда самарали иш ташкил этиш ҳамда янги иш ўринларини барпо этиш бўйича янгиликларни амалга ошириб келдим.
Тавсия асосида 30 ёшимда вилоят ёшлар ташкилоти – собиқ “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши раислигига сайландим. Ўз ташаббусим билан Ҳукумат раҳбарлигида ташкил этилган ишчи гуруҳга Наманган шаҳридаги айрим самарасиз фойдаланиб келинган объектларни, жумладан Бобуршоҳ кўчасидаги маданият саройини, “Ёшлар маркази” ва Давлатобод туманида ташландиқ ҳолда турган “Дўстлик” паркини “Ёшлар боғи”га айлантириш ҳамда ёшлар тасарруфига ўтказиш таклифини ўртага ташладим. Сабаби, ҳозиргача ёшлар ташкилотининг балансида ёшлар билан учрашадиган бино ва маданий тадбир ўтказиладиган жой йўқ эди. Барча бинолар фақат ижарага вақтинча фойдаланишга берилган. Президентимиз билан бўлган учрашувда ушбу муаммолар айтилди. Натижада жуда катта маблағ эвазига Наманган ёшлар маркази ва 20 гектар майдонга эга бўлган ёшлар боғи барпо этилиб, ташкилот балансига ўтказиб берилди.
Фаолиятимни 2011-2013 йиллар давомида “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгашида давом эттирдим ва Наманган тажрибаси ўлароқ, республика даражасида шу каби лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этдим. Бу лойиҳалардан кўзга кўрингани республика бўйича ёшлар туризмини ривожлантириш мақсадида бир неча йиллар давомида “Спутник” номи билан фаолият кўрсатган, ҳозирда эса “Камолот-турне” номи билан аталган корхонани янгидан ташкил этганим бўлди, 10 йиллар давомида фаолиятдан тўхтаб қолган ушбу корхонани қайта тиклаб, директор лавозимида ишладим.
Кейинги фаолиятимни 2014 йилдан Чуст туманида тадбиркорлик қилиш билан давом эттирдим. 2 та янги йўналишда тадбиркорлик корхоналарини ташкил этиб, жами 10 нафар иш ўрни ҳисобига қўшилган қиймат яратиш билан ўз лойиҳаларимни амалга оширдим. Энг самарали лойиҳам павлония кўчатчилиги билан шуғулланиш орқали туманимизда 5 гектар сувсиз ва тошлоқ ерда яшил табиат ташкил этишга ўз ҳиссамни қўшиш бўлди.
Юқорида келтирилган вазифалардаги асосий ютуқларни бирма-бир санаб ўтишдан мақсад эса ҳозирги маҳаллабай ташкил этилган сиёсий жараёнда яна бир марта катта саҳнада ишларни давом эттириш фикри туғилганлиги ва тажрибадан фойдаланиб, Чуст туманининг марказида жойлашган Камарсада маҳалласидаги имкониятларни кўрсатиб бериш, оилаларни камбағалликдан чиқаришга кўмакчи бўлиш, Президентимиз таъбирлари билан айтганда, “одамларни рози қилишга киришиш”дан иборат.
Айнан шунинг ҳисобига янги иш ўринларини яратувчи лойиҳаларни кредит орқали молиялаштириш биринчи навбатда турган асосий масалалар сирасига киради. Шунингдек, марказда азалий оқова сув билан боғлиқ муаммони бартараф этишдаги ҳаракатлар ҳудуддаги барча инфратузилма объектлари, маданият ва истироҳат боғи, савдо дўконлари, бозор ҳудуди ва ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланувчиларига катта янгилик бўлиши мумкин.
– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси асосан қайси фаолият турлари билан шуғулланади?
– Маҳалла Чуст тумани марказида (Чуст шаҳар ҳокимлиги мақоми берилган ҳудуд) жойлашган бўлиб, майдони 80 гектардан иборат, 600 та хонадон, 1 200 та оилада жами 3 500 нафар аҳоли истиқомат қилади. 2 та марказий ва 8 та оралиқ кўчада жами 10 та кўча ҳамда 5 та маҳалла билан туташ жойлашган бўлиб, марказ кўча бўйларида 150 дан ортиқ тадбиркорга тегишли савдо ва хизмат бинолари мавжуд. Шунингдек, 4 та мактаб, 30 та давлат ташкилотлари маъмурий бинолари ҳам маҳалла ҳудудида жойлашган. Маҳалланинг аксарият аҳолиси ушбу ҳудуддаги марказий деҳқон бозори ва Чуст оши билан машҳур бўлган Мавлоно Лутфуллоҳ номидаги истироҳат боғида савдо ва хизматлар фаолиятида банд бўлишади.
Туристик хизматлар ва савдолар ҳам маҳалланинг драйвер йўналишига айланиб бўлган. Мавсумда кунига ушбу маҳалла ҳудудига 5 000 нафар атрофида туристлар ташриф буюради. Бу кўрсаткич мавсум мобайнида 450-500 минг нафар сайёҳларни кутиб олиш ва кузатиш имконини беради. Албатта бу аҳоли хонадонларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ишларини ташкил этишда даромад манбаи бўлиб ҳисобланади.
Маҳалла аҳолиси шахсий томорқасидан чиққан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини асосан ўзи истеъмол қилади.
– Маҳалла аҳолиси билан алоқа ўрнатиш қийин кечмадими, сизни қандай кутиб олишди, аҳоли билан қандай мулоқот ўрнатдингиз, муаммолар юзасидан қанча мурожаатлар тушмоқда, ахборот платформаси фаолияти ҳамда муаммоларни ҳал этишда маҳалла аҳолиси билан яқиндан алоқа қай тарзда йўлга қўйилган?
– Биринчи навбатда тадбиркорлар билан ишладим ва шу билан бирга маҳалладаги барча муаммоларга киришиб кетдим. Энг асосийси, маҳалла вакиллари етакчи топгандай эргашишни бошлади. Бу – қувонарли, сабаби умидсизлик йўқолмоқда. Натижа сўралмоқда, муаммо айтилмоқда, ишонч қайтмоқда.
Масалан, маҳалладаги муаммо ва шикоятлардан хабардор этиш учун Telegram гуруҳи очилган. Шунингдек, иловада тадбиркорлик бўйича “Камарсада маҳалламиз” номли гуруҳни ҳам ташкил қилганман, у фақат маслаҳат ва таклифлар учун платформа вазифасини ўтайди.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”нинг аниқ рўйхатини шакллантиришда шахсан ўзим бошчилик қилдим. Авваламбор ўзига ёрдам бера олмайдиган 7 та хонадондаги қаровсиз – эҳтиёжманд, назоратсиз оилалар ёки якка-ёлғиз фуқароларни “Темир дафтар”га киритиб олдим. “Аёллар дафтари”га эса 62 нафар бошпанасиз ёки боқувчисини йўқотган аёлларни киритишга эътибор қаратдик.
Ижтимоий кўмак олувчилар дафтарига киритилган ёшлар боқимандага айланиб қолмаслиги учун уларнинг кўпларини атрофимда устоз-шогирддек олиб юрдим. Ёзги мактаб таътилида 3-4 нафар боқувчисини йўқотган фуқароларнинг фарзандлари устоз-шогирд анъаналарига хос тарзда оилага кўмакчи қилиб тарбиялашга жалб этилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳаллангизда қандай тадқиқот ва сўровлар ўтказгансиз. Илтимос, уларнинг натижалари ҳақида бизга батафсил маълумот беринг, нималарни аниқладингиз? Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватлашга муҳтож, тадбиркорлик қай даражада ривожланган? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?
– Хонадонлар ва оилаларни ўрганиш жараёнида ўтган даврда пандемия таъсири туфайли маҳалладаги ишсизлик ва боқимандаликнинг ўта юқори даражада ошиб кетгани, фуқароларнинг бир-бири билан ҳамда тадбиркорларнинг банк билан муносабатларида узилишлар юзага келгани, меъёрдан ортиқ даражада мақсадсиз кредитларнинг тарқатилгани маҳаллани умумий оғир вазиятга олиб келиб қўйганлигига гувоҳ бўлдим. Деярли ҳар 3 та ёки бир хонадондаги 3 оила 2 нафар аъзосининг мақсадсиз кредитлар олиши пандемия шароитидан чиқиш вазиятини янада оғирлаштириб қўйган.
Бунинг оқибатида иқтисодий жиноятлар ва келишмовчиликлар, банклар билан муросасизлик, қарздор фуқароларнинг қарздан қутилиш чораларини бартараф этиш имкони деярли йўқ эди. Кўпчилик хонадонлар аввалги кредитни янги кредит олиш йўли билан тўлаш ҳолатига ўтиб қолгани жуда ачинарли эди.
Муаммони ечишнинг бирдан-бир йўли – фуқароларни меҳнатга қайтиш орқали қарздорликни бартараф этиш мумкинлиги ёки сердаромад иш билан банд этиш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди. Хусусан, ҳоким ёрдамчиларига онлайн кредит олиш аризаларини тушунтириш орқали рад этиш ҳамда ўрнига янги йўналишда иш ташкил этиш чоралари ҳақида батафсил маълумотлар бериш билан шуғулландим. Кредит олиш учун топширилган жами 80 та онлайн аризаларнинг аксарияти нақдлаштириш ёки мақсадсиз шахсий эҳтиёж учун сарфланиши маълум бўлгач, шундан 12 нафар фуқарога аниқ мақсад сари тавсия берилди.
Яна маҳалладаги муаммоли вазиятлардан бири ҳар 2 та хонадоннинг бирида кузатиладиган ҳолат бўлиб, бу бир оила яшаши мумкин бўлган шароитда 2 ёки 3 оиланинг яшаши, айрим хонадонларда эса 4 тагача оила истиқомат қилиши турли мудҳиш воқеаларга сабаб бўлмоқда. Ачинарлиси, ўтган йили туманда содир этилган 4 та қотилликнинг 2 таси, туман бўйича жами фирибгарлик жиноятларининг 1/3 қисми маҳалламиз улушига тенг эканлигидир. Энг ёмони шундаки, бу муаммо ортидан аёллар ажрашиб, 2-3 нафар фарзанди билан ота уйига қайтиб келяпти ва якка турмушлилик ҳар 4 хонадоннинг бирида кўзга ташланмоқда. Чунки ҳеч ким уйдан якка тартибда уй-жой қилиб чиқишни хоҳламайди, марказда яшагиси келади.
Бу борада эса вилоят ҳокими билан учрашув жараёнида маҳалладаги бўш ва самарасиз майдонлар ўрнида кўп қаватли уй-жойларни барпо этиш, субсидия квоталарини кўпайтиришга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинди ва назоратга олинди. Маҳаллада умуман уй-жойга эга бўлмаган 30 оилага 2022 йил якунига қадар бепул уй-жой ажратиш бўйича вилоят ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниши жуда самарали иш бўлди.
– Айтингчи, маҳалла аҳлини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди? Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион ва тайёр усулларни қўлладингиз? Ушбу уй хўжаликлари билан ишлаш натижалари ҳақида батафсил маълумот беринг.
– Бу энг қийин ва қизиқ вазифа. Ўтган 6 ой мобайнида аҳолини камбағалликдан чиқариш қийин масала, лекин драйвер белгилаш мумкин бўлган шароит яратилди. Хонадонларни ўрганиш жараёнида 2 нафар ёш вакилнинг ҳаракатлари ва ташаббуслари шахсан мени қизиқтириб қўйди.
Биринчи лойиҳа доирасида хонадон шароитида бедана боқиш ва кунига 100 минг сўм соф фойда олиш лойиҳаси. Қаҳрамонимиз Ғиёсиддин ўз уйида ўтириб, ижтимоий тармоқдан инкубатор ясашни ўрганиб олибди ва ўз қўли билан 400 та бедана тухуми очтирадиган ажойиб бизнес ўйлаб топган. Ўзи дастлаб очтирган бедана тухумлари ҳозирда тухумга кирган ва кунига 200 дона тухумнинг донасини 350 сўмдан жами 70 минг сўмга сотмоқда. Бу унинг асосий даромади эмас, балки инкубатори орқали бир ойда аҳолидан 800 минг сўмгача пул туширмоқда. Бу дегани, бир лойиҳа орқали хонадон барча харажатлардан ташқари бир ойда 3 млн сўм даромад топмоқда.
Иккинчи лойиҳа қаҳрамони Шоҳжаҳон Сафаев 17 ёшли бўлишига қарамай, ўз хонадонида 500 дона балиқ боқиш учун 3х4 ҳажмда ҳовуз қилган ва синовдан ўтказган. Натижа ёмон эмас, бир мавсумда 500 та балиқ боқишдан ўртача 10 млн даромад олган. Бу мактаб битирувчиси учун яхшигина натижа.
Бу балиқ инкубациясини қуриш ва камбағал оилаларга арзон личинка етказиб бериш лойиҳаси бўлиб, у битта хонадонда бор-йўғи 2000 сўмлик 500 дона Африка лаққа балиғи личинкасини 1 млн сўмга етказиб бериш орқали ўша хонадонда 6 ойда 12-15 млн сўм соф фойда олиш имкониятини беради. Бу албатта катта тажриба ҳам, харажат ҳам талаб этмайди, емиш ҳам қиммат ва ноёб эмас. Бунинг учун 3/4 ҳажмда 2 метр чуқурликдаги сувни янгилаш имкони бўлган ҳовуз бўлса кифоя.
Юқоридаги ҳар икки лойиҳа камхарж ҳамда беталофат оддий бизнесдир. Бунинг учун биз одамларни ўша хонадонга 2-3 марта етаклаб борсак бўлди, қолганини ўзлари қизиқиб, ўрганиб олишади.
Хонадон шароитида бедана ва балиқ боқиш лойиҳасига яна 1 ёки 2 лойиҳани қўшсак, албатта бир камбағал оилани 1 йилда ўрта эмас, бой хонадон таркибига киритиш мумкин бўлади.
Балиқчи оила вакилига ҳозирда инкубаторияни тайёр ҳолга келтиришда 330 минг дона Африка лаққаси личинкаларини сотиб олиш учун 33 млн сўм кредит расмийлаштирилди. Шу хонадоннинг лойиҳаси орқали камида 2000 хонадон личинка билан таъминланиб, балиқчи хонадонларга айлантириш имкони яртилиши кутиляпти, хонадоннинг ўзи бу ишдан 1 млрд сўм даромад олишини ва бу хонадондан тарқатилган личинкалар тайёр балиқ холига келгандан сўнг аҳоли туманда 10 млрд сўм ялпи даромад топишини прогноз қилиш мумкин.
Бу каби лойиҳалар ҳамда янги йўналишда туризм ва хизматлар, хонадонда очилган ресторан ва кафелар, дастурловчи талабаларни онлайн ўқитиш бизнеси каби янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ишлари режага киритилди.
– Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангиздаги муаммоларни қандай тавсифлаб бера оласиз ва уларни ҳал этиш, маҳаллангизни ободонлаштириш борасида қандай ишлар олиб боряпсиз?
– Маҳалланинг азалий муаммоларидан бири тадбиркорлик субъектларининг ва аҳолининг аксарият баҳорги мавсумда ёғингарчилик пайтида ирригация тизимининг носозлиги натижасида сел ва тошқин зарарлари муаммоси бўлса, канализация тизимининг умуман йўқлиги оқибатида эса экологик вазиятнинг йилдан-йилга оғирлашиб бориши Чуст туманига келувчи меҳмонларга хизмат кўрсатишда бир қатор ноқулайликлар туғдириб, кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлар эди. Бу борада ҳам Президентимиз томонидан Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки маблағлари ҳисобига 70 млн долларлик кредит ажратилиб, жойларда маҳалла ҳамда жамоатчилик иштироки, назорати остида ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш учун бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди. 5,5 км узунликда янги оқова сув тармоғининг қурилиши ҳамда 1,5 км узунликда тоза ичимлик суви билан боғлиқ масалалар бўйича аниқ таклифлар лойиҳачиларга тақдим этилди. Бунинг натижасида 50 га яқин хонадонда сел ва тошқиндан азият чекувчи оилаларнинг муаммоси ҳал этилиши ҳамда боғнинг санитария-гигиеник ҳолатини яхшилаш режалаштирилган.
Камарсада маҳалласидаги Майсали кўчаси фуқаролари, аниқроғи оқсоқоллари шахсан бир муаммо билан менга мурожаат қилишди. Гап шундаки, кўча боши серқатнов ва кўчадан катта йўлга чиқиш транспорт оқими катталиги сабабли ўта мушкул. Бунинг натижасида автоҳалокатлар, айниқса, мактаб ўқувчилари иштирокида кўнгилсиз ҳолатлар бўлаётгани мурожаатдан маълум бўлди. Энг қизиғи, ушбу масала туманнинг олдинги раҳбарлари даражасигача олиб чиқилган, бироқ ечилмаган. Аввал аҳолининг таклифларини эшитдим ва сектор раҳбари (Ички ишлар бўлими) қабулида муҳокама қилиш ва ечим топиш жараёнида барча масъуллар масала муҳокамасига қўшилди. Масала ижобий ҳал этилди. Бунга ёрдам сифатида инфратузилма ташкилотларидан симёғочлар янгиланиб, тунги ёритгичлар ўрнатиб берилди.
– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?
– Маҳаллада дастлаб ишга киришиш жараёнида фуқароларнинг давлат хизматларидан норозилигини давлат хизматчиси билан бир муаммо ечилишидан умидсизлиги кўрсатиб қўяр эди, фуқаролар билан давлат ўртасида ҳоким ёрдамчисидек кўприк зарурлигини Президентимиз тўлиқ англай олганлар. Пастдаги буйруқбозлик, коррупцияга барҳам бериш борасида мана шу кўприк самара бериши учун қарор қабул қилганликларини 8 ойлик натижадан одамларнинг ишончи қайтганидан кўриш мумкин. Фуқароларнинг оддий масаласи мураккаб муаммога айланиб кетиши мумкинлиги, кичик масалага бепарволик хонадонларни пароканда қилиб юборишини ўтган давр хулосалари кўрсатди.
Лекин бу тизимдан норозилар ва тизимга қаршилар ҳам етарли. Яққол мисол, банк ходимлари ва раҳбариятининг кредитларни чиқармай, бюрократик важларни ўйлаб топиб чалғитиши ҳисобига жуда кўп фуқаролар наздида ҳоким ёрдамчиси айбдордек бўлиб қолмоқда. Кейинчалик бу масала ҳам тартибга тушди, лекин барибир муаммо тўла-тўкис бартараф этилмасдан келмоқда.
Шунингдек, ҳозирги тизимда хато ва камчиликлар мавжуд. Мисол учун, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси иш тизимини мувофиқлаштирувчи база йўқлиги сабабли маҳалла фуқароларининг муаммоларини мувофиқлаштирувчи тизим тўхтади. Масалан, котиб штатини йўлга қўйиш орқали кунлик амалга оширилган ишларни расмийлаштириш ва электрон базага киритиб бориш, жумладан навбат тизимини тартибга солиш бўйича маҳалла платформасини ишга тушириш мумкин.
Маҳалладаги фуқаролар жуда кўп маротаба телефон орқали бир масала ёки муаммо бўйича мурожаат қилишади. Қайсидир мурожаат ўринли, қайсидир бири ўринсиз бўлиши мумкин. Ҳоким ёрдамчиси ҳокимият вакили сифатида барча муаммоларни эшитиши зарур бўлмоқда. Мисол тариқасида, бир хонадонга кирилса, бу ердан бир соат оралиғида чиқиб кетишнинг иложи йўқ.
Ҳозирда 50 фоиз хонадон тўлиқ ўрганилган бўлса, 30 фоиз хонадоннинг асосий вакили билан тўлиқ алоқада бўлиш имкони йўқлиги (доимий иш билан банд) ва қолган хонадонлар вакиллари уйига боришимизни кутмай, маҳалла идорасига қидириб келиши жуда катта йиғилиб қолган муаммолар мавжудлигини кўрсатиб қўйди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
– Бу соҳадаги ҳолатга баҳо бериш жуда қийин ёки бартараф этиш жуда кўп йилларни талаб этади. Яққол мисол, кредит, ер ажратиш, субсидия бериш тартибига эътибор берсак-да, бу ҳолат қайтарилиши тўхтамаяпти. Айниқса, кредитлаш ва молиялаштириш масаласи банк тизимидан маҳаллага олинмас ёки қатъий жазо тартиби йўлга қўйилмас экан, жиноятлар ортиб бораверади. Чунки оилавий тадбиркорлик йўналишида бериладиган кредитлар онлайн маҳалла платформаси орқали барча масалалар, яъни ариза бериш, тавсия бериш, тавсияга шартнома тузиш, унинг учун давлат хизматлари орқали электрон калит олиш, шартнома бўйича мониторинг ўтказиш ва платформага жойлаш, олинадиган товарларни шартнома ҳисоб-фактураси орқали тасдиқлаш, далолатнома расмийлаштириш, далолатномани ҳоким, унинг ёрдамчиси томонидан тасдиқлаш ва шу кабилар тадбиркорни ўта қийин ва оғир вазиятга тушириб қўймоқда. Бу инновация тадбиркорга фойда келтириш ўрнига маънавий зарар етказмоқда. Таклифим – шунча оворагарчилик ўрнига биргина банк пластик картаси орқали унинг ҳисобига нақд пул чиқарилса, бу муаммо ҳал бўлиши мумкин.
Яна битта масала, аукцион орқали бериладиган томорқа ерлари ажратишда ҳам тушунмовчиликлар жуда кўп, ерга қизиққан инсонга 10 сотих ер камлик қилади. Бу ваколатни мутлақ белгилашни ҳоким ёрдамчиси ихтиёрига бериш керак. Аксинча, бу туман ва вилоят ҳокимлиги даражасида белгилаб қўйиладиган бўлса, ерга нисбатан муносабат ўзгаришсиз қолаверади.
Шунингдек, бизнес таклифларни сараловчи дастурни яратиш зарурияти ҳам мавжуд. Маҳалла доирасида камбағалликка қарши нега айнан фақат қуён, сигир, қўй тарқатиб курашиш керак? Нега туризм ва хизматлар, уй-ресторан ва кафелар, дастурчиларни онлайн ўқитиш бизнеси каби янги лойиҳалар ишлаб чиқилмаяпти? Шу масалаларни ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак.
Изоҳ қолдириш