Президент 11 мингта миллий стандарт ўрнига халқаро стандартларни қабул қилиш ҳамда 2023 йилдан барча корхоналарни ушбу стандартларга ўтказиш бўйича кўрсатма берди

Президент 11 мингта миллий стандарт ўрнига халқаро стандартларни қабул қилиш ҳамда 2023 йилдан барча корхоналарни ушбу стандартларга ўтказиш бўйича кўрсатма берди

Президент Шавкат Мирзиёев 17 май куни техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология миллий тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, маҳсулотлар сифатини ошириш, жаҳон бозорларига чиқиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, юртимизда мавжуд 30 мингга яқин стандартнинг 19 мингтаси халқаро нормалар билан уйғунлаштирилди ва халқаро стандартлар реестри шакллантирилди.

Эскирган, бозор иқтисодиёти механизмларига салбий таъсир кўрсатадиган 5 минг 600 та стандарт амалиётдан чиқарилди, 3 минг 500 таси замон талаблари асосида такомиллаштирилди. Халқаро аналогларга мувофиқ қўшимча 26 та техник регламент ишлаб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи 260 та корхонада “Global G.A.P.” ҳамда “Organic” стандартлари асосида сифат тизими жорий этилди ва улар халқаро даражада сертификатлаштирилди.

32 та тўқимачилик корхонаси “Oeko-Tex” стандарти асосида сертификатлаштирилди. 21 та корхона Европа Иттифоқида талаб этиладиган “СЕ” маркировкасини тасдиқловчи сертификат олди.

Синов лабораториялари модернизация қилиниб, юртимизга чет эллардан келтирилаётган маҳсулотлар сифати ҳам ўрганиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ишлаб чиқаришда, эспорт ва импорт жараёнларида стандартлар билан боғлиқ яна кўплаб вазифалар бор. Айрим тартиб-таомиллар тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда.

Тақдимотда шу масалаларни ҳал этиш, соҳадаги тартибларни такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Масалан, бугунги кунда 3 минг 400 турдаги маҳсулотга санитария-эпидемиологик хулоса билан бирга мувофиқлик сертификати ҳам талаб этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга санитария-эпидемиологик хулоса олинадиган маҳсулотлар рўйхатини мақбуллаштириш, қўшимча мувофиқлик сертификати талабини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Импорт маҳсулотлар синови божхона расмийлаштируви жараёнида амалга оширилиб, бунга 60 кунгача вақт кетмоқда. Шу боис, бу борадаги ҳужжатларни камида 30 кун олдин божхона электрон дастурига жойлаштириш тизимини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.

Соҳани такомиллаштиришда жаҳон тажрибасидан фойдаланилмоқда. Жумладан, Европада фақатгина 28 турдаги хавфи юқори бўлган маҳсулот мажбурий сертификатланади, қолган барча турдаги товарлар мувофиқлиги декларациялаш орқали тасдиқланади.

Тақдимотда шундай тизимни тажриба-синов тариқасида амалиётга киритиш зарурлиги қайд этилди. Дастлабки босқичда 800 га яқин маҳсулот тури бўйича декларациялаш тартиби жорий этилади.

Халқаро талаблар билан уйғунлашмаган қолган 11 мингта миллий стандарт ўрнига халқаро стандартларни қабул қилиш ҳамда 2023 йилдан барча корхоналарни ушбу стандартларга ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.

“Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги 20 та синов лабораторияси фаолиятини халқаро даражада ташкил этиб, биринчи навбатда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, электр техникаси, енгил саноат, гигиена ва парфюмерия маҳсулотлари ҳамда қурилиш материалларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолашни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Европа Иттифоқининг “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзлардан кенг фойдаланиш учун корхоналарга халқаро сертификатлар олишда кўмаклашиш кераклиги қайд этилди.

Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар ҳамда Санитария ва фитосанитария чоралари тўғрисидаги битимлари нормаларидан келиб чиқиб, ушбу соҳаларга масъул идораларнинг ваколатларини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар