Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, журналистика соҳасини ривожлантириш мақсадида:
2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар:
- оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно;
- Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади;
- 2023 йилдан бошлаб тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларга 110 нусха даврий босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилиниб, улар томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилинади (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бундан мустасно). Бунда, тегишли давлат органлари томонидан харид қилиб олиш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратилади;
- бюджет ташкилотларига улардаги “кутубхона фонди” харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.
Фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда:
- оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар (ижодий гуруҳ аъзолари) қуйидан юқорига ўсиб бориш тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади;
- амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган 100 тагача энг яхши таҳлилий материални тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш учун давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов эълон қилинади.
2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтказишга эътибор қаратилсин, шунингдек, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндорлари:
- бош миллий мукофот учун – автомобиль;
- биринчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари;
- иккинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари;
- учинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари;
- 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бири учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, барча давлат органлари ва ташкилотлари ўз муассислигидаги даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шакли, шу жумладан, мобиль иловалари тегишли давлат органлари ва ташкилотларига 2022–2024 йилда ажратилган Давлат бюджети ҳамда уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан яратилишини ташкил этади, кейинги йилларда уларни модернизация қилиш учун маблағ ажратиб боради.
2023 йил январдан бошлаб:
- давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганига камида икки йил бўлган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклини, шу жумладан, уларнинг мобиль иловаларини яратиш ҳамда модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш учун 2026 йил 1 январга қадар ҳар йили энг яхши 20 та лойиҳа бўйича танлов эълон қилинади. Бунда, ҳар бир танлов учун Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган миқдорда маблағ ажратилади;
- даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига масофадан туриб обуна бўлиш ва уларнинг буюртмачигача ўз вақтида етказиб берилишини кузатиб бориш имконини берадиган “Обуна” ягона электрон платформаси, шу жумладан, унинг мобиль иловаси яратилади;
- 2026 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар томонидан “Обуна” ягона электрон платформаси орқали обуна қилинган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар обуна нархининг 10 фоиз, болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрлар обуна нархининг 20 фоиз миқдори Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан обуначиларнинг банк карталарига бир ой муддат ичида қайтарилади (“Cashback”), реклама хусусиятига эга бўлган даврий босма нашрлар бундан мустасно. Бунда, ушбу харажатлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Журналистика соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнини амалиёт билан интеграция қилиш, кадрларнинг малакасини ошириш ва журналистларнинг хорижий тилларни ўрганишини рағбатлантириш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- олий таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича таълим берадиган профессор-ўқитувчиларнинг муаллифлик кўрсатув ва эшиттиришлари ҳамда йирик таҳлилий мақолалари уларни моддий рағбатлантириш нуқтаи назаридан илмий мақолага тенглаштирилади;
- оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, матбаа корхоналари ва ахборот хизматларида камида беш йил ишлаган ҳамда ушбу йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларида дарс бераётган, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига эга бўлган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра 1-иловага мувофиқ профессор ва доцент илмий унвонига эга бўлган шахсларга тенглаштирилади;
- олий таълим муассасалари ректорларига журналистика соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш жараёнига оммавий ахборот воситаларининг таниқли ва тажрибали ходимларини, соҳанинг етук мутахассисларини жалб қилиш ва улар меҳнатини олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш ҳуқуқи берилади;
- журналистика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари кафедраларининг ихтисослаштирилган бўлимлари 2-иловага мувофиқ ташкил этилади;
- оммавий ахборот воситаларида камида бир йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимларининг:
- хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади. Бунда, улар хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши ҳамда нодавлат таълим ташкилотида ўқиш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларни исботловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим;
- хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ компенсация қилинади.
2023–2024 йилларда 50 нафар журналист ва таҳририят ходимлари хориж мамлакатларига малака ошириш, тажриба ўрганиш, стажировка ўташ ва нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиш учун юборилади ҳамда улар учун хорижлик малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда ўқув курслар ташкил этилади. Бу борадаги тегишли харажатлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилида жойлашган “Матбуот уйи” бино ва иншоотлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади. Шунингдек, ушбу бинога даврий босма нашрларнинг таҳририятлари ижара ҳақи тўламасдан (коммунал тўловлар ва кўрсатиладиган бошқа хизматлар бундан мустасно) жойлаштирилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш