Аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида юртимиз соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ трансформация қилинмоқда. Бунинг натижасида соҳада сезиларли ютуқларга эришиляпти.
2017 йилда Ўзбекистон Республикасида ўртача умр кўриш давомийлиги 73,7 ёшни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 75,1 ёшга етди.
Ўтган саккиз йил давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар ҳажми 2,6 марта ўсиб, 1,7 трлн сўмдан 15,9 трлн сўмга етди. 2017-2024 йилларда шифохоналар сони 837 тага ёки 2017 йилга нисбатан 74 фоизга ортиб, 2024 йилда 1 972 тага етди, шифохоналардаги ўринлар сони эса 2017 йилдаги 135,7 мингдан 179,9 мингга ёки 32,3 фоизга ошди.
2017 йилда шифокорлар сони 85,4 минг нафарни, ўрта бўғин тиббиёт ходимлари 348,2 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2017-2024 йилларда улар сони мос равишда 26 ва 2 фоизга ошиб, 2024 йил якунига мамлакатимизда 107,5 минг нафар врачлар ва 353,8 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари фаолият олиб бормоқда.
Оналар, янги туғилган чақалоқлар ва болаларга ҳудудларда самарали перинатал, неонатал ва педиатрик хизматлар олиш имкониятларини яратиш ва минтақавий перинатал марказларни такомиллаштириш чоралари кўрилди.
Соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ҳар 100 минг туғилган чақалоққа нисбатан оналар ўлими 1,4 марта, 5 ёшгача болалар ўлими ва неонаталь ўлимлар 1,2 мартага камайишига эришилди.
Бирламчи тиббий-санитария муассасалари штат жадвалига патронаж ҳамшираси лавозими киритилиб, патронаж кўриклари мақбуллаштирилди, янгиланган мақсадли патронаж тизими жорий қилинди. Умумий амалиёт шифокори мутахассислиги оилавий шифокор этиб қайта номланиб, хизмат вазифалари ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди.
Ҳудудларда 105 та оилавий шифокорлик пунктлари, 31 та оилавий поликлиника ва 1000 дан ортиқ маҳалла тиббий пунктлари ташкил этилиб, бирламчи тиббий санитария муассасалари сони 2 086 тадан 3 522 тага оширилди. Бунинг натижасида 4,5 млн нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш яқинлаштирилди. Маҳаллаларда 1 нафар оилавий шифокор ҳамда 4 нафар ёрдамчи ҳамширадан иборат 18 мингдан зиёд тиббий бригадалар фаолият кўрсатмоқда.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида аҳолини профилактик кўриклардан ўтказиш кенгайтирилиб, 18–40 ёшли 6,5 миллиондан зиёд фуқаро кўрикдан ўтказилди, 40 ёшдан катта 5,9 миллион аҳоли юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабет бўйича скринингдан ўтказилди. 733 мингдан ортиқ фуқаро сил касаллиги бўйича текширилди ва 1,5 минг ҳолат аниқланди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янгича тизими республиканинг 15 та туманида жорий этилди. Янгича тизим доирасида, 3,6 млн нафари аҳоли билан оилавий шифокор ўртасида электрон битим тузилди. Шифокорларнинг базавий ойлик маоши 6,5 млн сўмдан, ҳамшираларники 4 млн сўмдан ошди.
Даволаш сифати ва самарадорлиги алоҳида эътибор талаб қилади. Шу мақсадда 2 мингдан зиёд мутахассис хорижда қайта ўқитилди. Натижада ҳудудлардаги юқори технологик операциялар улуши 61 фоизга етди. 43 та йўналишдаги 191 та клиник протокол халқаро андозалар асосида янгиланди.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар натижасини одамлар, энг биринчи навбатда, тез тиббий ёрдам хизматидаги ижобий ўзгаришларни кўрганда ҳис қилади. Ўтган 8 йил давомида автотранспорт воситаларининг 80 фоизи янгиланиб, 2 224 та энг замонавий автомашиналар фойдаланишга топширилди. 2017 йилда атиги 24 та бўлган реанимобиллар сони 2024 йилнинг айни даврига келиб, 577 тага етказилди.
Уларнинг: 227 таси "Ford", 216 таси "Hyundai", 46 таси "Toyota", 88 таси "Nissan" каби замонавий автотранспорт воситаларидир.
Шунингдек:
- тез тиббий ёрдам шахобчалари сони 818 тадан 1 766 тага, бригадалар 1 648 тадан 2 857 тага кўпайди, “Тез ёрдам”нинг хизмат кўрсатиш радиуси икки баробарга, 25-30 км.дан 9-12 км.га қисқарди, тизимдаги барча автотранспорт воситалари GPS-трекер билан таъминланди ва тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилди;
- ҳудудларда 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилди;
- битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағлар миқдори 16 бараварга, дори-дармон турлари эса 20 тадан 45 тагача оширилди.
Шошилинч тиббий ёрдам хизмати томонидан 7 миллиондан зиёд чақириқлар таъминланди.
Сўнгги саккиз йил давомида тиббиёт йўналишида хусусий сектор улушини ошириш, нодавлат тиббиёт муассасалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.
Натижада, 2017 йилда хусусий шифохоналар сони 3 237 тани ташкил этган бўлса, бугунга келиб, уларнинг сони 6 391 тага етди. Тиббиётнинг нодавлат секторида ихтисослик турлари 50 тадан 225 тага кўпайди. 2 346 та амбулатор ва 808 та стационар шароитда фаолият олиб борадиган янги хусусий шифохоналар ташкил этилди.
Ихтисослашган тиббий хизмат халққа янада яқинлашмоқда. Хусусан, кейинги 7 йилда Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони — 10 тадан 25 тага, уларнинг ҳудудий филиаллари 2 тадан 269 тага етказилди. Касалликларни даволаш самарадорлигини ошириш мақсадида 2017-2024 йилларда диагностика усуллари — 70 тадан 550 тага, даволаш усуллари — 60 тадан 800 тага кўпайди. Ҳудудларда юқори технологик операциялар улуши 61 фоизга етказилиб, пойтахтга келиб даволаниш кўрсаткичи 24 фоизга қисқарди.
Ихтисослашган марказлар ва филиалларда бу йил 100 минг бемор имтиёзли йўлланма асосида даволанди. 7 та ихтисослашган марказ сифат назорати бўйича халқаро аккредитациядан ўтди.
Тиббий таълим йўналишида ҳам сезиларли натижалар қўлга киритилди. Давлатимиз раҳбарининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2024 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди. Унинг барча мавжуд 10 та бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура, клиник ординатура ва малака ошириш мутахассисликлари бўйича жами 19 та таълим дастурлари Бутунжаҳон тиббий таълим халқаро стандартларига мос деб топилди.
Тиббиёт соҳасига кадрлар етиштириб бериш мақсадида бугунги кунда 73 та жамоат саломатлиги техникумлари, 10 та давлат ва 2 та хорижий тиббий олий таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда.
32 хорижий профессор-ўқитувчи жалб этилди, юзлаб мутахассислар хорижда малака оширди, 23 мингдан зиёд шифокор ва 53 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари малака ошириш курсларини якунлади.
Чилонзор Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми негизида Ҳамширалар академияси ташкил этилди. Мазкур муассаса қошида Туркиянинг соғлиқ билимлари университети факультети ҳам очилди.
Бундан ташқари, 2024 йилда Болалар миллий тиббиёт маркази JCI сертификатини олди. Бу эса ушбу шифохонада тиббий хизматлар сифати ва беморлар хавфсизлиги энг юқори халқаро стандартларга жавоб беради, дегани. Ушбу марказ мутахассислари томонидан йилига 6 минга яқин мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётлари юксак маҳорат билан ўтказилмоқда.
2024 йилда 2 мингдан зиёд мутахассис хорижда қайта ўқитилди. Натижада ҳудудлардаги юқори технологик операциялар улуши 61 фоизга етди. 43 та йўналишдаги 191 та клиник протокол халқаро андозалар асосида янгиланди.
Тиббиёт соҳасидаги ютуқларимиз натижасида юртимизга келаётган тиббий туристлар сони ҳам ортиб бормоқда. Жумладан 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида 81,7 минг нафар беморлар даволаниш мақсадида республикамизга келишган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,3 минг нафарга ёки 80,2 фоизга ошган.
Соҳани рақамлаштириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, My.gov.uz порталида 25 та турдаги хизматлардан фойдаланиш мумкин. Жорий йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон платформасининг “Вазиятлар маркази” очилди. DMED электрон тизими ва фуқаролар учун мобил дастури ишлаб чиқилди. Миллий клиник протоколлар электрон тизим орқали амалиётга жорий этилди, электрон йўлланмалар, электрон навбат ва рецепт тизими йўлга қўйилди, Юнусобод тажрибаси асосида давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ҳамда дорихоналар интеграция қилинди, аҳоли электрон тиббий карталари шакллантирилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш