Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўнгги 8 йил давомида Ўзбекистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичлари ривожланиш динамикасини тақдим этди.
Ўзбекистонда 2017-2024 йиллар даврида олиб борилган ислоҳотлар макроиқтисодий барқарорлик, барқарор ўсишни таъминлаш, савдони эркинлаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва модернизация қилиш, тадбиркорлик фаоллигини кучайтириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган эди.
Таҳлилни иқтисодиётнинг демографик асосларидан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Аҳоли сони етти йил ичида 32 млндан 37,5 млн кишига кўпайди, яъни ўсиш 12,7 фоизга тенг бўлди. Ўртача йиллик ўсиш суръати 2 фоиз ёки ҳар йили +690 минг кишини ташкил этди. Аҳоли сонининг ўсиши иқтисодиёт учун ҳам хатарлар, ҳам янги имкониятлар яратади, шу жумладан, иш ўринлари ва ижтимоий инфратузилмага бўлган талабни рағбатлантиради.
Аҳоли сони ўсиши фонида турмуш даражасининг барқарор ошиши кузатилмоқда. Аҳоли жон бошига ЯИМ 2018 йилдаги 1781 доллардан 2024 йилда 3093 долларга ўсди ва ўртача йиллик ўсиш 24,7 фоизни ташкил этди.
Иқтисодий базанинг кенгайиши билан бир вақтда меҳнат бозоридаги вазият яхшиланди. 2020 йилда ишсизлик даражаси 10,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб, у 5,5 фоизга тушди. Бу унумдорликнинг ошиши, инвестициялар жалб этилиши ва ички истеъмолнинг кенгайиши натижаси бўлди.
Буларнинг барчаси аҳоли даромадларига таъсир қилди. Кўриб чиқилаётган даврда фуқароларнинг реал ялпи даромадлари 83 фоизга ошди. Даромадларнинг ўсиши ҳам бандликни кенгайтириш, ҳам иш ҳақини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимларини жорий этиш орқали таъминланди.
Ташқи инфляция шокларига қарамай, Ўзбекистон инфляцияни бошқариладиган чегараларда ушлаб туришга муваффақ бўлди. 2024 йилда унинг даражаси 9,8 фоизни ташкил этди, бу Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаси (16,7 фоиз) бўйича ўртача кўрсаткичдан паст ва бир қатор ривожланаётган иқтисодиётлар даражасига тўғри келади.
Макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши катта роль ўйнади. Амалдаги корхоналар сони 268 мингтадан 485 мингтага кўпайди, бу эса бизнесни тартибга солиш, рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштириш ва молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни акс эттиради.
Ишбилармонлик фаоллиги ортиши натижасида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 2,8 бараварга – 14 млрд доллардан 39 млрд долларгача ошди. Инвестициялар таркибида инфратузилма, энергетика, ишлаб чиқариш ва логистика соҳасидаги лойиҳалар салмоқли улушга эга бўлиб, бу узоқ муддатли ўсиш учун замин яратади.
Норасмий иқтисодиётга қарши кураш ҳам муҳим йўналиш ҳисобланади. Рақамли касса аппаратлари, электрон ҳисобварақ-фактура тизимлари ва таваккалчиликка йўналтирилган солиқ назоратини жорий этиш ҳисобига яширин секторнинг ЯИМдаги улуши 45,1 фоиздан 34,8 фоизга камайди. Бу солиқ йиғилиши ҳажмини оширди ва адолатли рақобат учун шароитларни яхшилади.
Макроиқтисодий шарҳ якунида хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини янада мустаҳкамлашга қаратилган стратегик интилишни алоҳида қайд этиш жоиз. 2030 йилга мўлжалланган мақсадли йўналишлар доирасида унинг ЯИМдаги улушини 85 фоиз даражасига етказиш кўзда тутилган. Ушбу мақсадга эришиш учун давлат активларини хусусийлаштириш, бизнес билан шерикликни ривожлантириш, бозорларни либераллаштириш ва инвестиция жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.
Шундай қилиб, 2017-2024 йилларда Ўзбекистонда нафақат асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг миқдорий ўсиши, балки келажакда барқарор ва инклюзив ривожланиш учун пойдеворни шакллантирадиган сифатли таркибий ўзгаришлар ҳам таъминланди.

2017-2024 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти таркибида туб ўзгаришлар кузатилди. Миллий иқтисодиётнинг барқарорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган модернизация ва диверсификация жараёнларини акс эттирувчи муҳим соҳавий ўзгаришлар қайд этилди.
Энг сезиларли ўзгаришлардан бири ишлов бериш саноатининг кучайиши бўлди. Етти йил давомида унинг ЯИМдаги улуши 2017 йилдаги 14 фоиздан 2024 йилда 20 фоизгача ошди. Ишлаб чиқариш ҳажми 28 доллардан 62 млрд долларгача кўпайди. Бу ўсишга технологик модернизация, инвестицияларни жалб этиш ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни фаол ривожлантириш орқали эришилди.
Айниқса, тўқимачилик тармоғи алоҳида ажралиб туради. Кластер моделига ўтиш харажатларни оптималлаштириш, хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклига ўтиш каби сифатли ўзгаришларга олиб келди. 2017 йилдан 2024 йилгача пахта-тўқимачилик кластерлари сони 2 тадан 130 дан зиёдга кўпайди. Натижада тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари экспорти 1,1 млрд доллардан 3 млрд долларга ошди. Бу эса халқаро бозорларда муваффақиятли рақобатлаша оладиган маҳсулотлар сифати ошганидан далолат беради.
Кимё саноати ҳам барқарор динамикани намойиш этмоқда. Кимёвий маҳсулотлар экспорти икки баравар кўпайиб, 2017 йилдаги 0,9 млрд доллардан 2024 йилда 1,8 млрд долларга етди. Бу ишлаб чиқариш салоҳияти мустаҳкамланиб, тармоқ маҳсулотлари қатори кенгайиб бораётганини тасдиқлайди.
Бундан ташқари, иқтисодиётнинг янги драйверлари ҳам шаклланмоқда. Улар орасида иқтисодиётдаги иштирокини сезиларли даражада мустаҳкамлаб, ЯИМдаги улушини 1,7 фоиздан 2,5 фоизга оширган АКТ секторини қайд этиб ўтиш жоиз. АКТ хизматлари экспорти қарийб олти баравар – 161 млн доллардан 900 млн долларгача ўсди. Бу стартапларни қўллаб-қувватлаш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва IT-компаниялар учун инновацион муҳит яратиш натижаси бўлди.
Яна бир ўсиш нуқтаси туризм сектори бўлиб, у ҳам жадал ривожланиш суръатларини намойиш этмоқда. 2017 йилда туризм хизматлари экспорти 0,5 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 2,1 млрд долларга етди. Чет эллик сайёҳлар сони 2021 йилдаги 1,9 млн кишидан 2024 йилда 8 млн кишига кўпайди. Бунга инфратузилмани яхшилаш, ички туризмни ривожлантириш ва мамлакатни жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб этиш орқали эришилди.
Иқтисодиётда саноат улушининг ошиши қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги солиштирма улуши 28 фоиздан 19 фоизга қисқариши билан бирга кечди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ҳам ўзгарди. Секторда кластер модели ҳам жорий этилди, агрокластерлар сони 2 тадан 669 тага кўпайди. Мева-сабзавот экспорти 2 млн тоннадан ортиқроққа ўсди.
Шу билан бирга пахта ва ғалла бозорларини либераллаштириш давом этаётган бўлиб, фермерлар учун янги имкониятлар очилмоқда ва маъмурий аралашув даражаси камаймоқда.
2022-2024 йилларда пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига 269 минг гектар экин майдонлари, асосан, ёшлар ва кам таъминланган оилаларга узоқ муддатли ижарага берилди.
2017 йилдан 2024 йилгача мамлакат иқтисодиётида сезиларли таркибий ўзгаришлар амалга оширилди. Ишлов бериш саноатининг ўсиши, қишлоқ хўжалиги, туризм ва АКТнинг ривожланиши, шунингдек, кластер моделига ўтиш барқарор ва мувозанатли ўсишни таъминламоқда. Бу ўзгаришлар иқтисодиётни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Ўзбекистоннинг янги иқтисодий йўналиши

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда валюта ва товар бозорларини либераллаштириш, солиқ тизимини ислоҳ қилиш ва тадбиркорлик фаолияти йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга асосланган янги иқтисодий сиёсат амалга оширилмоқда.
2017 йилда жорий этилган эркин валюта конвертацияси бозор трансформациясида муҳим қадам бўлди. Бизнес ва аҳоли учун валюта чекловлари бекор қилинди, банклар орқали чет эл валютасини харид қилиш ва сотиш қонунийлаштирилди, шунингдек, мавжуд бир нечта валюта курси битта курсга келтирилди, бу эса ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаб, миллий валютага бўлган ишончни оширди.
Ташқи иқтисодиётни либераллаштириш доирасида импорт божларининг ўртача ставкаси 2017 йилдаги 15,3 фоиздан 2024 йилда 8 фоизга туширилиб, хусусан, 59 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти, шу жумладан, гўшт, сут маҳсулотлари, сабзавот ва меваларни олиб киришга божхона божининг ноль ставкалари жорий этилди. Бу инфляция босимини пасайтириш ва аҳолининг импорт қилинадиган энг зарур товарлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш имконини берди. Мазкур чора-тадбирлар биргаликда Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини жадаллаштиришга ёрдам берди. 2021 йилдан кейин мамлакат Европа Иттифоқидан GSP+ имтиёзларини олди.
Минтақавий миқёсда Ўзбекистон Марказий Осиёда Ягона инвестиция-савдо зонасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқмоқда. Сўнгги 8 йилда минтақа мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 3 баравардан зиёдга ўсиб, 13 млрд долларга етди ва бу тенденция сақланиб қолмоқда.
Нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган товарлар ва хизматлар рўйхатини босқичма-босқич қисқартириш муҳим йўналиш бўлди. 2017 йилда 21 турдаги товар ва хизматлар тартибга солиниши керак бўлган бўлса, 2024 йилга келиб 10 дан зиёд маҳсулот тури, жумладан, буғдой, нон, пахта маҳсулотлари ҳамда бир қатор коммунал ва ахборот хизматлари тартибга солинишдан озод этилди. Бу рақобатни ривожлантириш ва хусусий етказиб берувчилар учун имкониятлар очди.
Солиқ ислоҳоти ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг марказий элементига айланди. 2020 йилда тизимни соддалаштириш, фискал юкни камайтириш ва маъмуриятчиликни рақамлаштиришга қаратилган Солиқ кодексининг янги таҳрири қабул қилинди.
Шу каби йиғимларни бекор қилиш ва бирлаштириш орқали солиқ турлари 16 тадан 9 тага қисқартирилди. Инфратузилма солиғи, давлат жамғармаларига ажратмалар ва ортиқча фойда солиғи камайтирилиб, бошқа солиқлар – нефть маҳсулотлари истеъмоли солиғи ва ягона ер солиғи билан бирлаштирилди.
Шу билан бирга, асосий солиқлар бўйича ставкалар пасайтирилди:
- Қўшимча қиймат солиғи: 20 фоиздан 12 фоизгача,
- Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи: 22,5 фоиздан 12 фоизгача (ягона ставка),
- Ижтимоий солиқ: 25 фоиздан 12 фоизгача,
- Айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз (илгари 5 фоиз) даражасида белгиланди.
Бу меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юкини 1,5 баравар камайтириш имконини берди.
Ставкалар пасайтирилганига қарамай, солиқ тушумларининг ЯИМдаги улуши базанинг кенгайиши ва ихтиёрий тўловларнинг ўсиши ҳисобига 2017 йилдаги 13,5 фоиздан 2024 йилда 18,9 фоизгача ошди.
2025 йилдан бошлаб ҚҚС ва даромад солиғи ставкалари жорий даражада 3 йил муддатга белгиланди, бу эса бизнес учун барқарорлик ва олдиндан кўриш мумкинлигини таъминлайди.
Бизнесни тартибга солишни оптималлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади:
- 114 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилинди;
- мажбурий лицензияланиши керак бўлган 33 та фаолият тури бекор қилинди;
- рухсат ҳужжатларини олиш муддати икки баравар қисқартирилди.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилди (2023 йилдан “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖга айлантирилди), у орқали 2017-2023йилларда жами 17 трлн сўмлик 47 мингта кичик ва ўрта бизнес лойиҳаси молиялаштирилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, 2017 йилдан буён амалга оширилаётган янги иқтисодий йўналиш барқарор ўсиш, хусусий секторни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви учун мустаҳкам замин яратди. Олиб борилган ислоҳотлар очиқ ва олдиндан билиш мумкин бўлган ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга, мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш