Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6079-сон Фармони)»ги 24.07.2021 йилдаги ПФ-6268-сон Фармони қабул қилинди.
Фармон билан қуйидаги ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
1) Президентнинг 18.05.2019 йилдаги ПҚ-4321-сон қарорига.
Белгиланишича, «электрон ҳукумат» ва рақамли иқтисодиёт тизими доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш:
- давлат бошқарувида ахборот тизимларини жорий этиш, ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек электрон ҳамкорлигини таъминлаш учун идоравий ва идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини ривожлантириш ва фаолият юритиш қисмида – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан;
- давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ахборот тизимларини назорат қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш қисмида – Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси;
- идоравий ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш қисмида – вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан таъминланади (3-б. «б» кичик б.).
Операторга АКТ соҳасида харидларни амалга оширишда фақат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» ДМда техник топшириқларни келишиш ҳуқуқи тақдим этилади.
2) Президентнинг 30.06.2017 йилдаги ПФ-5099-сон Фармонига.
Фармоннинг 2-бандида белгиланишича, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (кейинги ўринларда – Технопарк) ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида бутун республика ҳудудида Технопарк резидентларини жойлаштирган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида экстерриториаллик принципи асосида ташкил қилинади.
Технопарк резидентлари жумладан 2028 йил 1 январга қадар ижтимоий солиқни тўлашдан озод қилинади.
Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказини ташкил этиш, унинг фаолиятининг асосий йўналишлари ва резидентларнинг ҳуқуқлари, шунингдек ЛБМАни мувофиқлаштирувчи орган этиб белгилаш тўғрисидаги нормалар (1, 3, 4, 6-б.) ўз кучини йўқотди.
Шунингдек Технопарк резидентлари билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ ходимларнинг 2028 йил 1 январга қадар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олинган даромадларидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 4,5%лик ставка бўйича фуқароларнинг суғурта бадалларини тўлаш тўғрисидаги норма чиқариб ташланди.
3) Президентнинг 10.01.2019 йилдаги ПФ-5624-сон Фармонига.
«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш ва «Рақамли Ўзбекистон — 2030» дастурини амалга ошириш доирасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларини мажбурий равишда жалб этиш рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган (7-б).
9-банд «г» кичик банд билан тўлдирилди, унга мувофиқ «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки Дирекцияси» МЧЖ ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида истеъдодли ёшларни аниқлаш учун аниқ соҳалар (ижтимоий-иқтисодий, экологик, давлат бошқаруви ва бошқалар) бўйича ҳар йилги танловларни ўтказади.
4) Президентнинг 17.01.2019 йилдаги ПФ-5635-сон Фармонига.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул давлат органлари рўйхати (3-илова) қуйидаги позициялар билан тўлдирилди:
11.1 | Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси (E-Government Development Index) | Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков) |
11.1.1. | Телекоммуникация инфратузилмаси индекси (Telecommunication Infrastructure Index) | Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков) |
11.1.2. | Инсон капитали индекси (Human Capital Index) | ОЎМТВ (А.Тошкулов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов) |
11.1.3. | Онлайн хизмат кўрсатиш индекси (Online Service Index) | Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков), Давлат хизматлари агентлиги (У.Мухаммадиев), вазирликлар ва идоралар |
11.2. | Электрон иштирок этиш индекси (E-Participation Index) | Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков), вазирликлар ва идоралар |
5) Президентнинг 2.06.2020 йилдаги ПФ-6003-сон Фармонига.
9-банд янги хатбоши билан тўлдирилди, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирликлар, идоралар ва тадқиқот институтлари раҳбарлари «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» ягона порталида эълон қилинадиган ахборотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.07.2021 йилдан кучга кирди.
Изоҳ қолдириш