– Мамлакатимизда 2022 йил 1 январдан илк бор “маҳаллабай” тизими жорий этилиб, барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги ПФ-29-сон Фармонига мувофиқ, республикамизнинг ҳар бир маҳалласида ҳоким ёрдамчилари лавозими ташкил қилинди. Мен ҳам бошқа ҳамкасбларим қатори Хоразм вилояти Урганч шаҳар Тоза-Боғ маҳалласида ҳоким ёрдамчиси бўлиб иш бошладим. Ишимнинг биринчи кунидан “Давлат сиёсатини маҳаллагача тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш”ни ўзимга бош мақсад қилиб олганман.
Ушбу лавозимнинг мазмуни, қисқача қилиб айтадиган бўлсам, маҳаллани, ҳар бир хонадоннинг, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг яшаш шароитини уйма-уй юриш орқали ўрганиш, ҳудуднинг ўсиш нуқталарини аниқлаш, маҳаллада муваффақиятга эришган тадбиркорлар ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ишлаш ва доимий фикр алмашиш вазифаларни тўғри белгилашда деб биламан. Шунингдек, ўз тадбиркорлигини бошлаган, кенгайтирмоқчи бўлганларга кўмаклашиш, билим ва кўникмага эга бўлмаган фуқароларни ўқув курсларида ўқитиш, ишсиз аҳолини иш билан банд қилиб, оилалар даромадини кўтариш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашиш, маҳалланинг ўсиш нуқтасидан келиб чиқиб, уларни лидер тадбиркорларга кооперация орқали бириктириш, бошқа ҳоким ёрдамчилари билан тажриба алмашиш, маҳаллада бўш бино ва ер майдонларини аниқлаш кабилар ҳам бизнинг асосий вазифаларимиз қаторига киради.
Зиммамизга юклатилган вазифалардан ташқари, ҳар бир фуқаро муаммоларини тинглаш, уларни ҳал қилиш, ижтимоий кўмаклашиш, ногиронлиги бор ва ижтимоий қийналган аҳоли қатламидан доимий хабар олиб туриш ва кўмаклашиш ишларига ҳам бирдай масъулмиз.
Қисқа қилиб айтганда, ҳоким ёрдамчиси давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни, Президентимиз сиёсатини маҳалла даражасида аҳолига татбиқ қилиш, шунингдек, маҳаллага тушиб, аҳолини орқасидан эргаштириб, уларнинг барча муаммоларини ҳал қилиб берадиган даражада ишлашни талаб қиладиган масъулиятли лавозимдир. Ҳоким ёрдамчиси давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни маҳалла даражасида аҳолига татбиқ қилиш, аҳолини ортидан эргаштириб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб бериш учун масъулдир.
– Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Илгариги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
– Мен Вапаев Шавкат Баҳодирович, 1986 йилда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида туғилганман. Оилалиман, битта фарзандим бор. Маълумотим - олий. Тошкент Ирригация ва мелиорация институтини тугатганман. Ҳоким ёрдамчиси лавозимига қадар Урганч шаҳар ҳокимлигида турли лавозимларда ишлаганман, Урганч шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи лавозимидан ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтганман.
Урганч шаҳар Тоза-Боғ маҳалласи кўп хонадонли уйлардан иборат. Олдинги фаолиятимда ҳар бир кўп хонадонли уйлар билан индивидуал ишлаганим сабабли маҳалла билан яхши танишман. Зиммамдаги вазифаларни сидқидилдан бажаришда олдинги ишлаган жойлардаги тажрибам ҳам қўл келмоқда. Қолаверса, халқ билан ишлаб, янада кўпроқ тажриба орттирмоқдаман.
– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор (мактаб, боғча, тиббий пункт ва ҳ.к.)?
– Мен ишлаётган маҳалла Урганч шаҳрида жойлашган бўлиб, 24,5 гектарни ташкил қилади. Маҳаллада 40 та кўп квартирали уйлар 1503 та хонадондан иборат бўлиб, 1510 та оила, шунингдек, 4285 та аҳоли истиқомат қилади. Бундан ташқари маҳаллада 46 та нотурар объектлар, 1 та боғча, 1 та “Ишга марҳамат” мономаркази мавжуд. Маҳаллада 83 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келмоқда. Маҳалла аҳолиси, асосан, хизмат кўрсатиш ҳамда савдо билан шуғулланади. Маҳалла ҳудудида йиик саноат корхоналари мавжуд эмас.
– Маҳалла аҳолиси билан қандай алоқа ўрнатдингиз, улар билан танишиш қандай кечди? Муаммолар юзасидан қанча мурожаатлар тушмоқда, муаммоларни ҳал этишда ахборот платформасининг ҳам ёрдами тегяптими?
– Биринчи иш кунимданоқ маҳалла раиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва участка нозири билан яқиндан танишиб, аҳоли учун ишлаётганлигимиз сабабли бир жамоа бўлиб ишлашга келишиб олдик. Яъни, бир фуқаронинг яшаш шароитини ўрганиб, уйма-уй юриш орқали хонадонларни хатлов қилиб чиқдим. Маҳалла аҳолиси билан алоқа ўрнатишда, авваламбор, маҳалла фаоллари билан яқиндан танишиб, ишларни улар билан ҳамкорликда ташкиллаштирдим. Маҳалланинг Telegram каналини очиб, аҳоли ўз муаммоларини шу канал орқали билдириши учун шароит яратдим, ҳозирги кунгача улар билан маслаҳатлашиб, келишиб ишламоқдаман. Маҳалладаги кўпчилик муаммолар махсус платформа ёрдамида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳал этилмоқда.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳаллангизда тадқиқ ва сўровлар ўтказгансиз. Илтимос, уларнинг натижалари ҳақида бизга батафсил маълумот беринг, нималарни аниқладингиз?
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида аҳоли ўртасида кўп маротаба ҳар хил мавзуларда сўровномалар ўтказдим. Мисол учун, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, ижтимоий муҳтож қатламларга ҳамкорликда кўмак бериш учун улар орасида ўтказилган сўровномада кўпчилик фаол қатнашди. Telegram каналдаги сўровнома якунларидан келиб чиқиб, қайси йўналиш кўп овоз олса, шу йўналишни иш режамга киритиб бормоқдаман. Масалан, моддий қийналган, ногиронлиги, касаллиги бор аҳоли муaммоларини ечишда соғлиқни сақлаш ходимлари, ҳамширалар биргаликда ишлаб, доимий хабар олиб турдик. Маҳалламиз инфраструктурасини ривожлантириш бўйича сўровномада маҳалла аҳолиси йўлларни асфальтлаштириш ҳамда пиёдалар йўлакчасини таъмирлаш кераклигини билдиришган эди. Бу масалалар аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда масъуллар олдига қўйилиб, ҳал этилди.
– Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватлашга муҳтож, тадбиркорлик қанчалик ривожланган? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?
– Хатлов натижасида маҳаллани 4 та тоифага ажратиб олганман.
1-тоифа – даромади кам, бироқ даромад топишга ҳаракат қилаётган хонадонлар 101 та (6,7%);
2-тоифа – доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истагидаги хонадонлар 582 та (38,7%);
3-тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хонадонлар 78 та (5,2%);
4-тоифа – иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ хонадонлар 742 та (49,4%);
Шунингдек, маҳаллада 134 та ногирон мавжуд, 167 та хонадон “Ижтимоий ҳимоя реестри”да туради. 9 та оила “Темир дафтар”, 57 та хотин-қизлар “Аёллар дафтари”, 7 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилган.
Маҳаллада 46 та тадбиркорлик бинолари мавжуд бўлиб, 83 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда.
– Тадқиқлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қандай ёндашувларни ишлаб чиқдингиз? Ушбу соҳаларда қандай чора-тадбирлар кўряпсиз ва амалга оширишни режалаштиряпсиз?
– Маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг асосий сабабларига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Улар хатлов натижасида, маҳалла биносига келиб, амалий ёрдам сўрайдиган қатлам орасида аниқланган сабаблардан одамларнинг иш топа олишмаётганлиги, касб-ҳунарга, уқувга эга эмаслиги ва айниқса, оилаларда ишловчи қатламнинг тўсатдан касалликка дучор бўлиши натижасида оила даромадининг тўхтаб қолиши, боқувчиси бўлмаган ва ёлғиз оналар қарамоғида боласи бўлиши билан намоён бўлади. Қийналган оилаларни ушбу вазиятдан чиқариш учун ўз режамизга киритиб, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан, “Аёллар дафтари” жамғармасидан, “Ёшлар дафтари” жамғармасидан, қолаверса, келаётган ишчи гуруҳларнинг ёрдамлари ва тадбиркорларнинг ҳомийлиги асосида ушбу оилаларнинг уйларини таъмирлатиш, жиҳозлаш, шунингдек, озиқ-овқат, дори-дармонлар ва даволатиш ишларига ёрдам берилмоқда. Шунингдек, иш топа олмаётган аҳолининг ишга жойлашишига, хусусан, касб-ҳунар олишга интилаётган аёллар ва ёшларни ўқитиш натижасида ёки уй шароитида тадбиркорлигини йўлга қўйиб, оила даромадларини оширишга кўмаклашилмоқда. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
– Айтингчи, маҳалла аҳлини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
– Бу борада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалла фаоллари иштирокида ҳар бир кўп хонадонли уйларда яшовчи аҳоли орасидан боқувчиси йўқлар, ёлғиз оналар, ногиронлиги борлар, касалликка чалинган фуқаролар бириктирилган оилавий поликлиника билан ҳамкорликда уларнинг рўйхати шакллантирилиб, рўйхатда турганларга дори-дармон тарқатилиши назоратга олинган. Шунингдек, байрамларда ҳокимлик, депутатлар, жамғармалар ҳисобидан ва ҳомий тадбиркорлар ҳамкорлигида озиқ-овқат тарқатиш, дори-дармонларни олиб бериш, кийим-кечаклар бериш, коммунал тўловларни тўлашда амалий ёрдам бериш, уйларни таъмирлаш ишлари, иссиқлик тизимини ўтказиш, болаларга мактаб формалари тарқатиш амалга оширилди, дафтарда турган касалларнинг даволанишлари учун зарур шароитлар яратиб берилди.
– Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион ва тайёр усулларни қўлладингиз? Мисоллар келтиринг ва ушбу уй хўжаликлари билан ишлаш натижалари ҳақида батафсил маълумот беринг.
– Камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун маҳалламиздаги хонадонларни 4 тоифага ажратиб, қайси хонадонга қандай ёрдам кўрсатиш зарурлигини аниқлаганман. 1-тоифага кирувчи хонадонларга бўш иш ўринлари, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар олиб беришга, 2-тоифага кирувчи хонадонларга имтиёзли кредитлар олиб беришга ва энг кўпроқ ёрдамга муҳтож 3-тоифага кирувчи хонадонларга ўз ташаббусим билан 4-тоифага кирувчи, яъни тадбиркорлик билан шуғулланувчи хонадонларни хоҳишига қараб ҳомий сифатида бириктириб, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ишларни олиб бормоқдамиз. “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”га киритилган мақсадлардан бири тадбиркорликни ҳар томонлама тараққий топтиришдир. Шунга асосланган ҳолда маҳаллам драйвери сифатида савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш соҳалари белгиланган. Ҳозирги кунга келиб маҳаллада 46 та нотурар объектларда 83 та савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш нуқталари мавжуд. Жорий йилда тадбиркорлик субъектлари сонини бир бараварга ошириб, маҳаллада ишсизликни умуман йўқ қилишни мақсад қилганмиз.
– Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган ҳолатлар қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?
– Маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири, юқорида айтиб ўтганимдек, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги ишсизлик, уларнинг касбга ўқимаганлигидир. Шундан келиб чиқиб, камбағаллик даражасини қисқартириш учун ишсиз фуқаролар, яъни хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича улар учун ўқув курслари ташкиллаштириб, ўқиб чиққан ишсиз хотин-қизлар ва ёшлар учун ҳар бир секторда микромарказлар очилса, ишсизлик сони камаяди ва ўз-ўзидан камбағаллик даражаси ҳам қисқаради. Маҳаллада ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган ёки меҳнатга лаёқатсиз фуқаролари бор оилалар бўлиб, бу оилаларда камбағаллик даражасини қисқартириш учун улар тадбиркорлар, ҳомийлар ёки давлат томонидан қўллаб-қувватланиши зарур. Камбағал оилаларни ҳомийликка оладиган тадбиркорларга давлат томонидан берилиб турган имтиёзларни янада ошириб, солиқ енгилликлари ёки кредит олишда енгилликлар берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
– Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангиздаги муаммоларни қандай тавсифлаб бера оласиз ва уларни ҳал этиш, маҳаллангизни ободонлаштириш борасида қандай ишлар олиб боряпсиз?
– Ҳозирги кунда маҳалламиз кўп хонадонли уйлардан иборатлиги учун ушбу кўп хонадонли уйларга профессионал бошқарув компанияси хизмат кўрсатиб келмоқда. Маҳалламиздаги кўп хонадонли уйлар 1970-1980 йилларда қурилган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, маҳалла фаоллари билан мазкур муаммоларни бартараф қилиш мақсадида 2022 йили махсус дастур шакллантиришга эришдик. Дастурда, асосан, 2023 йил маҳалланинг ҳамда кўп хонадонли уйларнинг марказий оқова сув тизими алмаштирилиши, кириш йўлаклар таъмирланиши, қолаверса, янгидан болалар майдончалари ташкил қилиниши, пиёдалар йўлакчаси янгидан барпо этишлиши, 25-сон МТМни жорий таъмирлаш ишлари, шунингдек 2 та кўчани асфальтлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган. Бундан ташқари, маҳалла фаоллари билан жорий йилнинг 27 январь куни йиғилиш ўтказилиб, қиланаётган ишлар юзасидан ҳисоботлар берилди ва жорий йил дастлабки “Ташаббусли бюджет” жараёнлари бошланаётганлиги учун “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали аҳоли кириб чиқиши учун қулайликлар яратиш мақсадида кўп хонадонли уйларнинг олдини бетонлаштириш таклифини киргизиш, овоз тўплаш масалалари тушунтирилиб, бу ташаббуслар кўпчилик томонидан бир овоздан маъқулланди.
– “Маҳаллабай” тизими маҳаллий даражада ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларни ҳал қилишда барча даражадаги бошқарув органларининг яқин ўзаро ҳамкорлигини кўзда тутади. Бу борадаги ишлар қандай ташкил этилган?
– Албатта, маҳалларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида олдимизда турган муаммоларни ҳал этишда юқори ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб келмоқдамиз. Ҳоким ёрдамчиларининг ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида республика вакилларидан бириктирилган ходимлар, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, вилоят ва шаҳар халқ қабулхоналари, секторлар, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси ва шаҳар маркази, Марказий банк ва Агробанк шаҳар филиали, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва кўплаб шаҳар ташкилотлари ва корхоналари вакиллари ўз вазифаларидан келиб чиқиб, ҳоким ёрдамчиларига кўмакчи бўлмоқда. Маҳаллада хонадонма-хонадон юрганимизда, турли муаммоларга дуч келганимизда, бизга ҳар бир тегишли ташкилотлар билан боғланиб, жойида бартараф этиб кетиш имконияти яратилди. Жумладан, ишларини тўғри ташкил қилиш учун ҳоким ёрдамчилари бугун етарли шарт-шароитлар билан тўлиқ таъминланди. Ишхоналаримиз таъмирланиб, фаолият учун зарур бўлган барча зарур ускуналар билан жиҳозланган. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман.
– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
– Фаолиятимизда коррупцияга йўл қўймаслик мақсадида уни шаффофлик ва очиқлик принциплари асосида ташкил этишга ҳаракат қиламан. Бунда, аввало маҳалла фаоллари, аҳолининг ўзига таянаман. Қилинаётган ҳар бир иш бўйича халқ, депутатлар, масъул маҳаллий ҳокимият органлари вкиллари олдида ҳисобот берилади. Ҳар бир ишни халқ билан баҳамжиҳатликда, маслаҳатлашган ҳолда қиламиз. Бунда гап кўп.
– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?
– Халқ орасига кириб ишлаш, унинг оғирини енгил қилиш орқали эл-юрт ишончини қозониш осон иш эмас. Аҳолининг моддий аҳволи ўзгариши, даромади ошгани сари уларнинг ўзларига ва давлатимизга ишончи ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Маҳалламизда фаолият бошлаганимга оз фурсат бўлишига қарамай, ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида 2 та кўчага, Маърифат кўчаси ва 3-даҳа Ободлик кўчасидаги 28-29-уйлар олдига жами 700 метрлик асфальт қилиш ишлари, 4-5 та кўп квартирали уйларнинг автомашиналар учун парковкасига, 25-сон МТМнинг кириш қисмига шағал тўшаш ишлари амалга оширилмоқда. Қолаверса, юқорида айтганимдек дастурга киритилган қолган ишлар жорий йил амалга оширилади. Ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун мурожаат этган 72 нафар фуқародан 46 нафарига 1424,6 млн сўмлик имтиёзли кредит олиб берилди, аҳолини тадбиркорликкка жалб қилиш мақсадида 2022 йил 56 нафар фуқародан асбоб-ускуналарни субсидия орқали олиш учун 440 млн сўмлик аризалар келиб тушган бўлиб, 191 млн сўмлик 23 та аризалар скоринг жараёнидан ўтиб, буйруқлари расмийлаштирилган. 411 нафар фуқароларнинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди. Жумладан, 207 нафар фуқаро доимий иш жойларига, 76 киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ва 128 нафари ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига иш билан таъминланди. Яна 68 нафар фуқаро касб-ҳунарга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди. Ўтган давр давомида 10 та юридик ва 28 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди. 4 нафар фуқаролар ҳунармандлар уюшмасига аъзо қилиниб, ҳунарманд сифатида иш бошлади. Хулоса қилиб айтганда, ҳоким ёрдамчиси лавозимининг ташкил этилганлиги маҳаллаларни ҳар тарафлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, даромадини ошириш ишига салмоқли ҳисса қўша бошлади, деб ишонч билан айтиш мумкин.
Изоҳ қолдириш