Очиқ мулоқотларда Президент Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Солиқ қўмитаси, вилоят ҳокимлиги раҳбар ва масъуллари Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолиси муаммоларини тинглади.
Жумладан, 149 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация ва такроран кассация тартибида мазмунан кўриб чиқиш учун қабул қилиниб, тегишли судлов ҳайъатларига кўриб чиқиш учун ўтказилди. 37 нафар маҳкум ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 2 та жиноят иши бўйича 2 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод этилди, 4 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли тугатилди.
Ундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари даъво аризалари асосида улар фойдасига 1.2 млрд. сўмлик қарздорлик ундирилиши белгиланди.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан мулоқотлар натижасида суриштирув ё дастлабки тергов ҳаракатларидан норози 63 нафар мурожаатчининг масаласи ҳал қилиб берилгани ёки 12 нафар собиқ ходимнинг яна тизимга ишга тиклангани – жамиятимизда адолат овози тобора баландроқ жаранглаётганига ёрқин ҳаётий мисолдир.
Хивалик Одилбек Худойберганов эса оилавий корхонаси учун олган 2 миллиард 179 миллион сўм кредитни тўлаётган бўлса-да, банк ва таъминотчи хориждан қўлқоп ишлаб чиқариш ускуналарини тўлиқ етказиб бермаганидан шикоят қиляпти. Мурожаатдан сўнг мазкур масала Бош прокуратура назоратига олинди.
Қорақалпоғистонлик Шайдо Нуралиева аввалги мурожаатлари асосида куни кеча турмуш ўртоғи Ҳусниддин Нуралиевга оқлов ҳукми чиқарилгани учун Олий суд масъулларига миннатдорлик билдирди.
Солиқ қўмитаси масъулларига мурожаатидан сўнг урганчлик тадбиркор Ойбек Бекчановга нотўғри ҳисобланган 1 млрд. сўмдан зиёд қўшилган қиймат солиғи қайтариладиган бўлди.
Бундан ташқари қабуллар натижасида 63 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга контракт тўловлари тўлаб берилиши белгиланди, 40 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга тикув машиналари, зарур асбоб-ускуна ва бошқа жиҳозлар берилди.
Оммавий қабулда кўриб чиқилган 1164та масаланинг 331таси жойида ҳал қилиниб, 262 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 571 та мурожаат назоратга олинди.
Изоҳ қолдириш