Президент билан "Очиқ мулоқот" учун энг кўп бизнесни молиялаштириш, кредитлаш ва субсидиялаш билан боғлиқ мурожаат келиб тушган

Президент билан

Айни дақиқаларда АОКАда Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан бўлажак “Очиқ мулоқоти”га тайёргарлик кўриш доирасида тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича ташкил этилаётган ишларга бағишланган брифинг ўтказилмоқда.

Брифингда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Аброр Гадоев «Очиқ мулоқотда иштирок этиш учун тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича Штабга 10 500 дан ортиқ мурожаат келиб тушгани ҳақида маълумот берди.

“Фуқаролар ва тадбиркорларнинг бизнесни кенгайтириш ва ривожлантиришга доир мурожаатлари, ғоялари ва таклифларини қабул қилиш бўйича Штаб платформасида бир нечта call-марказлар фаолият юритмоқда. Мурожаатлар 24/7 режимида қабул қилинади.

Бугунги кунга келиб Штаб томонидан 10 623 та мурожаат, шу жумладан, бизнесни молиялаштириш, кредитлаш ва субсидиялаш билан боғлиқ 4 347 та, ер, бўш бино ва иншоотлар ажратиш билан боғлиқ 2 078 та, турли рухсатнома ва сертификатлар олиш билан боғлиқ 434 та, шунингдек, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича бир қатор таклиф ва ғоялар қабул қилинди”, дейди Аброр Гадоев.

Таъкидланишича ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри (1 146 та мурожаат), Тошкент вилояти (954 та мурожаат) ва Қашқадарё вилояти (929 та мурожаат) етакчилик қилмоқда.

Шунингдек, Штабнинг таҳлилий гуруҳи келиб тушаётган мурожаатларни тизимли ва алоҳида муаммоларга тизимлаштириш ва таснифлаш ҳамда аниқланган муаммолар ечимини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар