2016-2021 йилларда Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми ўсди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларига бўлган талаб нафақат маҳаллий балки, жаҳон бозорларида ҳам ўсиб бормоқда.
Қурилиш материаллари соҳасида янги йўналишлар ривожлантирилиб, бунга хорижий инвесторлар кенг жалб қилинди. Етакчи хорижий давлатлар қурилиш соҳасининг ривожланиш тенденциясидан келиб чиқиб, янги қурилиш материалларини ўзлаштириш ва соҳага инновацияни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди, дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илмий ходими Шоҳрух Бобожонов ўзининг муаллифлик мақоласида.
Маълумки кейинги йилларда юртимизда улкан бунёдкорлик-қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари шаҳару қишлоқларда жадал олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда йилдан-йилга энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи, инновацион ва янги турдаги қурилиш материалларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, қурилиш материалларига бўлган талаб нафақат маҳаллий балки жаҳон бозорларида ҳам кун сайин ўсиб боряпти. Ушбу юқори ички талабга мос равишда юртимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми сўнгги йилларда сезиларли даражада ошди. Бундан ташқари қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш мақсадида, мазкур соҳада йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизда нечи хил турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади?
Тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини диверсификация қилиш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш, маҳаллий хом ашё ресурсларини қайта ишлаш соҳасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Сўнгги рақамларга назар соладиган бўлсак, 2020 йилда қурилиш материаллари соҳасидаги корхоналар томонидан жами 22 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 2016 йилда ушбу кўрсаткич 6,8 трлн сўмни ташкил этган бўлиб, ўсиш суръати 3,2 баробарга етди.
Хусусан, 2020 йил мабойнида 12,5 млн тонна цемент (ўсиш 45%), 20,2 млн. кв.м. қурилиш ойнаси (ўсиш 59,4%), 17,3 млн. кв.м. керамик плиткалар (1,8 баробар), 61 млн. кв.м. гипсокартон (2,1 баробар), 890 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаси (ўсиш 4,8 баробар), 340 минг тонна оҳак (ўсиш 13,7%), 2000 ўрам обой (ўсиш 89 баравар) ўсиши таъминланди. Айни кунда юртимизда 12 ярим мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда. Ўтган йилларда 120 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 180 тадан ошиб кетди.
Валюта бозорини либераллаштирилганлиги, бошқа давлатлар билан ҳамкорликни кенгайганлиги ва очиқ сиёсат олиб борилаётганлиги, маҳаллий ва хорижий инвесторларга кенг йўл очилганлиги, бир қанча имтиёзлар ва шароитлар яратилиб, давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги ҳамда банк сектори ривожланиб, имтиёзли кредитлар кўпайганлиги сабабли қурилиш материаллари соҳасида ҳам ўтган беш йилда катта силжишлар бўлди.
Хусусан, 2016 йилдан 2021 йилгача 7 385 та инвестиция лойиҳа бўйича 5 386 млн доллар ўзлаштирилди:
- 2016 йилда жами 668 та лойиҳа бўйича 360,2 млн доллар;
- 2017 йилда жами 690 та лойиҳа бўйича 560,0 млн доллар;
- 2018 йилда жами 686 та лойиҳа бўйича 749,6 млн доллар;
- 2019 йилда жами 866 та лойиҳа бўйича 1332,6 млн доллар;
- 2020 йилда жами 761 та лойиҳа бўйича 1820,0 млн доллар.
Шунингдек, 2021 йилда ҳам тасдиқланган Инвестиция дастурига асосан қурилиш материаллари соҳасида умумий қиймати 2 130,0 млн доллар бўлган 790 та йирик истиқболли лойиҳалар бўйича 1 701,1 млн доллар ўзлаштириш белгиланган. Бундан ташқари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ҳам инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари жаҳон бозорига чиқарилади
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларига бўлган талаб нафақат маҳаллий балки, жаҳон бозорларида ҳам ўсиб бормоқда. Айниқса, гипсокартон, иссиқлик сақловчи шиша момиғи, оҳак, керамик плиткалар, гипс каби маҳсулотлар экспорти йилдан-йилга ортмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2016 йилда 55,3 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 257 млн долларга етказилди ва ўсиш 4,6 баробарни ташкил қилди. 2021 йилда эса 270 млн доллар миқдоридаги қурилиш материаллари жаҳон бозорига чиқариш режалаштирилган.
Хусусан, ўтган давр мобайнида 28,9 млн долларлик цемент, 19 млн долларлик алюмин ва ПВХ профиллар, 14,2 млн долларлик керамик плитка, 12,8 млн долларлик қуруқ қурилиш аралашмалари, 7,7 млн долларлик оҳак, 7,1 млн долларлик гипсокартон, 3,5 млн долларлик обой каби қурилиш материалларининг экспорти амалга оширилди.
Экспорт қилинган анъанавий бозорлар Қозоғистон (керамик плиткалар, оҳак, гипсокартон, иссиқлик сақловчи шиша момиғи(стекловолокно) ва бошқа маҳсулотлар), Қирғизистон (керамик плиткалар, безакли ойна, оҳак ва бошқа маҳсулотлар), Туркманистон (гипсокартон, гипс, ленолеум, лак-бўёқ, қоғоз маҳсулотлари), Афғонистон (гипсокартон, гипс, банка ва бутилкалар, қоғоз маҳсулотлари) каби мамлакатлар ҳисобланади.
Эътиборлиси, экспорт географияси 2019 йил якунидан бошлаб Озарбайжон (керамик плиткалар, гулқоғоз, иссиқлик сақловчи ойна момиғи(стекловолокно), қоғоз маҳсулотлари), Туркия (вермикулит, мис ва ПВХ труба ва фитинглар), Россия Федерацияси (керамик плиткалар) ва Украина (иссиқлик сақловчи ойна момиғи (стекловолокно), труба ва фитинглар, банка ва бутилкалар каби маҳсулотлар) каби мамлакатлар ҳисобига янада кенгайди.
Ўтган 2020 йилда 467,6 млн долларлик 45 турдаги қурилиш материаллари импорт қилинган бўлиб, 2019 йилга нисбатан бу кўрсаткични 14,2 фоизга камайишига эришилди.
Жумладан, ушбу даврда 130,9 млн долларлик 2,5 млн тонна цемент, 38,2 млн долларлик 5,2 млн ўрам обой, 32,9 млн долларлик 11 млн. кв.м. қурилиш ойнаси, 31,8 млн долларлик 17,8 минг тонна лак-буёқ маҳсулотлари, 28,4 млн долларлик 21,9 минг тонна оловбардош ғишт, 21,8 млн долларлик 4,2 млн. кв.м. керамик плиткалар, 21,4 млн долларлик 10,1 минг тонна ПВХдан қувур ва фитинглар каби қурилиш материаллари импорт қилинган.
2017 йил якунлари бўйича ўтказилган техник аудит натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги ПҚ-2692-сонли “Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ уюшма таркибидаги корхоналар томонидан 2020 йилда умумий қиймати 208,5 млн долларлик 27 та маънавий ва жисмоний эскирган асбоб-ускуналарни замонавий энергия тежамкорига алмаштириш режалаштирилган эди. Дастлабки маълумотларга кўра 2020 йилнинг январь-декабрь ойларида уюшма таркибидаги корхоналарда қиймати 221,8 млн доллар бўлган 20 та асбоб-ускуналар янгиланди ва алмаштирилди.
Қурилиш материалларини экспорт қилинишида унинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида 2021 йилда 505 та, жумладан, автоклав газобетон ёки очиқ тузилишли енгил тўлдиргичдан йиғма темирбетон элементлар, брусчатка ва бордюрлар, иссиқлик изоляциялаш материаллари ва маҳсулотлари, бетон ва тегишли маҳсулотлар, марказий иситиш ва марказий совутишнинг йиғма тизимлари, бинолар ва қурилиш компонентларининг иссиқлик тавсифлари, қурилиш ойнаси бўйича халқаро EN стандартлар қабул қилинади.
Қурилиш материаллари тармоғи иқтисодиётнинг “драйвер” соҳаларидан бирига айланади
Шу билан бирга, 2021 йилда тош, гипс ва керамикадан тайёрланган маҳсулотлар хавфсизлиги тўғрисида, темир-бетон, бетон конструкциялар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар, керамик санитар-техник маҳсулотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари бўйича умумий техник регламентлар ҳамда полимерлар ва улардан олинадиган маҳсулотларнинг хавфсизлиги тўғрисида махсус техник регламентларини қабул қилиниши режалаштирилган.
Шу билан бирга сифатли ва хавфсиз янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш мақсадида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича 2019 йилда 340 та ва 2020 йилда 626 та халқаро стандартлар қабул қилинди. Шундай қилиб, қурилиш материаллари тармоғи кейинги ўн йилликда иқтисодиётнинг “драйвер” соҳаларидан бир бўлиб қолади.
Хулоса
Хулоса ўрнида айтганда, кейинги йилларда соҳани ислоҳ қилиш, корхоналар самарадорлиги ва салоҳиятини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Тармоқдаги ҳар бир корхона фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, энергия тежамкор, инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳисобига таннархни пасайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Корхоналарда “рақамли технологиялар”ни қўллаш, инсон ҳаёти учун хавфли жараёнларда автоматизация даражаси оширилди. Қурилиш материаллари соҳасида янги йўналишлар ривожлантирилиб, бунга хорижий инвесторлар кенг жалб қилинди. Етакчи хорижий давлатлар қурилиш соҳасининг ривожланиш тенденциясидан келиб чиқиб, янги қурилиш материалларини ўзлаштириш ва соҳага инновацияни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда қурилиш материаллари саноати замонавий, модернизациялаштирилган, техник ва технологик жиҳатдан жиҳозланган, энергия тежовчи, иқтисодий барқарор, рақобатдош тармоққа айланди. Компанияда эришилган салмоқли натижалар эса кўплаб хорижий мутахассислару экспертлар томонидан ўз эътирофини топаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
етакчи илмий ходими Шоҳрух Бобожонов
Изоҳ қолдириш