Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар турар жойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун маблағ ажратилади

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар турар жойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун маблағ ажратилади

Ўзбекистондаги ҳар бир маҳаллада Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда «Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида белгиланди.

Унга кўра, қуйидагилар жамғармалар маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

  • маҳалладаги ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда;
  • маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
  • маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси тавсияси асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари (кредит, грант, беғараз ёрдам ва бошқалар);
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Маблағлар қуйидагилар ишларни амалга ошириш учун йўналтирилади:
  • маҳалла ҳудудидаги ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимини таъмирлаш ва тиклаш;
  • маҳалла биноси, маҳалла ҳудудида жойлашган спорт майдони, нуронийлар чойхонаси, ёшлар маркази, болалар майдончаси, кутубхона, маданият марказини қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни инвентар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш;
  • маҳалла ҳудудида инфратузилмани ривожлантириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда уларнинг турар жойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш.
2023 йил 1 январгача ҳар бир маҳалланинг аниқ чегаралари белгиланади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар