Қўлда терилган пахта учун тўланадаган ҳақ миқдори маълум қилинди

Қўлда терилган пахта учун тўланадаган ҳақ миқдори маълум қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра:

  • қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда - 1 000 сўмдан, иккинчи теримда - 1 400 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади;
  • пахта териш машиналари билан териб олинган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 920 000 сўмдан кам бўлмаган хизмат ҳақи тўлаш;
  • пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига юқорида тавсия этилаётган нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилаш ҳуқуқи берилди;
  • пахта хомашёси учун меҳнат ва хизмат ҳақи ҳар беш кунда, зарурат бўлганда, ҳар куни тўлаш тавсия этилди;
  • ишсиз ҳамда вақтинчалик банд бўлмаган аҳолидан иборат терим отрядлари раҳбарлари билан мавсумий ишга қабул қилиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилади ҳамда терим отрядлари раҳбарларига пахта хомашёси йиғим-терими якунига қадар 2 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Шунингдек, ушбу харажатлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;
  • пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига пахта хомашёсини териб олиш учун йиллик 16 фоиз ставкада (шундан 1 фоиз банк маржаси) кредит ажратиш мақсадида уч ой муддатда қайтариш шарти билан “Агробанк” АТБ депозитига 1,3 триллион сўмгача маблағлар жойлаштирилади;
  • Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида пахта йиғим- терим мавсумида жалб қилинадиган пахта териш машиналари томонидан терилган ҳар бир тонна пахта хомашёсини йиғиб-териб олиш хизмат баҳосининг 30 фоизи Молия вазирлиги томонидан қоплаб берилади;
  • пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар ҳамда фермер хўжаликлари томонидан хориждан олиб келинадиган юқори унумли пахта териш техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2021 йил 1 сентябргача божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади ва “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади;

Қуйидаги туманларда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига давлат бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланади:

➖ Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманлари;
➖ Қорақалпоғистоннинг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари;
➖ Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманлари;
➖ Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманлари.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳамда таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларини пахта хомашёси йиғим- теримига жалб қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш юзасидан шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар