Президент 20 августни "Тадбиркорлар куни" этиб белгилаш ташаббусини билдирди

Президент 20 августни

Энди ҳар йили айнан шу куни, яъни 20 август Президентнинг бизнес вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилади. Бир йиллик ишлар натижалари сарҳисоб қилиниб, энг илғор бизнес вакиллари шу куни давлат мукофотлари билан тақдирланади.

"Мен ўйлайманки, бугунги очиқ мулоқотимиз, барчамиз учун жуда фойдали бўлди. Қанчадан-қанча масала ва муаммоларни самарали ҳал этиш бўйича Сизлар билан амалий ечимларни топдик. Энг муҳими, ўртамиздаги ўзаро ишонч ва ҳурмат янада мустаҳкамланди.

Сизлар кўтарган долзарб масалалар, уларни ҳал қилиш бўйича берилган аниқ таклифлардан кўриниб турибдики, тадбиркорларимизнинг савияси ва билим даражаси кескин ўсган, дунёқараши ўзгарган, иш услуби ва инновацион ёндашувлари бугун мутлақо бошқача. Мен бундан жуда ҳам мамнун бўлдим.

Бугунги тажрибамиздан келиб чиқиб, ушбу учрашувларни ҳар йили ташкил этсак, буни яхши бир анъанага айлантирсак, Сизларга маъқулми? Шу муносабат билан, бугунги санани, яъни 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиб, уни ҳар йили юртимизда кенг нишонласак, бу ташаббусга нима дейсизлар, дея таклиф билдирди Президент.

Тадбиркорлар бу таклифни қўллаб-қувватлади.

"Ишончим комил, бугундан бошланган янги анъанамиз, тадбиркорлик соҳасида йил давомида ишлайдиган самарали тизимга айланади. Бунга, Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман ва жойларда ҳокимлар масъул бўлади.

Шунингдек, янги ташкил қилинган Стратегик ривожланиш агентлиги тадбиркорлар ва инвесторларни қийнаётган муаммоларни, юқоридаги идоралар билан бирга тизимлаштиради ва уларни ҳал этиш учун аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, Ҳукуматга ва Президентга киритиб боради.

Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар ҳар ҳафта ўзлари масъул бўлган ҳудудларга чиқиб, аввалдан эълон қилинган графиклар асосида, тадбиркорлар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг муаммо ва масалалари ечимига кўмаклашади.

Такрор ва такрор айтаман, ишнинг кўзини биладиган, одамларга меҳнат қилиш ва даромад топишга шароит яратадиган, ватанпарвар ҳамда фидойи тадбиркорларни биз доимо бошимизга кўтарамиз. Бу Президент талаби ва бошлаган ислоҳотларимизнинг асл мазмунидир", дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар