Қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминланганлик масалалари

Қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминланганлик масалалари

Шу йилнинг 10 апрелида Шавкат Мирзиёев бошчилигида пахта ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш, ҳосилдорликни ошириш масалаларига бағишланган видеоселекторда пандемия туфайли туризм, транспорт ва логистика, умуман хизмат кўрсатиш сохаларига кучли салбий таъсирни қишлоқ хўжалиги сохасидаги тадбирлар билан бироз енгиллатиш имкониятидан фойдаланишимиз зарурлилиги таъкидланган.

Жаҳон банки ҳам ўз ҳисоботида 2020 йил Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий ўсишнинг асосий манбалари қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлишини қайд этиб, Ўзбекистоннинг бу соҳада катта имкониятлари мавжудлигига алоҳида эътибор қаратди – Ўзбекистон аҳолисининг ярми қишлоқ жойларида яшайди, ЯИМнинг учдан бири қишлоқ хўжалигидан ташкил топади.

Бу ўринда, энг асосий урғу хосилдорликни оширишга қаратилган бўлиши керак. Ўзбекистонда пахта, буғдой, помидор, картошка, сут ва бошқа маҳсулотларнинг ўртача ҳосилдорлиги унинг ҳақиқий қувватидан анча паст. Бу кўрсаткичнинг ошиши нафақат хўжаликлар ва агро-корхоналар даромади ва экспортини оширади, балки айни пайтда пахта ва буғдой билан банд бўлган қўшимча ер майдонларини бошқа, кўпроқ даромадли экинларга ўтказиш имконини беради.

Тўғри, хосилдорликни кескин ошириш бир қарор билан ёки қисқа вақтда амалга ошмайди. Бунинг учун бир неча йил давомида машаққатли мехнат, инвестициялар талаб этилади. Муаммо шундан иборатки, кўп йиллар давомида қишлоқ хўжалиги сохасидаги тадқиқотлар эътиборсиз қолдирилган, сохада маблағ ва инновация хозир ҳам танқис хисобланиб келмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти қийматининг атиги 0,02 фоизини амалий қишлоқ хўжалиги фани ва таълим соҳасига сарфлади. Шу билан бирга, ҳозирги кунда маҳаллий фермерларга ахборот-маслаҳат хизматлари, янги технологиялардан фойдаланишнинг тизимли ечими мавжуд эмас.

Биринчидан, тадқиқот ва ривожланиш (R&D) учун етарли маблағлар ажратилмаяпти, “илмий институт - қишлоқ хўжалиги” орасида инновацияларни ишлаб чиқиш ва айниқса тадбиқ этиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилмаган. Содда қилиб айтганда, илм-фан ўз йўлида, қишлоқ хўжалиги ҳам ўз йўлида амалга оширилмоқда. Таққослаш учун қишлоқ хўжалиги муваффақиятли бўлган ўрта даромадли мамлакатлар ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти қийматининг 1 фоизини қишлоқ хўжалиги фани ва ривожланишига сарфлайди, кўпгина юқори даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич 2,5 фоизни ташкил этади (PG Pardey, Agricultural R&D in the Developing World, 2018).

Иккинчидан, қишлоқ хўжалигини молиялаштиришда давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш зарур. Қишлоқ хўжалигининг ўсиши учун давлат харажатлари муҳим аҳамиятга эга. Мисол учун, Лотин Америкасидаги ўн мамлакатда олиб борилган тадқиқотга кўра, 1985-2000 йилларда қишлоқ хўжалигига инвестиция хажми 10 фоизга ортиши қишлоқ хўжалиги махсулотлари хажмини 0,6 фоизга ўсиши аниқланган (López, 2005). Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ЯИМнинг 1,8-2,1 фоизи қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга сарфланмоқда. Таққослаш учун, ўрта даромадли мамлакатлар ЯИМнинг ўртача 0,6%, шу жумладан, Қозоғистон 0,9%, Хитой 0,8%, Вьетнам 0,4%, Россия 0,3%, Украина 0,3% сарфлайди (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, 2019 й.). Ўзбекистон ва бошқа ривожланаётган мамлакатлар қишлоқ хўжалиги махсулотлари унумдорлигининг таҳлили шуни кўрсатмоқда-ки, Ўзбекистонда давлат маблағларининг самарадорлиги нисбатан паст бўлиб қолмоқда.

Учинчидан, қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминланганлик даражаси паст даражада сақланиб қолмоқда. Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги саноатини 2020-2024-йиллар даврида янада ривожлантириш концепциясига асосан Республикада 200 мингга яқин қишлоқ хўжалиги техникаси мавжуд (шундан 2/3 қисми техник эскирган), қўшимча 200 мингдан ортиқ техникага эҳтиёж бор.

Бунинг асосий сабаби сифатида қишлоқ техникаси нархи, фермерлар молиявий имконияти ва техниканинг рентабеллиги орасидаги номутаносибликни кўрсатиш мумкин. Ишлаб чиқарилаётган техниканинг 70-75% импортга боғликлиги, ишлаб чиқариш харажатларининг юқорилиги, юқори малакали инженер ва бошқа мутахассислар етишмаслиги сабабли Белорус ва Хитой махсулотлари билан рақобатлашиш тобора қийинлашиб бормоқда.

Масалани ечими бутун дунёда бир хил – махсулот таннархини пасайтириш, локализация даражасини ошириш, техник хизмат тизимини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, инженер ва бошқа мутахассисларнинг сонига эмас сифатига эътибор бериш.

Бу йўналишда 21 август куни ҳудудларда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи бўйича йиғилишда Президент томонидан қуйидаги ишлар қилиниши белгиланди:

  • - миллий “бренд” остида максимал даражада миллий эхтиёт қисмлардан ясалган, арзон, кичикроқ, содда қишлоқ техникасини ишлаб чиқариш. Бунинг учун хорижий етакчи инжиниринг компаниялари, малакали конструкторлар ва олимларни жалб қилиш таклиф этилган.
  • - вилоятларда тўлиқ иш қуввати билан ишламаётган 5та техника заводида 120дан ортиқ турдаги импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши лозим.
  • - ишлаб чиқаришга хусусий тадбиркорлик субъектлари жалб қилиниши керак, бунинг учун жойлардаги “Агросервис МТП”ларнинг моддий-техника базасидан унумли фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.
  • - маҳаллийлаштириш даражасини ошириш мақсадида субсидия ва кредит фоизи ставкаларини қисман қоплаш тартибини сақлаб қолиш таъкидланди.

Қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминланганлик даражасини ошириш борасида қуйидагиларни таклиф этамиз:

  • қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда иқтисодий самарадорлик бошқа барча мақсадлардан устун қўйилиши керак. Хусусан, ер майдонлари бўш қолса ҳам, унумдорлиги жуда паст, харажатларни қопламайдиган холатлардан бутунлай воз кечиш; фермер ва кластерлар фаолиятларидаги эркинликни янада қўллаб қувватлаш;

- қишлоқ хўжалиги сохасидаги тадқиқот ва ривожланиш учун бюджетни 2025 йилга қадар босқичма босқич ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти қийматининг 0,5 фоизига етказиш. Тадқиқот натижаларини ер майдонларида синаш тизимини қайта йўлга қўйиш, ижобий натижаларга эришган тадқиқотчиларни йирик пул мукофотлари билан тақдирлаш тизимини яратиш;

- ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналар номенклатурасини содда, арзон ва кичик турдаги техника хисобига камида икки мартага кўпайтириш. Масалан, хозирги кунда қишлоқ хўжалиги техникасини ривожлантириш стратегияси ва йул хариталарида фақатгина 4-5 турдаги қишлоқ хўжалиги техникаси назарда тутилган. Лекин қишлоқ хўжалигида ўнлаб турдаги техникага талаб бор. Мисол тариқасида сут соғиш ускунаси, шоли экиш ва ўриш енгил ускуналари, енгил турдаги сомон пресслаш машиналари, инкубаторда фойдаланадиган ускуналар каби нисбатан содда ва нархи юқори бўлмаган қишлоқ хўжалиги техникаларига талаб катта. Буларнинг барчаси хозирги кунда импорт қилиниб келмоқда.

- қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминланганлик даражасини ошириш; арзон, содда, локализация даражаси 75 фоиздан юқори бўлган миллий бренддаги қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш, уларни лизинг ва кредит асосида қишлоқ хўжалиги субъектларига беришни таъминлаш таклиф этилади.

Дастур шартлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

- имтиёзли фоиз ставкалари – Марказий Банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорида. Турли имтиёзлар иқтисодий номутаносибликлар келтириши туфайли улардан кетма-кет равишда воз кечилмоқда. Субсидиялар рақобат тизимига кучли салбий таъсир кўрсатади, коррупция ва молиявий қонунбузарликлар учун замин яратади. Шу билан бирга, қисқа муддатда фермер хўжаликлари ва кластерлар учун кучли стимул бериб, сохага «туртки» бериш мақсадида чекланган муддат ва миқдорда имтиёзлар бериш иқтисодий жихатдан асосга эга. Масалан, фоиз ставкаси ва имтиёз миқдорини фермер хўжалиги ёки кластерга тегишли бўлган ер майдони, руйхатдан ўтган ишчилар сони ва молиявий холатига балл бериш орқали хисоблашни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

- лизинг учун таъминот талаб этмаслик, лизинг предметини таъминот сифатида қабул қилиш. Сир эмас, фермер хўжаликлари моддий ва молиявий холати туфайли таъминот масаласини хал қилишда қийинчиликларга учрайди. Бу борада давлат Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси, Фермер ва дехқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси лизинг кафолатидан фойдаланиш тартибини жорий қилиш лозим.

- қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини ишлаб чиқариш, харидорларга етказиш ва ундан фойдаланиш борасида лизинг компанияси, етказиб берувчи, фермер хўжаликлари ва кластерлар учун мустақил равишда қарор қабул имкониятини яратиш керак. Якуний харидорлар мустақил равишда етказиб берувчи ташкилот ва қишлоқ техникаси турини, моделини танлаш хуқуқига, ишлаб чиқарувчи эса нархни бозордаги мавжуд талаб ва таклиф асосида белгилаш хуқуқига эга бўлиши лозим.

- лизинг шартлари банк ёки лизинг берувчи ташкилот учунгина қулай эмас, биринчи навбатда лизинг олувчи учун иқтисодий жихатдан «қизиқарли» ва имкониятларига мос холда ишлаб чиқилиши лозим. Хусусан, лизинг ёки кредит тўлов жадвалини қишлоқ хўжалигидаги мавсумийликни ва лизинг олувчини таклифини эътиборга олган холда, мустақил танлаш ҳуқуқи берилиши лозим. Кредит еки лизинг тўловлари шартнома имзолангандан муддатдан сўнг эмас, балки техника ёки ускуна қабул гувоҳномасини имзолангандан сўнг хисобланиши лозим.

- аванс тўлови бир неча вариантларда таклиф этилиши ва лизинг еки кредит олувчи томонидан мустақил танланиши мақсадга мувофиқ. Лизинг ёки кредит берувчи ташкилот аванснинг фақат энг кам миқдорини белгилайди, масалан 15-20 фоиз даражасида.

Юқорида санаб ўтилган тадбирлар қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминланганлик даражасини ортиради, натижада сохада унумдорлик, даромад ортиши кузатилади, бу эса яна қишлоқ хўжалиги техникасини янгилаш имкониятини яратиб, “ривожланиш занжирини” ишга тушириши мумкин.

Хамидулла Нормурадов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги

иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар