Постпандемия шароитида иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш учун қандай чоралар кўрилади?

Постпандемия шароитида иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш учун қандай чоралар кўрилади?

Пандемиянинг натижасида бутун дунё давлатлари иқтисодий инқирозга юз тутмоқда. Глобал ҳамжамиятнинг бир бўғини сифатида инқирознинг салбий таъсири Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди. Халқаро валюта жамғармасининг маълум қилишича, пандемия натижасида глобал иқтисодиёт бу йил 3,0 фоизга пастлаши кутилмоқда.

1-Расм. Марказий осиё давлатларида 2020 йилда иқтисодий ўсиш прогнозлари

Хусусан, COVID-19’нинг товар-хомашё бозорларига, савдо ва пул ўтказмаларига таъсири ва мажбурий карантин чораларининг қўлланиши Марказий Осиё минтақаси давлатларининг иқтисодий ўсиш суръатларини кескин пасайтиради. Ўзбекистон ва Туркманистондан бошқа давлатларда иқтисодий пасайиш кузатилиши кутилмоқда. Мана шундай кўламдаги инқирознинг содир бўлишига қарамай, халқаро молиявий ташкилотлар 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида паст бўлсада ўсиш кузатилишини прогноз қилмоқда (2-расм).

Шу билан бирга, пандемия натижасида йўқотилган зарарларни тиклаш, иқтисодий ўсишнинг инқироз олди трендига қайтиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш янги чоралар қабул қилишни тақозо этади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишида иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлаш учун янгича ёндашув ва инструментларни қўллаш бўйича 8 та асосий йўналиш кўрсатиб ўтилди. Мазкур йўналишларнинг биринчиси этиб – иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш белгиланди.

2-Расм. Ўзбекистон: 2020-2021 йиллар учун иқтисодий ўсиш прогнозлари

Пандемиянинг миллий иқтисодиётга таъсирини юмшатиш учун қандай ишлар амалга оширилди?

Карантин даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ўтган 3 ой ичида тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга 2,2 триллион сўмлик солиқ имтиёзлар тақдим этилди. Хусусан:

  1. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Энг катта зарар кўрган иқтисодиёт тармоқлари ва тиббиёт соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғармадан 3,6 триллион сўм маблағ йўналтирилди.
  2. Корхоналарнинг банкрот бўлиш ҳолати олди олинди:

- 59,8 мингта кичик бизнес корхоналарига 257,1 млрд. сўмлик мулк ва ер солиқлари бўйича имтиёзлар берилди;

- 328,8 та микрофирма ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача туширилди (551 млрд. сўм);

- Дебиторлик қарзи мавжуд бўлган 4 022 та экспортёр корхоналарга нисбатан жарима санкциялари қўлланиши вақтинчалик тўхтатилди (1,7 трлн.сўм);

- Тижорат банклари томонидан 23,9 тлрн. сўмлик кредитлар муддати узайтирилди;

- 20,3 та тадбиркорлик субъектлари бўйича фойдаланилмаётган ер ва объектлар учун баланд ставкалар ва пенялар қўлланилиши вақтинчалик тўхтатилди (1,1 трлн. сўм);

- 239 мингта якка тартибдаги тадбиркор учун ижтимоий солиқнинг энг кам миқдори 50 фоизга камайтирилди (155 млрд.сум).

III. Иқтисодиёт тармоқлари барқарор ишлаши учун муҳим бўлган тармоқларни мақсадли қўллаб-қувватлаш:

- Туризм соҳасидаги 3 167 та якка тадбиркорлик субъектлари бўйича жисмоний шахслар учун қатъий белгиланган даромад солиғини ҳисоблаш тўхтатилди;

- 7 мингдан ортиқ умумий овқатланиш ва алкогол товарлар савдоси билан шуғулланувчи субъектлар учун тўловлар миқдори пасайтирилди;

- Инқирозга қарши кураш жамғармасидан тармоқларнинг барқарор ишлаши учун 1 829,2 млрд сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.

Иқтисодиётни қайта тиклаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун қандай ишлар амалга оширилади?

Мамлакат иқтисодиётининг тикланиши ва кейинчалик барқарор ривожланиши тўғридан-тўғри яратиладиган макроиқтисодий шарт-шароитга боғлиқ. Аввал қабул қилинган стратегияга қўшимча равишда постпандемия даври янги чораларни кўришни талаб қилади. Шу маънода ҳукумат томонидан бир қатор ишлар амалга оширилиши кутилмоқда. Мазкур чораларни амалга ошириш муддатига кўра иккига ажратиш мумкин – қисқа ва узоқ муддатли.

Қисқа муддатли чоралар, ўз навбатида, қуйидаги йўналишларни қамраб олади:

- ташқи қарз ўсишини олдини олиш, қарз маблағларини самарали ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш. Бунда янги қарзларни жалб қилиш ҳажмини 4 млрд. Доллар миқдорида таъминлаш;

- бюджет дефицитини ЯИМга нисбатан 3,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш;

- солиқ ва божхона имтиёзлари, зарурий ҳолларда компенсация механизми орқали, оптимизациясини якунига етказиш;

- маҳсулотлар айланмасини кузатиш учун электрон ҳисоб-фактураларни тўлиқ жорий қилиш;

- давлат корхоналарини ислоҳ этишни давом эттириб, уларни ўз харажатларини тўлиқ қоплаш даражасига олиб чиқиш.

Узоқ муддатда эса қарз юки ва бюджет харажатларини мақбуллаштириш бўйича Ўрта муддатли чоралар режасини ишлаб чиқиш ва ташқи давлат ресурсларини фақат инфратузилма лойиҳалари ҳамда ижтимоий объектларга сарфлаш.

Шунингдек, ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган Саноат сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш орқали саноат ва рақобат сиёсатини такомиллаштириш ва давлат молиясини бошқариш стратегиясини қабул қилиш.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мамлакат иқтисодиётини пандемия таъсиридан тезроқ чиқариш ва барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш учун хизмат қилади.

Нозимжон Ортиқов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар