2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг тенденциялари

2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг тенденциялари

2020 йил якуни бўйича давлат бюджетининг даромадлари 161,7 трлн.сўмни, харажатлари 187,4 трлн.сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, давлат бюджети тақчиллиги 25,7 трлн.сўмни ёки ЯИМга нисбатан 4,4 фоизни ташкил этди.

Давлат бюджети ва мақсадли жамғармаларнинг даромадлари ва харажатлари 156 трлн.сўм ва 169,1 трлн.сўмни, тақчиллик эса 13,1 трлн.сўмни ёки ЯИМга нисбатан 2,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти ривожланишининг тенденциялари ва 2021 йилга мўлжалланган прогнозлар шарҳида келтирилган.

Давлат бюджет даромадларини шакллантириш

2020 йилда тўғридан-тўғри солиқлардан тушумлар 43,8 трлн.сўмни ташкил этди ва 1,5 баробардан зиёд ўсди, шу жумладан, даромад солиғи бўйича тушумлар 2019 йилга нисбатан 1,9 мартага ошди. Давлат бюджетнинг умумий даромадларида тўғридан-тўғри солиқларнинг улуши 25,4 фоиздан 33,0 фоизгача ўсди.

Билвосита солиқлар бўйича тўловлар 47,8 трлн.сўмни ташкил этди (ўтган йилга нисбатан 3,7 фоизга камайди). Шу билан бирга, бюджет даромадлари таркибидаги эгри солиқларнинг улуши 44,3 фоиздан
35,9 фоизгача камайди. Ушбу тушумларнинг камайиши қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумларнинг 11 фоизга, шунингдек айланмадан солиқнинг 31,7 фоизга камайиши билан боғлиқ.

Ресурс солиқларидан бюджет даромадлари 21,3 трлн.сўмни ташкил этиб (ўтган йилга нисбатан 8 фоизга кўп), уларнинг бюджет даромадларидаги улуши 17,5 фоиздан 16 фоизгача камайди. Билвосита ва ресурс солиқларининг камайиши коронавирус пандемияси даврида иқтисодий фаолиятнинг чекланиши, тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилиши, шунингдек ташқи талабнинг пасайиши билан боғлиқ бўлди.

Шу билан бирга, жаҳон бозорларида қимматбаҳо металлар нархларининг кўтарилиши ушбу йўқотишларни қоплашга ва белгиланган прогноз параметрларига эришишга ҳисса қўшди. Жаҳон бозорларида олтин нархларининг 2019 йилда ўртача бир трой унцияси учун 1 392,2 доллардан 2020
йилда 1 770,4 долларга ўсиши, қимматбаҳо металларни ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланадиган солиқлар жами бюджет даромадларидаги улуши 8,9 фоизгача кўтарилди.

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ХАРАЖАТЛАРИНИНГ ЙЎНАЛТИРИЛИШИ

Коронавирус пандемиясига қарши курашишда соғлиқни сақлаш муассасаларни қуриш ва зарур инфратузилма билан таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш учун солиқ имтиёзлари берилиши, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, Пенсия жамғармасидаги зарарларни қоплашга қаратилган устувор чора тадбирларни амалга ошириш
орқали давлат бюджети харажатлари ялпи таклифни рағбатлантирувчи асосий омил сифатида хизмат қилди.

2020 йилдаги умумий давлат бюджети харажатларидан 74,2 трлн.сўм миқдоридаги маблағлар ижтимоий соҳага йўналтирилди (2019 йилга нисбатан 1,3 баробар), жумладан:

- соғлиқни сақлаш харажатлари – 19,4 трлн.сўм (ўсиш – 1,5 баробар), умумий харажатлардаги улуши – 10,3 фоиз (ЯИМга нисбатан 3,3 фоиз);

- таълим харажатлари – 30 трлн.сўм (ўсиш – 4,3 фоиз), умумий харажатлардаги улуши – 16 фоиз (ЯИМга нисбатан 5,3 фоиз);

- маданият ва спорт харажатлари – 2,3 трлн.сўм (ўсиш – 7,9 фоиз), умумий харажатлардаги улуши – 1,2 фоиз (ЯИМга нисбатан 0,4 фоиз);

- илм-фан харажатлари – 0,8 трлн.сўм (ўсиш – 1,3 баробар), умумий харажатлардаги улуши – 0,4 фоизни (ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз) ташкил қилди.

Нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация ҳамда аҳоли бандлиги даражасини ошириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб қуватлаш харажатлари 9,5 трлн.сўмни (1,6 баробар), иқтисодиёт харажатлари –
16,1 трлн.сўм (1,2 баробар) ва давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари – 1,6 трлн.сўм (1,5 баробар), марказлашган инвестицияларни молиялаштириш харажатлари – 18,9 трлн.сўмни (7,7 фоизга камайган) ташкил этди.

Шунингдек, умумий харажатларда нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация ҳамда аҳоли бандлиги даражасини ошириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб қувватлаш харажатлари 5,1 фоизни (ЯИМга нисбатан 1,6 фоиз), иқтисодиёт харажатлари 8,6 фоизни (ЯИМга нисбатан 2,8 фоиз), марказлашган инвестиция харажатлари 10,1 фоизни (ЯИМга нисбатан 3,3 фоиз), Давлат қарзига хизмат кўрсатиш 0,9 фоизни (ЯИМга нисбатан 0,3 фоиз) ташкил этди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар