Президент қарори билан Қорақалпоғистон тиббиёт институтини ташкил этилди

Президент қарори билан Қорақалпоғистон тиббиёт институтини ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон тиббиёт институти ташкил этилди.

Қарорга кўра, қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базаси фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;
  • фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш;
  • таълим муассасаси ва Институт клиникаси илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириб бориш, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчиларнинг нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этишларини таъминлаш;
  • хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини ривожлантириш;
  • талабаларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларни инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ёт ғоя ва мафкураларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш;
  • моддий-техник базани модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш.

Шунингдек, қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • Институт Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
  • Институтга қабул ҳар йили белгиланадиган Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида амалга оширилади;
  • Институт клиникаси муассиси Институт ҳисобланади ҳамда унинг фаолияти Институт томонидан мувофиқлаштирилади;
  • Институт ва Институт клиникаси – юридик шахс мақомига эга бўлган, тегишлича давлат олий таълим муассасаси ва давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эга бўлади;
  • Институт клиникаси бош шифокори яширин овоз бериш йўли орқали Институт илмий кенгашининг тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Институт ректори Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди:

  • таълим жараёнини самарали ташкил этиш, даволаш ишларига замонавий усулларни татбиқ этиш ҳамда талабалар ва профессор-ўқитувчиларга қўшимча шароитлар яратиш мақсадида Институт клиникаси ва ўқув базаларидаги ўқув хоналарини таъмирлаш, жиҳозлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
  • Институт клиникасида юқори технологияли ташхис қўйиш ва даволаш усулларини жорий этиш ҳамда Институтга қўшимча маблағлар тушириш мақсадида Институт клиникаси билан ўзаро шартномалар асосида ҳамкорликда пуллик асосда тиббий хизматлар кўрсатиш бўлинмаларини ташкил этиш.

Институт клиникаси фаолияти:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис қўйиш (диагностика) ва даволаш стандартларига риоя қилган ҳолда имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш, шунингдек, аҳолига пуллик асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларни шифохонага жойлаштириш;
  • республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари даромадларини шакллантиришнинг асосий манбалари ва улар фаолиятини молиялаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидалар асосида ташкил этилади.

Институт клиникаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ўзига бириктирилган давлат мулкидан самарали фойдаланиш ва уни бошқариш бўйича ишларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;
  • Институт билан келишилган ҳолда лавозимлар рўйхати ва сонини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини бажариладиган ишларнинг мураккаблик даражаси, сифати ва ҳажмига нисбатан табақалаштирилган тарзда белгилаш.

Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
  • талабаларнинг тўлов-контракт асосида таълим олишидан, шартномалар асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

Институт клиникаси фаолиятини молиялаштириш манбалари:

  • Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;
  • амалга оширилган ва кўрсатилган тиббий хизматлардан тушадиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари Институт клиникасига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳақиқатда имтиёзли даволанган беморлар бўйича Институт клиникаси тақдим этган чораклик ҳисоботлардан келиб чиққан ҳолда ажратилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар