Президент қарорида Денов туманидаги 5 та маҳаллани Узун туманига ўтказиш белгиланган

Президент қарорида Денов туманидаги 5 та маҳаллани Узун туманига ўтказиш белгиланган

Президентнинг “2021–2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда ҳудуд аҳолиси учун бир қатор муҳим янгиликлар белгиланди.

Боботоғ ҳудудида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида 2024 йил 1 январга қадар:

  • янги ташкил қилинадиган тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кластер ташкилотлари ер солиғи, мол-мулк солиғи, фойда солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғининг;
  • жисмоний шахслар ер солиғи ва мол-мулк солиғининг 50 фоизини тўлашдан озод қилинади.
  • Вилоят ва туман ҳокимлиги бир ой муддатда салоҳиятли тадбиркорларга Боботоғ ҳудудида қайта фойдаланишга киритиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини бириктириб беради ҳамда сабзавот-полизчилик, мевали боғ ва узумчилик, чорвачилик йўналишидаги кластерлар фаолиятини йўлга қўяди.

Шунингдек, ҳудудда тун-у кун хизмат кўрсатадиган навбатчи ҳамширалик гуруҳи ташкил этилади.

Қарор билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 2021-2022 йилларда Боботоғ давлат ўрмон хўжалигининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида 1400 гектар майдонда писта плантациялари барпо этишга масъул этиб белгиланди.

Бундан ташқари, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб келгуси уч ўқув йили давомида Узун тумани Боботоғ ҳудудидаги ёшлар учун давлат грантлари бўйича квоталарни ошириш лимитлари доирасида Сурхондарё вилоятида педагогика ва тиббиёт йўналишларидаги олий таълим муассасаларига қўшимча махсус квоталар ажратиладиган бўлди.

Бунда, махсус квота бўйича ўқишга қабул қилинган ёшлар олий маълумотга эга бўлганидан сўнг, ўз ҳудудида камида 5 йил давомида меҳнат қилиши лозимлиги назарда тутилмоқда.

Қарорда Узун туманининг ҳудудий тузилишига оид масала ҳам назарда тутилган бўлиб, унга кўра вилоят ҳокимлиги 1 ой муддатда Денов туманидаги “Нурли келажак”, “Жийдабулоқ”, “Боботоғ”, “Паҳлавон” ва “Дўғоб” маҳаллаларини Узун туманига ўтказиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига илтимоснома киритиши кўзда тутилган.

Қарорга кўра, 2021 йил охирига қадар Боботоғ ҳудудида Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун намунавий (кўп қаватли 30 хонадонли турар жой бинолари) лойиҳалар асосида хизмат уйлари қурилиши ҳам вазифа қилиб тайинланган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар